Жаҳон | 19:52 / 04.05.2024
4238
2 дақиқада ўқилади

Хитой Ойнинг орқа томонидан тупроқ йиғиш учун зонд учирди

Агар жараён муваффақиятли якунланса, Хитой Ойнинг орқа томонидан намуна олган биринчи давлатга айланади. 

Фото: AFP

Хитой тарихда биринчи марта Ойнинг орқа томонидан тупроқ намуналарини йиғиб, уларни Ерга етказиши керак бўлган «Чанъэ-6» зондини муваффақиятли учирди. 

Ракета Хитойнинг Ҳайнан оролидаги Вэнчан марказидан коинотга парвоз қилди. Хитой телеканаллари жараённи трансляция қилди. 

Режага кўра, июн ойи бошида вазни 8 тоннадан ортиқ бўлган Хитой зонди Ойнинг орқа томонидаги Жанубий қутб - Эйткен ҳавзасида жойлашган Аполлон кратерига қўниши керак. Шундан сўнг зонд 2 килограмм тупроқ намунасини йиғади ва таҳлил қилиш учун Ерга қайтади. Миссия 53 кун давом этиши кутилмоқда. 

Агар жараён муваффақиятли якунланса, Хитой Ойнинг орқа томонидан намуна олган биринчи давлатга айланади, деб ёзди Reuters. 

«Чанъэ-6», шунингдек, Хитой ва Россия бошчилигидаги Халқаро Ой тадқиқот станциясини (ILRS) яратиш бўйича узоқ муддатли лойиҳанинг бир қисми ҳисобланади. Тахминларга кўра, станция коинотни чуқур тадқиқ қилиш базасига айланади.

Мавзуга оид