18:31 / 03.04.2023
26195

“Бу ягона ҳолат бўлмаслиги мумкин” – фаоллар Хоразмдаги зўравонлик воқеаси ҳақида

Хоразмда амалдорлар томонидан зўрланган қизлар воқеаси такрорланмаслиги учун ўзбек жамияти фаоллари таклифлар билан чиқишяпти. Ижтимоий ҳимоя бўйича алоҳида муассаса яратиш ва уларнинг таркиби ҳозиргидай кучишлатар соҳа вакилларидан иборат бўлмаслиги, болаларни қарамоғига оладиган оилаларни қўллаб-қувватлаш тармоғини яратиш кераклиги илгари сурилмоқда.

Фото: Getty Images

Хоразмда давлат амалдорлари меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига жинсий зўравонлик қилгани ва бу учун уларга 1,5 йил озодликни чеклаш жазоси қўллангани жамоатчиликни ларзага солди. Фаолларнинг кўпчилиги суд қароридан бутунлай норозиликларини билдирган бўлса, яна бир гуруҳи эса Ўзбекистонда боқувчиси йўқ болаларни ҳимоя қилиш тизими тўлиқ шаклланмагани ҳақида ёзмоқда.

Блогер, жамоат фаоли Азиза Умарова болаларни васийликка олиш масаласида халқаро стандартлар масаласида мутахассислар таклифларини ёзиб чиқди.

Унга кўра:

  • Зудлик билан ягона ёндашувга эга бўлган ижтимоий ҳимоя бўйича алоҳида муассаса яратиш лозим (ёки ҳеч бўлмаганда ҳозирги Бандлик, камбағалликни қисқартириш вазирлиги қошида агентлик сифатида. Вазирлик номини “Бандлик, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя” деб номлаган ҳолда).
  • Бу орган барча институционал, оилавий ҳимоя шаклларининг халқаро стандартларга мувофиқ назоратини ўз зиммасига олиши, болалар ҳуқуқлари ҳимоясини амалга ошириши даркор. Ходимлар ижтимоий-гуманитар йўналиш, соҳа вакиллари бўлиши зарур.
  • Республикада, вилоятда, туманда зарур штатга эга бўлган ижтимоий хизматлар жорий этиш лозим ҳамда уларнинг таркиби ҳозиргидай кучишлатар соҳа вакилларидан иборат бўлмаслиги керак.
  • Ижтимоий хизматлар ҳамжамиятлар даражасида фаолият юритиши зарур. Муассасалар ёпилишида пул маблағлари болалар жойлаштирилган оилаларга ўтказилиши керак.
  • Меҳрибонлик уйларини ёпишдан аввал болаларни қарамоғига оладиган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тармоғини яратиш мақсадга мувофиқ эди. Бу эса амалга оширилмади.

Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев ҳолат юзасидан Сенат, Олий Суд, Адлия, ФВВ ва Болалар Омбудсмани берган баёнотларни “сохта ачинишларга бой”, деб таърифлади. У блогер Ирина Матвиенко жиноят ҳақида 2023 йилнинг феврал ойи бошида Сенат мажлисида ҳаммага гапириб бергани ва бундан сенаторлар, Олий суд, Адлия вазирлиги ва бошқа кўплаб ташкилотлар вакиллари хабар топгач ҳам жиддий чора кўрилмаганини қоралаган.

Олий Суд ҳам, Бош прокуратура ҳам, Болалар Омбудсмани ҳам орадан шунча ой ўтган бўлишига қарамасдан бу ҳақида сукут сақлашган. Балки, ўзларича "мундир ҳурмати"ни сақлаган ҳолда давлат амалдорларининг бу шармандачилигини яширишгандир, ким билсин. Адлия ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эса тизими шарманда бўлмаслиги учун, бу хабарни беркитишдан манфаатдор бўлган. Сенат ҳам, Олий Суд ҳам, Адлия ва ФВВ ҳам, Болалар Омбудсмани ҳам бирданига ўзидан сипо ясаб олиб, ушбу воқеадан чуқур қайғуда эканлиги, ишни назоратга олишгани ҳақида бирин-кетин баёнотлар беришди.

Буларнинг барчаси сохта ачинишларга бой баёнотлар. Худдики ўзини ҳеч нарсадан хабари йўқдай тутиб, дўппи тор келиб қолганидан ноилож берилган баёнотлар. Агар ижтимоий тармоқларда одамлар қаҳр ва ғазаб сочмаганда эди, ушбу ташкилотлар икки дунёда ҳам бу воқеага эътибор қаратиб ўтирмасди”, – деб ёзган ҳуқуқшунос.

Таълим масалалари бўйича эксперт, собиқ “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши раиси Баҳодир Ғаниев ҳам воқеа бўйича ўз таҳлиллари ва хулосаларини эълон қилган. Эксперт фожианинг сабаблари деб оилавий меҳрибонлик уйлари ходимларини танлашда ва уларга болаларни беришда номзодларни текшириш тизими ишламагани, оилавий меҳрибонлик уйлари жойлашган маҳаллаларда маҳалла раиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчилари хабардор бўлмагани, ота-онасиз болалар ҳимояси ижтимоий масалалардан узоқ миллий гвардияга топширилгани бундай жиноятларда Болалар Омбудсманининг назорати жуда сустлигини кўрсатади.

«Бу каби муаммоларга олиб келаётган ёндашувни илдизи қаерда? Давлат хизматининг “давлат”лиги қолмаяпти. Мутахассисларнинг ўрнини лаганбардор лўттибозлар, айрим ҳолларда зўравонлар эгаллаб оляпти. Ҳалиги иккалови ҳам кимнингдир “садоқатли” шогирди бўлгандир”, – деб ёзади Ғаниев.

Эксперт бундай ҳолатлар олдини олиш учун ҳукумат нима қилиши кераклиги бўйича қуйидаги таклифларни илгари сурган.

  • 140 га яқин оилавий меҳрибонлик уйларини ўрганиб чиқиш керак, бу ягона ҳолат бўлмаслиги мумкин.
  • Ижтимоий ҳимояга қаратилган махсус орган яратиш. Етимлар, ногиронлар, айрим касалликларга чалинганлар билан ишлаш учун. Миллий гвардия эса ўз иши билан шуғуллансин.
  • Қонунчиликдаги тешикларни ёпиш. Жазо муддатлари, вояга етмаганларга оид суд жараёнлари назорати ва ҳ.к.
  • Мактаб психологларининг иши аслида жуда муҳим. Уларнинг малакасида ва маошида муаммо бор, иккаласи ҳам паст. Ёшлар ташкилотининг ҳам ишини мактабга қайтариш керак, маҳаллада тентираб юрибдилар.

Эслатиб ўтамиз, қаровсиз қолган болалар, аёлларнинг зўравонликка учраши Ўзбекистонда илк марта бўлаётгани йўқ. 2022 йилнинг ўзида Бухорода 9 ойлик чақалоқнинг буғдойзорга ташлаб кетилгани, Туркияга кетган аёлнинг 3 ёшли қизини уриб ўлдириб қўйган холаси, Тошкентда 70 ёшли аёл 96 ёшли онасини пичоқлаб ўлдиргани, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ишчиcи бўлган аёл ўзига бензин сепиб ёқиб юборгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ўшанда ҳам бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистонда профессионал ижтимоий ҳимоя тизимини тезроқ шакллантириш масаласини кўтаришганди.

Top