Жаҳон | 14:07 / 03.05.2023
7331
2 дақиқада ўқилади

Суданда етти кунлик оташкесим ҳақида келишувга эришилди

Тезлик билан ёмонлашаётган ҳуманитар вазият Суданда кескинликни пасайтиришни зудлик билан талаб қилмоқда, дея маълум қилди расмий Жуба. Можаро томонлари 4 майдан 11 майгача сулҳ режимига келишиб олди.

Фото: Marwan Ali/AP/dpa

Судан армияси раҳбарияти ва унга қарши бўлган Тезкор ҳаракат кучлари 4-11 май кунлари етти кунлик оташкесимга келишиб олди. Бу ҳақда Жанубий Судан ташқи ишлар вазирлигининг 2 май, сешанба куни тарқатган баёнотида айтилади.

Келишувга Жанубий Судан президенти Салва Киир минтақавий ташкилот - Ҳукуматлараро тараққиёт агентлиги (IGAD) вакили сифатида воситачи сифатида қатнашганидан бир неча кун ўтиб эришилган.

Тезлик билан ёмонлашаётган ҳуманитар вазият можаронинг кескинлигини пасайтиришни зудлик билан заруратга айлантирмоқда, дейилади баёнотда. 15 апрелда ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери 72 соатлик оташкесим бир неча бор келишилган, бироқ натижада кўплаб қонунбузарликлар қайд этилган.

Ўтган ҳафта охирида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тўқнашувларда 530 га яқин киши ҳалок бўлгани ва 4600 га яқин одам яраланганини маълум қилди. Бироқ, ҳақиқий кўрсаткичлар анча юқори бўлиши мумкин, дейди экспертлар.

Шу билан бирга, БМТ Халқаро миграция ташкилоти зўравонликларнинг янги авж олиши бошланганидан бери Суданда камида 334 000 киши ички кўчирилганини маълум қилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг Судан бўйича махсус вакили Фолькер Пертеснинг 1 май куни айтишича, Судандаги можаро томонлари ўз вакилларини Саудия Арабистонида бўладиган музокараларга юборишга келишиб олган.

Мавзуга оид