Жаҳон | 13:01 / 14.06.2023
6476
2 дақиқада ўқилади

БМТ: Дунёда қочқинлар сони 110 миллион кишига етди

2022 йилда бутун дунё бўйлаб қочқинлар сони 20 миллионга кўпайди, дея хабар берди БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги. Ҳарбий можаролар ўсишнинг асосий сабаби деб ҳисобланяпти.

Фото: Reuters

БМТ маълумотларига кўра, 2022 йилда можаролар, таъқиблар, зўравонликлар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши туфайли дунё миқёсида 108,4 миллион киши ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган, бир йил олдин бу кўрсаткич 20 миллион эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича олий комиссар бошқармаси томонидан 14 июнь, чоршанба куни эълон қилинган йиллик Глобал тенденциялар ҳисоботига кўра, 2023 йилнинг майига келиб, дунё бўйлаб қочқинлар сони 110 миллион кишига етиши мумкин.

Бу кўрсаткич кескин ўсишининг асосий сабаби Украинадаги урушдир. Украинадан қочқинлар сони 2021 йил охиридаги 27,3 мингдан 2022 йил охирига келиб 5,7 миллионга кўпайди. БМТ Қочқинлар бўйича комиссарлиги маълумотларига кўра, бу Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг тез эмиграция тўлқинидир. Бундан ташқари, 2022 йилда дунё бўйлаб кўчирилганлар сонининг кўпайиши Афғонистондан қочқинлар, шунингдек, бошқа ҳарбий можаролар, айниқса, Судан билан боғлиқ.

Шу билан бирга, қочқинларнинг аксарияти дунёнинг энг бой давлатлари томонидан қабул қилинмаган. БМТ қайд этишича, мажбурий муҳожирларнинг бешдан бир қисмидан кўпроғи 46 та кам ривожланган мамлакатларда жойлашган. Унга кўра, 2022 йилда бу мамлакатлар қочқинларни қабул қилиш билан боғлиқ эҳтиёжларни қондириш учун етарли маблағ билан таъминланмаган. «Бизга кўпроқ халқаро кўмак ва масъулиятни адолатли тақсимлаш керак», деди БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссари Филиппо Гранди.

Ҳисоботга кўра, 2022 йилда 339 мингдан ортиқ қочқин ўз ватанларига – 38 давлатга, хусусан, Жанубий Судан, Сурия, Камерун ва Кот-д'Ивуарга қайтган. Ички кўчирилганлар орасида Эфиопия, Мьянма, Сурия, Мозамбик ва Конго Демократик Республикасида 5,7 миллион киши ўз уйларига қайтди.

Мавзуга оид