Жаҳон | 16:03
550
3 дақиқада ўқилади

ЕИнинг 15 та давлати сурияликларнинг бошпана сўровини кўриб чиқмаяпти

«Биз Суриядаги вазият барқарорлашадими ва янги тузум мамлакатнинг бутун ҳудудини назорат қила оладими-йўқми, буни диққат билан кузатиб борамиз», — деди Европа Иттифоқи бошпана агентлиги раҳбари Нина Грегори.

Фото: AFP

Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа 14 давлати айни пайтда сурияликларнинг бошпана сўровларини кўриб чиқишни тўхтатган. Бу ҳақда 19 декабр, пайшанба куни Европа Иттифоқининг бошпана масалалари бўйича агентлигига (EUAA) таяниб, epd агентлиги хабар берди.

«Айни пайтда Европа Иттифоқи давлатлари жуда эҳтиёткор», деди ушбу идора директори Нина Грегори Funke медиа-гуруҳи нашрларига берган интервюсида. Унинг аниқлик киритишича, Европа Иттифоқи аввало Сурия Башар Асад режими қулагандан кейин қандай ривожланишини кўрмоқчи. «Биз Суриядаги вазият барқарорлашадими ва янги тузум ҳақиқатан ҳам бутун мамлакат ҳудудини назорат қила оладими ёки йўқми, буни диққат билан кузатиб борамиз», — дея таъкидлади Грегори.

Унинг сўзларига кўра, Сурияда одамларнинг таъқиб қилиниши учун асосий масъулият унинг Москвага қочиб кетган собиқ президенти Башар Асад зиммасида. «Вазиятнинг ривожланишига қараб, энди бошпана сўраш учун ариза беришни оқлайдиган бошқа асослар бор ёки йўқлигини текширишимиз керак», деб тушунтирди Funke медиа-гуруҳи суҳбатдоши. Унинг фикрича, узоқ муддатда Европа Иттифоқи мамлакатларида кўплаб сурияликларнинг қолиш ҳуқуқидан воз кечиши учун қонуний истиқболлар очилиши мумкин.

Дамашқ яқинида иккита оммавий қабр топилди

Сурияда, унинг ҳукмдори Башар Асад даврида, 2013 йилдан бери 100 мингдан ортиқ одам қийноққа солинган ёки ўлдирилган бўлиши мумкин. Бу баҳони 17 декабр куни Reuters билан суҳбатда АҚШнинг ҳарбий жиноятларни тергов қилаётган собиқ элчиси Стивен Рапп билдирди.

У аввалроқ икки оммавий қабрга борган: Дамашқ яқинидаги Қутайфа ва Нажҳа шаҳарларида. «Бизда, албатта, бу машинада (оммавий қийноқлар ва қотилликлардан) ғойиб бўлган ва қийноққа солинган ҳолда ўлдирилган 100 000 дан ортиқ одам бор», деди у.

«Биз нацистлар давридан бери бунақасини кўрмаганмиз», деди Рапп. У илгари Руанда ва Серра-Леонедаги уруш жиноятлари трибуналларида айбловни бошқарган ва ҳозир Сурия фуқаролик жамияти билан Асад режими томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар далилларини ҳужжатлаштириш ва эҳтимолий суд жараёнларига тайёргарлик кўришда ёрдам бермоқда, дея тушунтиради Reuters.

Ўз навбатида, бош қароргоҳи Қўшма Штатларда жойлашган Сурия Фавқулодда вазиятлар гуруҳига раҳбарлик қилувчи ҳуқуқ ҳимоячиси Муаз Мустафо журналистларга, унинг ҳисоб-китобларига кўра, биргина Қутайфада камида юз минг жасад дафн этилганини айтди.

Мавзуга оид