Жаҳон | 14:44 / 07.03.2023
6081
4 дақиқада ўқилади

БМТ аёллар ҳуқуқлари бўйича вазият кескин ёмонлашганини маълум қилди

Агар гендер тенглиги учун кураш худди шу суръатда давом этса, унга 300 йилдан кейингина эришилади, дея ҳисоблайди БМТ.

Фото: Anadolu agency

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш дунёнинг кўплаб мамлакатларида аёллар ва қизлар ҳуқуқлари кескин ёмонлашгани ҳақида огоҳлантирди. У 6 март, душанба куни БМТ штаб-квартирасида ҳар икки ҳафтада бир марта ўтказиладиган Аёллар мақоми бўйича комиссиянинг 67-сессияси очилишида аёллар ва эркаклар ўртасидаги тенглик «борган сари узоқлашиб бормоқда», деди. Гутерришнинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият ўтган ўн йилликларда эришган тараққиёт аломатлари «кўз ўнгимизда йўқолиб бормоқда» ва гендер тенглигига, агар у учун кураш шу суръатда давом этса, «300 йилдан кейин» эришиш мумкин.

Бутун дунёда хотин-қизлар ҳуқуқлари поймол қилинмоқда ва хавф остида қолмоқда, дея таъкидлади БМТ раҳбари оналар ўлимининг кўпайиши, қизларнинг таълим муассасаларидан четлатилиши ҳамда ёш турмушга чиқишини мисол тариқасида келтириб. Бу борада айниқса ноқулай вазият Афғонистонда, у ерда «аёллар ва қизлар жамоат ҳаётидан четлаштирилган», дея таъкидлади Гутерриш. «Кўп жойларда аёлларнинг жинсий ва репродуктив ҳуқуқлари поймол этилмоқда. Айрим мамлакатларда қизлар мактабга кетаётганда ўғирлаб кетилиши ва тажовузга учраши хавфи остида», - дейди у. 

Бундан ташқари, сайёра турли минтақаларида - Украинадан Саҳелгача бўлган инқироз ва можаролар, биринчи навбатда, аёллар ва қизларга таъсир қилади, деди у. Бундан ташқари, Гутерриш пандемия миллионлаб аёллар ва қизлар – ҳақ тўланадиган ишдан кетишга мажбур бўлган оналар, эрта турмуш қуришга мажбур бўлган вояга етмаган қизлар учун қандай оқибатларга олиб келганини эслатди. «Мен бу ерга баланд овоз билан ва аниқ айтиш учун келдим: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бутун дунё бўйлаб аёллар ва қизларни қўллаб-қувватлайди», деди у. 

«Асрлар давомидаги патриархат, дискриминация ва зарарли стереотиплар» илм-фан ва технология соҳасида эркаклар ҳамда аёллар ўртасида катта тафовут яратди, дея давом этди БМТ раҳбари. У бутун дунё бўйлаб ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ва бизнес вакилларини тенг ҳуқуқли таълим имкониятларини таъминлаш, малака ошириш ва «рақамли гендер тафовутини бартараф этиш»га сармояларни кўпайтириш учун «биргаликда ишлашга» чақирди. 

Аёллар мақоми бўйича комиссиянинг бу галги сессияси асосий мавзуси рақамли технологиялар ва аёллар ҳуқуқлари бўлди. «Оддий нарса: инсоният ижодий ғояларсиз фан ва технология соҳасида ўз салоҳиятининг фақат ярмини амалга оширади», — деди Гутерриш. У глобал тизим қизлар ва аёллар учун ишламаслиги ва шунинг учун у ўзгариши кераклигини таъкидлади. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбари дунё бўйлаб уч миллиард одам ҳали ҳам Интернетга кириш имконига эга эмаслиги ва уларнинг аксарияти ривожланаётган мамлакатлардаги аёллар ва қизлар эканини, кам ривожланган мамлакатларда эса аёлларнинг атиги 19 фоизи Интернетга кириш имконига эга экани ҳақидаги маълумотларни келтирди. «Биз дунёмиздаги «Силикон водийси» аёллар ҳуқуқларининг «Ўлими водийси»га айланишига йўл қўя олмаймиз», — дея қўшимча қилди у. 

Мавзуга оид