Иқтисодиёт | 08:25 / 25.10.2023
20814
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Ўзбекистондан гўшт маҳсулотларини импорт қилмоқчи

Ар-Риёз шаҳрида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини подшоҳлик бозорига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Саудия Арабистонида фаолият кўрсатадиган Al Sumiri компаниясининг харидлар ва логистика масалалари бўйича директори Саидаҳмад Муҳаммад билан учрашув бўлиб ўтди.

Фото: Дунё АА

Мамлакат элчихонаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг озиқ-овқат ҳамда нефт маҳсулотлари йўналишларидаги компаниялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, биргаликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини подшоҳликка экспорт қилиш билан боғлиқ масалалар мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди.

Саидаҳмад Муҳаммад компания қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича турли давлатлар, жумладан, Хитой, Иордания, Судан ва қатор араб давлатлари, гўшт маҳсулотлари импорти бўйича эса Бразилия ва Канада билан ҳамкорлик қилаётганини маълум қилиб, бундай маҳсулотларни Ўзбекистондан импорт қилиш қатор афзалликлар яратишини таъкидлади.

У мамлакатда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги ҳамда товуқ гўшти маҳсулотлари сифати ва таъми жиҳатидан юқори ўринда туришини инобатга олиб, Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги компаниялари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Учрашув якунлари бўйича Al Sumiri компанияси ва мамлакатдаги тегишли вазирлик ҳамда идораларининг вакиллари ўртасида видеомулоқот шаклида учрашув ўтказиш, ўзаро амалий сафарларни уюштириш ва ўзбек маҳсулотларини подшоҳлик бозорларига олиб кириш бўйича логистика масалаларини ҳар томонлама ўрганиш асносида экспортни йўлга қўйиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва жадал ривожлантиришга келишиб олинди.

Мавзуга оид