Жаҳон | 18:25 / 20.12.2022
7316
2 дақиқада ўқилади

Трампга қарши тўртта жиноий иш қўзғатиш тавсия этилди

АҚШ Конгресси собиқ президент Доналд Трамп жиноий жавобгарликка тортилиши керак, деб ҳисобламоқда.

Фото: Reuters

Демократлар бошчилигидаги қўмита Адлия вазирлиги Трампга қарши жиноий иш қўзғатишини бир овоздан ёқлади.

Трамп тарафдорлари 2021 йил 6 январ куни Конгрессга бостириб кириб, Жо Байденнинг президентлик сертификациясига тўсқинлик қилган эди. Капитолий биноси яқинида норозилик намойиши сифатида бошланган воқеа қуролли тўқнашув ва бинонинг эгаллаб олинишига айланди. Президент сайлови натижаларини бекор қилишни ва ғалабани Трампга беришни талаб қилган намойишчилар Капитолий қўриқлаш хизматини ёриб ўтиб, бинога бостириб киришди. Тўполон пайтида беш киши ҳалок бўлди. Капитолийдаги тартибсизликларда 900 дан ортиқ одам айбланган.

Трамп барча айбловларни рад этмоқда ва комиссияни «кенгуру суди» деб атади (инглизча идиома адолатсиз суд, кенгуру каби сакраб ўтадиган тез жараён деган маънони англатади).

АҚШ тарихида собиқ президентларнинг ҳеч бирига жиноят бўйича айблов эълон қилинмаган.

Тартибсизликлар тахминан 18 ой давомида тергов қилингандан сўнг, Вакиллар Палатасининг махсус қўмитаси душанба кунги йиғилишида Трампга нисбатан тўртта айблов қўйишни тавсия қилди:

  1. Қўзғолонга ундаш, исёнчиларга ёрдам ёки тасалли бериш;
  2. Расмий суриштирувга тўсқинлик қилиш;
  3. Қўшма Штатларни алдаш учун фитна уюштириш;
  4. Ёлғон баёнот учун фитна уюштириш.

Адлия вазирлиги прокурорлари Трампга жиноят иши қўзғатиш масаласини ўрганиб чиқмоқда, аммо Конгресс қўмитаси тавсиясига амал қилиши шарт эмас.

Комиссиянинг ҳаракатлари асосан рамзий маънога эга бўлса-да, раис таклиф этилаётган айбловларни «адолат сари йўл харитаси» деб баҳолади.

Мавзуга оид