ЕИ парламенти Киев ва Кишинёв билан эркин савдо режимини узайтирди
Европарламент аъзолари Украина ва Молдова билан божсиз савдо режимини 2025 йил 5 июнгача узайтиришни маъқуллади.
Европарламент Украина ва Молдова билан божсиз савдо режимини яна бир йилга узайтирди. 13 март, чоршанба куни Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа Иттифоқига экспорт қилиш бўйича импорт божлари ва квоталар тўхтатилиши учун 347 депутат овоз берди, 117 депутат қарши чиқди, 99 депутат эса бетараф қолди. Мазкур қарорга кўра, имтиёзли савдо режими 2025 йил 5 июнгача давом этади.
Қонун, шунингдек, янги шартларни ўз ичига олади: у Европа комиссиясига Украина импорти туфайли Европа Иттифоқи бозорида сезиларли даражада узилишлар юзага келган тақдирда фавқулодда чоралар кўриш ваколатини беради, шу жумладан «айниқса сезгир» қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан парранда гўшти, тухум, шакар ва бошқаларга фавқулодда чекловлар кўзда тутилади. Агар ушбу маҳсулотлар импорти 2022 ва 2023 йиллардаги ўртача ҳажмдан ошса, бож тўловлари қайта жорий этилади, дейилади қарорда.
Евродепутатлар, шунингдек, савдо-сотиқни эркинлаштириш чора-тадбирлари Украинада демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ҳамда коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича доимий саъй-ҳаракатларга боғлиқлигини таъкидлади.
Молдова учун алоҳида овоз берилди
Европарламент алоҳида овоз бериш жараёнида Молдовадан келган маҳсулотларга нисбатан қўлланадиган барча божхона ва импорт божларини яна бир йилга тўхтатиб туришни қўллаб-қувватлади.
Кейинги қадам регламентни Европа Иттифоқи кенгашида тасдиқлаш бўлади, у Европа Иттифоқининг расмий журналида эълон қилинганидан кейин кучга киради.
Украинанинг ЕИ билан эркин савдоси ва фермерлар норозилиги
Европа Иттифоқи-Украина ассоциацияси келишуви, жумладан чуқур ва кенг қамровли эркин савдо ҳудуди Украина компанияларига 2016 йилдан бери Европа Иттифоқи бозорига имтиёзли кириш имконини берди. Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми ортидан ЕИ 2022 йил июнидан бошлаб барча Украина товарлари Европа бозорига божсиз киришини таъминловчи автоном савдо чораларини жорий қилди.
Ўшандан бери Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг маҳаллий бозорларга киришига қарши фермерлар норозилиги бир неча тўлқинлари Украинага қўшни мамлакатларда кузатилди, Европа комиссияси импортни чеклаш ва мамлакатларга товон пули тўлаш учун вақтинчалик фавқулодда чоралар кўрди. 2024 йил 31 январда Еврокомиссия Россия Украина озиқ-овқат саноати, шунингдек, дарё ва денгиз транспорти инфратузилмасига ҳужум қилаётгани фонида Украина ва Молдова билан божсиз режимни яна бир йилга узайтиришни таклиф этди.
Брюссел маълумотларига кўра, ЕИнинг Украинадан жами импорти 2022 йил октябридан 2023 йил октябригача 24,3 миллиард еврони ташкил қилган. 2021 йилда кўрсаткич 24 миллиард еврога етганди.
Мавзуга оид
16:03 / 20.12.2024
ЕИнинг 15 та давлати сурияликларнинг бошпана сўровини кўриб чиқмаяпти
13:52 / 19.12.2024
ЕИ суди Дерипаска ва икки банкни санкциялар остида қолдирди
15:20 / 18.12.2024
ЕИ Суриядаги дипломатик ваколатхонасини қайта очишга тайёр
13:33 / 18.12.2024