12:59 / 12.12.2022
25835

Венгрия банки “Ипотекабанк”ни сотиб олмоқда

Ўзбекистондаги бешинчи йирик банк бўлмиш “Ипотекабанк” хусусийлаштирилмоқда. Компаниядаги давлат улуши тўлиқ Венгриянинг OTP банкига сотилиши бўйича битим имзоланди. Битим нархи ҳозирча очиқланмади. Акцияларнинг 75 фоизлик дастлабки пакети учун 2023 йил биринчи ярмида тўлов қилинади.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати

12 декабр куни Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати ва Венгриянинг OTP банки билан “Ипотекабанк”ни хусусийлаштириш бўйича битим имзоланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

OTP Bank Ўзбекистон Молия вазирлигига тегишли 100 фоиз акцияларни (жами акцияларнинг қарийб 97 фоизи) икки босқичда сотиб олади. Дастлаб, 2023 йилнинг биринчи ярмида акцияларнинг 75 фоизи, уч йилдан сўнг қолган 25 фоизи хусусийлаштирилади.

“Ипотекабанк” бошқарув раиси Элёр Иномжонов битим нархига оид саволга жавобан, ҳозирча битимнинг баъзи пунктларини ошкор эта олмаслигини айтди.

“Транзакция бўйича пул келиб тушгандан кейин нархини очиқлаш имконияти бўлади”, – деди у.

Иномжоновга кўра, бу хусусийлаштириш молия-банк тизими ривожланишига қўшимча туртки беради.

“OTP банкининг салоҳияти, янги хизматлар сифати ва тажрибаси юқори. Бу жараён тўхтаб қолмайди, доимий давом этади. Ишонаманки, OTP банк келгандан келган банк тизимининг локомотови сифатида бошқа банклар ривожига ҳисса қўшади. Мақсадимиз – рақамлаштиришни янада ривожлантириш, мижозларга янада сифатли хизматлар кўрсатиш. Шу билан бирга, бу банк компакт банк ҳисобланади”, – деди у.

Маълум қилинишича, “Ипотекабанк” хусусийлаштирилгач, унинг номи ўзгаришсиз қолади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Венгриянинг OTP банки “Ипотекабанк”нинг 75 фоиз улушини сотиб олиши маълум бўлганди. Бу ҳақда Ўзбекистон биринчи иқтисодий форумида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров айтиб ўтганди.

Шундан кейин 2022 йилнинг апрел ойида Венгрия банки Украина-Россия уруши сабабли хусусийлаштириш бўйича тўловларни бир неча ойга ортга суриш учун мурожаат қилди.

Хусусийлаштириш жараёни 2022 йилнинг ноябр ойида тикланди.

Молия вазирлигига кўра, “Ипотекабанк” 8,5 фоиз бозор улуши ва 1,6 миллиондан ортиқ чакана мижозлари билан Ўзбекистондаги бешинчи йирик банк ҳисобланади.

Top