Ўзбекистон | 16:55 / 29.01.2024
58852
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ҳафта давомида қандай об-ҳаво кутилаётгани маълум қилинди

Ёмғир ва қор ёғади, айрим жойларда ҳарорат –15 даражагача пасайиши мумкин.

Фото: Kun.uz

«Ўзгидромет» ҳафта давомида кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, 29 январ куни Ўзбекистон ҳудуди нам ва нисбатан совуқ ҳаво массалари таъсири остида бўлади, республика бўйича асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади, тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин. Баъзи жойларда шамол тезлиги 17–22 метр/секундгача кучаяди, айрим жойларда эса 25–28 метр/секундгача кучайиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати олдинги кунга нисбатан пасаяди ва +2...+7 даражадан юқори бўлмайди, республика шимолида –3...–5 даража бўлади.

30 январ куни республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик жадаллиги ва эҳтимоли камаяди. Кўпчилик вилоятларнинг баъзи жойларида қор кўринишидаги бироз ёғингарчилик, шарқий ҳудудларда эса (Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида) асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши мумкин. Фақат республиканинг жанубида шамол тезлиги 15–20 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечаси 0...–5 даража, кундузи +2...+7 даражани, шимолда кечаси –8...–13 даражани, кундузи 0...–5 даражани ташкил этади.

31 январ—1 феврал кунларида республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилоятининг айрим жойларида ва Фарғона водийси вилоятларида бир оз ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечалари 0...–5 даража, кундуз кунлари 0...+5 даража, шимолда кечалари –10...–15 даража, кундуз кунлари –3...+2 даража бўлади.

Ушбу иш ҳафтаси давомида республика бўйича баъзи жойларда туман кузатилади.

29 январдан 31 январгача Тошкент ва Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор.

Тошкентда 29 январ куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Шамол ғарбдан 5–10 метр/секунд тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати кундузи +5...+7 даражани ташкил этади. Сешанба ва чоршанба кунлари бироз ёғингарчилик (ёмғир ёғади, қорга айланади) бўлиши мумкин. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ғарбий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 5–10 метр/секунд тезликда эсади.

Ҳаво ҳарорати 30 январда кечаси +1...+3 даража, кундузи +4...+6 даража, 31 январда кечаси 0...–2 даража, кундузи +3...+5 даража бўлади.

1 февралда асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Шамол шарқдан 3–8 метр/секунд тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати кечаси –1...–3 даражани, кундузи +3...+5 даражани ташкил этади.

Мавзуга оид