18:25 / 22.04.2024
7472

«Метан-шохобчаларда газ нархи 1 майдан ошмайди» – Энергетика вазирлиги масъули

Энергетика вазирлиги матбуот котиби агар шу вақт оралиғида қайсидир ҳудудда АГТКСлардаги газ нархи оширилса, фуқаролардан Бош прокуратура ва Ўзэнергоинспекцияга мурожаат қилишни сўради.

1 майдан Ўзбекистонда электр энергияси ва табиий газ учун янги тарифлар кучга киради. Унга кўра, 2024 йил 1 июнидан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ) учун 1 куб метр табиий газ 1800 сўмдан етказиб берилади. Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаевнинг 22 апрел куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманда маълум қилишича, метан заправкаларда нархлар 1 июнга қадар ошмайди.

«1 майдан автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида нарх оширилмайди. Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 март куни қабул қилинган 173-сонли қарорига кўра, метан заправкаларда сотиладиган 1 куб метр табиий газнинг нархи қатъий белгилаб берилган. Бу 1 июн санасига қадар 3350 сўмни ташкил қилади», – деди у.

Ҳасан Тошхўжаев агар қаердадир нарх ошадиган бўлса, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тегишли органларга мурожаат қилишларини сўради. Унинг таъкидлашича, бош прокуратура, Ўзэнергоинспекция ходимлари мазкур масала билан жиддий шуғулланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги "Ёқилғи энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига 1 куб метр табиий газ 1 майдан 1500 сўмдан, 1 июндан эса 1800 сўмдан етказиб берилади. Шунингдек, метан АГТШларга 2025 йил 1 апрелдан газ 2500 сўмдан етказиб берилиши белгиланган.

Top