20:46 / 02.09.2022
69676

Бошда олиб юрилган бомба: Сирдарёда портлаган автобус сабоқ бўлиши керак

Автомобилларга ўрнатилган газ баллонларнинг портлаши бу арзон ёнилғи тури хавфли экани борасида саволларни вужудга келтирмоқда. Бугун сиқилган газ тўлдирилган баллонларнинг хавфлилик даражаси, ундан фойдаланиш ҳақида ҳикоя қиламиз.

Фото: Kun.uz

Сўнгги пайтларда автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг портлаши ҳақида бот-бот хабарлар янграмоқда. Бундай воқеаларда инсонларнинг ҳалок бўлаётгани эса ниҳоятда ташвишланарли ҳолдир.

Масалан, шундай кенг кўламли фожиаларнинг сўнггиси 2022 йил 18 август Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида содир бўлди. Хоразм вилояти Боғот туманидаги автомактабга (!) тегишли «Isuzu» русумли автобус АГТКСдан газ тўлдириб чиққан вақтда унга ўрнатилган газ баллонлари бирида портлаш содир бўлган. Ҳодиса оқибатида 6 киши воқеа жойида вафот этган ва 15 киши тан жароҳати олган.

Сирдарёда портлаган «Isuzu» автобуси. Фото: ФВВ матбуот хизмати

2018 йилнинг 18 сентябрида Бухоронинг Когон туманида ҳам «Isuzu» автобусдаги газ баллони портлаши натижасида 26 йўловчидан 4 нафари ҳодиса жойида ва 1 нафари шифохонада вафот этган эди. Яна 21 нафар йўловчилар турли даражада тан жароҳати олишган.

Албатта, бундай воқеалар кишида хавотир уйғотади. Чунки кўпгина шаҳарларимизда автобуслар ўзимизда ишлаб чиқариладиган ноқулай «Isuzu» экани ва уларнинг деярли барчаси сиқилган газда ишлаши, барчасининг том қисмига газ баллонлар ўрнатилгани, бундай баллонларнинг кутилмаганда портлаши мумкинлиги кўплаб қурбонлар келтириб чиқариши ҳар қандай кишида хавотир уйғотиши табиий.

АГТКСларда газ тўлдираётган ёки ҳаракатланиши асносида портлаш содир бўлган енгил автомобиллар ҳақидаги хабарлар деярли ҳар ҳафта тарқалмоқда.

Хўш, метан баллонлар хавфсизлик талабларига жавоб берадими? Умуман, жамоат транспортларида автомобилнинг конструкциясига ўзгартириш киритиб, ушбу ёқилғи туридан бехавотир фойдаланса бўладими?

Автомобилларнинг ёппа метан ёқилғисига ўтиши — автобензин нархининг қимматлиги ва беқарорлиги билан боғлиқ. Қиш фаслида метан ёқилғисининг узилиши, АГТКСларда узундан узоқ навбатлар пайдо бўлиши, машиналарнинг дам-бадам портлаётгани ҳақидаги хабарлар ҳам одамларни чўчитмаяпти. Чунки 100 км йўл учун сарфланган метан ёқилғиси нархи бензинга кўра 4–5 баробарга арзонроқ.

Шу сабабли юк машиналарини қўя турайлик, маҳаллий ва шаҳарлараро йўналишларда қатновчи автобуслар ва таксилар тўлиқ газда юради.

Метан баллонларнинг турлари

Компрессор станцияларида катта босим остида сиқилган табиий газ (СТГ) ҳайдаладиган баллонларнинг 4 та тури бўлади.

СТГ-1 типидаги баллонлар 6–8 мм қалинликда тўлиқ металл корпусга эга бўлади, пайвандлаш чокига эга бўлмайди.

СТГ-2 типидаги баллонлар ҳам юпқароқ металл корпусга эга бўлади ва унинг цилиндрик қисми смолаланган жгут ипи билан ўралган бўлади. Бундай баллонлар СТГ-1 типидаги баллонлардан енгилроқ бўлади.

СТГ-3 типидаги баллонлар алюминий корпусга эга бўлади ва унинг бутун танаси смолаланган жгут ипи билан ўралади. У СТГ-2 типидаги баллондан ҳам енгилроқ бўлади.

СТГ-4 типидаги баллонлар металл танага эга бўлмайди ва бутун танаси тўлиқ композит материалдан тайёрланади. Бундай баллонлар ўзининг ниҳоятда енгиллиги, бироқ ўта қимматлиги билан ажралиб туради.

СТГ-2 ва СТГ-3 типидаги баллонлар халқимиз орасида «скотч баллон» ёки «капрон баллон» номи билан машҳур. Белгиланган қоидаларга кўра, Ўзбекистонда фақат СТГ-1 типидаги — тўлиқ металл танали баллондан фойдаланишга рухсат берилган. Қолган типдаги баллонлардан фойдаланиш тақиқланган: уларни олиб кириш, реализация қилиш ва машинага ўрнатиш мумкин эмас.

Нисбатан хавфсиз ва мустаҳкамроқ бўлган СТГ-2 ва СТГ-3 баллонларининг юртимизга олиб кириш ва фойдаланишга жорий этилган тақиқ Ўзбекистонда бундай баллонларни синовдан ўтказишга ихтисослашган станциялар йўқлигида экан.

Металл корпусли баллонлар СТГ-1 баллонлар нуқсон бўлганда фақат марказий цилиндрик қисмидан ёрилиши мумкин. СТГ-2 ва СТГ-3 типидаги баллонлар эса агар смолаланган жгутли қопламаси олиб ташланса, бутун танаси бўйлаб ёрилиб, қисмлар (осколкалар)га ажралиб, катта зиён етказиши мумкин экан.

Метан баллонлар қаерда ишлаб чиқарилади?

Одамлар орасида ўзбекистонда метан баллонлар ишлаб чиқариш ва сотиш борасида ҳам монополия ўрнатилган, хориждан арзон ва сифатли баллонлар импортига тақиқ бор, деган фикр мавжуд.

Аммо Ўзбекистонда СТГ-1 туридаги баллонлар ишлаб чиқариладиган бир эмас, учта корхона бор. Уларнинг энг йириги Қўқон шаҳрида жойлашган «SHAFFOF METAN SANOAT» МЧЖ қўшма корхонасидир.

Ушбу қўшма корхонада йилига турли ҳажмлардаги 250-300 минг дона СТГ-1 туридаги баллонлар ишлаб чиқарилади.

Аниқлаган маълумотларимизга кўра, Ангрен ЭИЗда жойлашган «MILLIY METALL SANOAT» МЧЖда ҳам йилига 26 мингта ва Навоий ЭИЗда жойлашган «KU-UNG CYLINDER» МЧЖ қўшма корхонасида йилига 6 минг дона СТГ-1 туридаги баллонлар тайёрланади.

UzAuto Motors ва SamAuto корхоналари ўзлари ишлаб чиқарадиган машиналар учун хориждан (Италиядан) СТГ-1 типидаги баллонлар импорт қилади.

Умуман, Ўзбекистон автобозоридаги жами баллонларнинг 20 фоизи импорт қилинади. Авто ишлаб чиқарувчиларимиз хариди ҳам шунинг ичида. Уларнинг харидидан ташқаридаги баллонлар асосан Хитойдан кириб келади. Уларга 10 фоизлик бож ўрнатилган.

Бож ўрнатилганига сабаб, Ўзбекистонда бундай баллонлар ясаш учун чоксиз металл қувурлар Хитой давлатидан импорт қилинади. Хитой бундай ярим тайёр маҳсулотлар экспорти учун ҚҚС жорий этиб, пандемия даврида тайёр маҳсулот экспорти учун ҚҚСни бекор қилган. Натижада, Хитойда ишлаб чиқарилган тайёр баллонлар нархи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган баллонлардан арзонроқ бўлиб қолган ва бу миллий ишлаб чиқарувчиларимиз зарар билан ишлашига сабаб бўлган. 10 фоизлик бож нархларни бироз мувозанатга келтирган. Чунки тайёр баллонлар импорти тўхтамаган, давом этмоқда.

Метан баллонларга ишонса бўладими?

«SHAFFOF METAN SANOAT» МЧЖ қўшма корхонаси менежери Ризамат Усмоновнинг айтишича, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган СТГ-1 типидаги баллонлар мутлақо хавфсиз. Чунки баллонлар қоидаларда белгиланган талаблар, E11 Euro стандарти бўйича барча технологик процессларга риоя қилинган ҳолда тайёрланади.

Ризамат Усмонов, «SHAFFOF METAN SANOAT» МЧЖ қўшма корхонаси менежери

Корхонада баллонлар 7,7–8,8 мм қалинликдаги, 232, 356, 406 мм диаметрли чоксиз қувурлардан тайёрланар экан. Уларнинг сиғими баллон диаметрининг катта-кичиклиги ва узунлигига қараб 30, 65, 70, 75, 80, 85, 90, 100, 120, 130, 140, 150 литр бўлади.

Қувурнинг икки томони кавшарланиб беркитилади. Шунингдек, баллонлар 300 атмосфера босимда сув парида, 200 атмосферада ҳаво билан синалади.

Баллонларнинг сув ва ҳаво ёрдамида синалиши

Баллонлар 200 донадан партия қилиб тайёрланади.Р.Усмоновнинг айтишича, баллоннинг энг заиф жойи цилиндрсимон қисми бўлади. Шу сабабли турли партиялардаги баллоннинг цилиндрсимон қисми кесиб олиниб, текширишдан ўтказилади. Шунингдек, ҳар бир партиядан 2 дона баллон белгиланган меъёрдан 2,5 баробар кўпроқ босим — 500 атмосфера остида ёрилишга синалади.

Р.Усмоновнинг айтишича, корхона ишлаб чиқарган баллонлар билан бор-йўғи бир марта бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Шунда ҳам баллондаги нуқсон туфайли эмас, аввалги автомобилидан ечиб олинган баллоннинг бошқа автомобилга хавфсизлик техникаси талабларига риоя қилинмасдан ўрнатилгани воқеага сабаб бўлган. Воқеада ҳеч ким жабрланмаган.

Корхонада автобуслар учун ишлаб чиқариладиган баллонлар ниҳоятда пишиқ ва ишончли. Чунки автобус томига ўрнатиладиган бундай баллонларнинг диаметри кичик, девори эса қалин. Бу хусусият катта диаметрли баллонларга нисбатан уларнинг мустаҳкамроқ бўлишини таъминлайди. Қолаверса, бундай баллонлар 500 атмосферагача ҳаво юборилиб, синалар экан.

Унда нега баллонлар портламоқда?

Аслида, баллонга тўлдирилган сиқилган табиий газ (СТГ)нинг ўзи эмас, хавф унинг баллон ичида жуда юқори босим остида турганида. Белгиланган меъёрларга кўра, СТГнинг ишчи босими 20 МПа (197,38 атмосфера) босимдан ошмаслиги керак. Балким норматив ҳужжат фақат рус тилида бўлгани сабабдир, бунга айрим АГТКСларда амал қилинмайди.

Кўпинча АГТКСларда енгил машиналар баллонга белгиланган босим (20МПа = 200 атмосфера)дан ортиқ газ солдиргани учун, баллон юқори босимга дош бера олмасдан портлайди. Мутахассисларнинг айтишича, катта йўл ёқасидаги АГТКСлар мижоз учун талашиб, белгиланган меъёрни бузиб, каттароқ босим остида баллонга кўпроқ газ ҳайдаб беришади. Натижада, бунақа жойда «заправка» қилган автомобил кўпроқ километр босади, «баракали метан заправка»нинг довруғи таксичилар ва бошқа ҳайдовчилар ўртасида тез тарқалади.

Ҳайдовчилар орасида ҳамон СТГ-2 типидаги — «капрон» баллонлардан фойдаланаётганлари ҳам бор. Улар баллоннинг цилиндрик қисмини боғлаб турувчи смолалаган жгутларни қириб олиб ташлаб, жойини шпаклёвка билан суваб, қизилга бўяб қўйишади. Ўз-ўзидан тушунарлики, бундай баллонлар ҳеч қачон синовдан ўтказилмайди. АГТКСларда баллонга газ тўлдириш жараёни машинанинг олд капоти очилиб амалга оширилиши туфайли, ҳеч ким орқа юкхонада турган бундай баллонларга эътибор ҳам бермайди.

АГТКСларда газ тўлдириш жараёни тугаб бўлганидан сўнг ҳам, айрим ҳайдовчилар «яна бир бошқатдан ҳайданг», деб талаб қўйишади — баллонга кўпроқ газ кетиши учун.

Ўзининг ва атрофидагиларнинг ҳаётини бор-йўғи 2–3 миллион сўмга алмаштираётган бундай ҳайдовчиларни тушуниш қийин. Чунки бирор кор-ҳол рўй бериб, баллон портласа — ўзи ва ўзгалар ҳаётига хавф солади, автомашина яроқсиз ҳолга келади.

Шунингдек, айрим юк автомобиллари ва автобуслар стандартга жавоб бермайдиган, кислород баллонларига ҳам метан газга мослаштириб ўрнатиб олганига гувоҳ бўлиш мумкин. (Сирдарёда портлаган автобус баллонлари ҳам 2010 йилда Хитойда ишлаб чиқарилган, кислородга мослашган баллон бўлган).

Метанга мослаштирилган кислород баллонлари

Баллонга белгиланган меъёрий босим остида сиқилган газ урилиши натижасида унинг деворлари кенгаяди, қолаверса қишнинг совуғи ва ёзнинг жазирамаси ҳам металлга ўз таъсирини кўрсатади. Бу омиллар металлнинг «чарчаши»га сабаб бўлади. Юқорида айтиб ўтилган истеъмолга яроқсиз баллонларга кўп газ солиниши натижасида унинг чоклари заиф жойидан ёрилиб кетиши ҳам бу нохуш ҳодисаларга сабаб бўлади.

Синов ишлари хўжакўрсинга ташкил қилинган

Ўрнатилган талабларга кўра, синовдан ўтказиш муддати СТГ-1 баллонлари учун 3 йил, суюлтирилган нефт гази (СНГ), яъни пропан баллонларга 2 йил қилиб белгиланган.

Металл баллонлар фойдаланиш муддати ишлаб чиқарувчи завод томонидан ўрнатилади, бироқ СТГ-1 типидаги баллонлар учун 15 йил ёки 15 мингта тўлдириш цикли, СНГ баллонлар учун ҳам 15 йилдан ошмаслиги керак. Бу муддат ўтганидан сўнг баллонлар утилизация қилиниши керак.

Ҳозир синов станциялари томонидан шунчаки синов далолатномаси тузилиб, имзоланиб, муҳрланиб, ҳайдовчининг қўлига тутқазилади. 50-60 минг сўм эвазига. Яъни аксарият ҳоллатда баллонлар синалмайди, синов далолатномаси пулланади. Синаш ишлари 250–300 минг сўмга айланади. Кўпинча ҳайдовчиларнинг ўзи арзонроққа ҳужжат «сотиб олиш»ни маъқул кўришади. Яъни соҳада коррупция ҳам илдиз отган.

Баллонлар синовдан ўтказилганини ЙПХ ходимлари назорат қилишади. Албатта, бу чоралар етарли эмас.

Ўзбекистон дунёда автотранспорт воситаларининг метан ёқилғисига ўтказилиши бўйича биринчи ўринда туради. Очиғи, меъёрий ҳужжатларимиз метанлашиш бўйича ҳали жуда ортда бўлган Россия Федерациясиникидан шундоққина кўчириб қўйилган. Шу сабабли, бу борада ўзимизга хос, ўзимизга мос талаблар ўзбек тилида тайёрланиб, тарғиб қилиниши керак.

Айни пайтда СТГ-1 туридаги баллонлар, (айниқса, метан баллонлар) ҲАР ЙИЛИ синовдан ўтказилишини белгилаш керак. Бу, айниқса, йўловчи ташишга ихтисослашган жамоат транспортлари ва таксилар орасида қатъий назорат қилиниши керак. Чунки юқорида бот-бот такрорланаётганидек, ўртада инсонлар ҳаёти ва саломатлиги турибди.

Баллонларни синаш ишига жиддий қараш керак

Аслида, синов ишларини тартибга солиш у қадар қийин эмас. Барча қайдлар автоматлаштирилса ва компьютерлаштирилса бас. Синовдан ўтказган корхона автомобил рақамини, баллон(лар)нинг серия рақамини ва синов ўтказилган санани компьютерда қайд этиб борадиган тизим яратилиши керак.

Синов муддати яқинлашаётгани ёки ўтиб кетгани ЙПХ инспекторларининг планшетида худди техник кўрик, суғурта, ишончнома маълумотлари каби кўриниб турсин. Синов муддатини ўтказиб юборган автомашиналар жарима майдончасига киритилиши қатъий белгилаб қўйилиши лозим. Бирор кор-ҳол рўй берадиган бўлса — синовдан ўтказган корхонага ҳам чора кўрилиши лозим.

Ана шунда кўзбўямачилик билан баллонларни синовдан ўтказмасдан, ҳужжат бериб юборилишига барҳам берилади.

АГТКСлар ҳам қатъий назоратга олиниши керак

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари белгиланган меъёрий босим (180-200 атмосфера) дан ортиқ газ тўлдиргани учун ҳам жавобгарлик белгиланиши керак — токи лицензиясидан маҳрум қилишгача бўлган.

АГТКСлар метан тўлдириш учун келган машиналарни текширувдан ўтказиш ишига панжа остидан қарашмоқда. Даромад ортидан қувиб, кўпроқ мижоз йиғиш учун уларнинг баллонларига меъёрдан ортиқ — 220–250 атмосфера босими остида газ тўлдириб беришмоқда. Бу эса хавфни янада оширмоқда.

Тан олиш керак, бу ҳолатни назорат қилиш ниҳоятда қийин. Юртимиздаги юзлаб метан заправкаларни айланиб, «назорат хариди»ни амалга ошириб ҳам барҳам бериб бўлмайди. Чунки кўплаб АГТКСлар ўз мижозларини таниб олган. Ортиқча босим билан ўшаларга ҳайдаб беришади. Қолаверса, ортиқча босим билан газ тўлдиришдан айрим беўй ҳайдовчиларнинг ўзлари манфаатдор.

Хуллас, ҳаммаси ҳайдовчиларнинг ўзига боғлиқ

Метан — арзон ва экологик тоза ёқилғи ҳисобланади. Қолаверса, у ўзимизда қазиб олинадиган табиий газ. У мутлақо хавфсиз, заҳарли эмас. Яъни асосий хавф метаннинг ўзи эмас, у солинган идиш — баллондан. Белгиланган қоидаларни қўпол тарзда бузиб ўрнатилган газ баллони эҳтимолли хавф-хатар манбайи бўлади.

Шу сабабли, автомобилга метан баллон ўрнатишда, таниқли ишлаб чиқарувчининг автоматик вентилига эга сертификатланган баллон ўрнатилаётганига амин бўлиш керак. Баллоннинг ўрнатилиши ва жойига қотирилиши йўриқномага мослигини текширинг.

Унутманг, элементар фойдаланиш ва текшириш қоидаларига тупуриб қўйган ҳайдовчи эҳтимолли фожианинг асосий сабабчиси ҳисобланади. Яъни йўлларда хавф-хатарсиз ҳаракатланиш ҳайдовчининг ўз қўлида.

Шу ўринда яна бир фикр. Мақоламизни йўловчиларнинг ўлимига сабаб бўлган автобусларнинг портлаши билан боғлиқ ҳодисалардан бошладик. Секин-аста, шаҳар ва туманларимизда аҳолига хизмат кўрсатадиган, метан ёқилғисида юрувчи автобуслар хизматидан воз кечиш керак. Нотекис, ўнқир-чўнқир йўлларда юриш, саратоннинг жазирамасида қуёшнинг тиғида туриши ҳам баллонларнинг ҳолатига таъсир қилишини унутмаслик керак. Чунки металл қишнинг совуғида тораяди ва иссиқда кенгаяди.

Мана шуларни эътиборга олиб, аллақачон экологик тоза электробусларга ўтиш, троллейбуслар ва трамвайларни қайта тиклаш фурсати келган.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Top