Жаҳон | 17:05 / 24.12.2024
2057
2 дақиқада ўқилади

АҚШда сўнгги 4 йилда 749 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди

Бу даврда Ўзбекистоннинг 6226 нафар фуқароси турли ҳуқуқбузарликлар учун ушланган, улардан 749 нафари ҳибсга олинган.

Фото: AP

Сўнгги тўрт йил ичида Қўшма Штатларда Ўзбекистоннинг 6226 нафар фуқароси турли ҳуқуқбузарликлар учун ушланди. Бундай маълумотлар АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизматининг 20 декабр куни эълон қилинган ҳисоботида келтирилган.

Ҳисобот 2020 йил октябрдан 2024 йил 30 сентябргача бўлган даврни ўз ичига олади ва хорижликларнинг ушланиши, ҳибсга олиниши ва депортацияси ҳақидаги маълумотларни келтиради.

Хабарда айтилишича, бу даврда Ўзбекистоннинг 6226 нафар фуқароси ушланган, улардан 749 нафари ҳибсга олинган, 736 нафари эса мамлакатдан чиқариб юборилган. Ҳибсга олишлар ва депортациялар сабаби АҚШ қонунчилигининг бузилиши бўлгани айтилади, бироқ тафсилотлар ошкор этилмаган.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонга депортация қилинганлар сони йил сайин ошиб бормоқда. Жумладан, 2021 молия йилида Ўзбекистоннинг 21 нафар фуқароси Қўшма Штатлардан чиқариб юборилган бўлса, 2022 молия йилида бу кўрсаткич 55 нафарни, 2023 молия йилида 88 нафарни, 2024 молия йилида 572 нафарни ташкил қилган.

Охирги 12 ой ичида Қўшма Штатлар 271,5 минг кишини 192 давлатга депортация қилган, бу охирги ўн йилликдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Мавзуга оид