Жаҳон | 15:13 / 11.07.2023
16782
6 дақиқада ўқилади

Орихивга авиабомба ташланиши ва Бахмут атрофидаги жанглар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 502-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • «Медуза» ва «Медиазона» тадқиқоти кўрсатишича, Россия ва Украина ўртасидаги кенг кўламли урушда 47 минг россиялик аскар ҳалок бўлган.
  • Франциянинг Liberation газетаси Путин 1 июл куни Пригожин ва «Вагнер» ХҲК командирлари билан учрашгани ҳақида хабар берди. Кремл буни тасдиқлади — лекин учрашув ўтказилган куни Дмитрий Песков Пригожин айни вақтда қаердалиги ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтганди.
  • Россия Запорижжя областининг фронт яқинидаги Орихив шаҳрида инсонпарварлик ёрдами тарқатилган мактабга авиазарба бериши оқибатида етти киши ҳалок бўлди.
  • Краснодарда сафарбарлик ишлари бўйича бўлим бошлиғи ўринбосари Станислав Ржицкий ўлдирилди. Ҳозирда гумонланувчиларнинг шахси аниқланмоқда. Ржицкий украинларнинг «Миротворец» сайти базасига киритилган, украин нашрлари эса уни 2022 йил 14 июлида Винницага зарба йўлланган Россия сувости кемаси капитанлари рўйхатига қўшган. Ўшанда 27 киши ҳалок бўлганди.

Куннинг асосий воқеаси. Орихивга зарба

10 июл тонгида Россия қўшини Запорижжя областининг фронт бўйидаги Орихив шаҳрига бошқарилувчи авиабомба ташлади. У мактаб ҳудудига қулаган, бу вақтда бу ерда тинч аҳоли вакиллари инсонпарварлик ёрдами олишаётганди. Украина ФВДХнинг сўнгги маълумотларига кўра, етти киши ҳалок бўлиб, 13 киши яраланган.

РФ мудофаа вазирлиги ўз сводкасида маълум қилишича, Орихив ҳудудида «Украина ҚК 47-механизациялашган бригадаси қўмондонлик пункти нишонга олинган».

Қуйида шаҳарнинг зарбадан кейинги манзаралари акс этган суратлар.

Орихивда Россия авиабомбаси тушган жойда ишлаётган қутқарувчилар
Andriy Andriyenko / AP / Scanpix / LETA
Орихивда авиабомба келиб тушган жойда вайрон бўлган мактаб биноси
Andriy Andriyenko / AP / Scanpix / LETA

Украина ҳарбийларининг Бахмут атрофидаги позициялари

Донецк области Бахмут шаҳри атрофида қарийб бир йил олдин бошланган қақшатқич жанглар давом этмоқда. Украина қуролли кучлари Қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирский 10 июл куни «душман тузоққа тушгани, шаҳар Мудофаа кучлари томонидан олов назоратига олингани», Бахмут йўналишидаги Россия қўшинлари «позицияларидан улоқтириб ташланаётгани» ҳақида айтди. Россия томони бу маълумотлар юзасидан изоҳ бермаган.

Украина ҚК Бош штабидан маълум қилишларича, июл ойининг биринчи ҳафтасида украин ҳарбийлари Бахмут йўналишида 4 квадрат километр ҳудудни озод этган, қарши ҳужум бошланганидан буён бу ҳудудда жами 24 квадрат километр ҳудуд назорат остига қайтарилган. РФ мудофаа вазирлиги 5 июл куни россиялик десантчилар «Украина қуролли кучларига мудофаа ичкариси томон бир метрга ҳам силжишга имкон бермаётгани»ни хабар қилганди.

Украина қуролли кучлари жангчилари россияликларнинг позицияларини хорватларнинг 128-миллиметр калибрли RAK-SA-12 баравар ўт очиш реактив тизимидан ўққа тутмоқда
Roman Chop / AP / Scanpix / LETA
Roman Chop / AP / Scanpix / LETA
Sofiia Gatilova / Reuters / Scanpix / LETA

Ибодатхонага келган диндорлар украин аскарлари учун камуфляж тўрлари тўқимоқда 

Полтава аҳолиси Авлиё Миколай черковида. Уруш бошидан буён ибодатхонада ҳар куни 15 нафардан 30 нафаргача кўнгилли йиғилади ва Украина армияси учун маскировка тўрлари тайёрлайди
Oleg Petrasyuk / EPA / Scanpix / LETA

Днипронинг оккупация остидаги соҳилида сув тошқини оқибатлари

Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлганидан кейин Днипро дарёсининг икки соҳилида ўнлаб шаҳар ва қишлоқлар тўлиқ ёки қисман сув остида қолди. Кўнгиллилар Днипронинг чап соҳилида, Россия қўшини томонидан оккупация қилинган ҳудудларда Москва томонидан тайинланган маҳаллий расмийлар уларга тинч аҳоли вакилларини қутқариш учун ўтказмаётгани ва уларнинг ўзлари ҳам эвакуация ишларини уддалай олмаётганини хабар қилганди.

Херсон областининг аннексия қилинган қисмига тайинланган «ҳукумат» вакили Андрей Алексеенконинг 21 июн куни берилган маълумотига кўра, Днипронинг чап соҳилида 41 киши ҳалок бўлган. Тиббиёт ходимлари 121 киши жабрлангани ҳақида хабар берган.

Региондаги кўплаб аҳоли яшаш манзиллари ҳамон сув тошқини оқибатларидан жабр кўрмоқда. Қуйида ушбу ҳудудларда нималар бўлаётгани акс этган суратлар.

Голая Пристанда яшовчилар сув босган кўча бўйлаб ҳаракатланмоқда. Бу шаҳар — Херсон областининг сув тошқинидан энг жиддий жабрланган ҳудудларидан бири. 17 июн куни Россия томонидан тайинланган маъмурият расмийси Андрей Алексеенко Голая Пристанда жами 13 киши ҳалок бўлганини айтганди
Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Голая Пристан аҳолиси инсонпарварлик ёрдами қабул қилиб олмоқда
Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
РФ Тергов қўмитаси ходими 7 июл куни Украина қуролли кучлари томонидан ўққа тутилган Алешки (Олешки)даги вайрон бўлган уйда. Регион фавқулодда хизматлари тинч аҳоли вакилларидан икки киши ҳалок бўлгани ва бир киши яралангани ҳақида хабар берган. Каховка ГЭС тўғони бузилиб кетиши туфайли юзага келган сув тошқинида Алешкида тинч аҳоли вакилларидан 12 киши ҳалок бўлган
Каховка сув омбори соҳилидаги траншеяда кетаётган россиялик ҳарбий

Мавзуга оид