Жаҳон | 08:41 / 09.01.2024
11166
2 дақиқада ўқилади

Американинг Ойга миссияси муваффақиятсизликка учрашига бир бахя қолди

Жамоа вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлди, бироқ Peregrine қўниш модулининг двигател тизими ишламай қолиши натижасида ёнилғи йўқотилди.

Фото: NASA via AP

50 йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта Америка космик кемаси яна Ойга қўниши керак, бироқ миссия муваффақиятсизликка учрашига бир бахя қолди. 8 январ, душанба куни учирилган Ойга қўнувчи Peregrine модулида двигателда муаммолар юзага келган, дея хабар берди Astrobotic Technologies ишлаб чиқарувчи-компания. 

Учирилганидан 48 дақиқа ўтгач, қўниш модули ракета-ташувчидан муваффақиятли ажралиб чиқди, аммо кейинчалик парвозни бошқариш маркази «аномалия»ни пайқаб қолди, унинг натижасида аппарат Қуёшга тўғри йўналтирилмади ва аккумуляторни қувватлантира олмади. Двигател тизимидаги муаммолар 23 февралга режалаштирилган Ойга юмшоқ қўнишга тўсқинлик қилиши мумкин. 

Натижада, «импровизацион манёвр» ёрдамида мутахассислар қўниш модулини аккумуляторни қувватлантириш учун керакли томонга буришга муваффақ бўлди. Бироқ двигател тизимининг носозлиги ёнилғи жиддий йўқотилишига олиб келган, деб хабар берди Astrobotic Technologies. Жамоа йўқотишларни барқарорлаштириш ва иложи борича кўпроқ маълумот тўплаш устида ишламоқда. Бундан ташқари, Astrobotic Technologies ушбу миссия доирасида яна қандай мақсадларга эришиш мумкинлигини ўрганмоқда. 

Ойга биринчи хусусий миссия

Миссия NASA’нинг Astrobotic Technologies билан Ойга тижорат юкларини етказиб бериш дастури бўйича шартномаси асосида амалга ошириляпти. Дастлаб қурилма 23 февралда қўниши режалаштирилган эди – бу ҳолда Astrobotic Technologies Ер йўлдошига муваффақиятли қўнган биринчи хусусий компанияга айланган бўларди. Модул йўлдош юзасининг радиацияси ва таркибини таҳлил қилиш учун Ойга илмий асбобларни етказиши ҳамда шу орқали астронавтларнинг қайтишига йўл очиши керак. 

Бундан ташқари, Peregrine бортида 151 та махсус капсула мавжуд - улар «Ой қутичалари» деб аталади. Уларда бутун дунёдаги одамларнинг эсдалик совғалари мавжуд. Бир нечта шундай посилкалар Германиянинг DHL логистика компанияси томонидан юборилган. 

Мавзуга оид