Ўзбекистон | 13:09 / 06.04.2024
12632
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда синфдошини калтаклаган қизларнинг ота-онаси жавобгарликка тортилди

Болалар омбудсманининг шахсий қабулига 3 апрел куни 2010 йилда туғилган, Бўстонлиқ туманида яшовчи Э.О. (қиз бола) келиб, мурожаат қилган.

Э.О. ўз мурожаатида мактабда синфдошлари томонидан муттасил тазйиқ ва буллингга учраётгани, бу ҳолатга мактаб маъмурияти ҳам, бошқа масъуллар ҳам эътиборсиз эканини билдирди.

Болалар омбудсмани сўрови асосида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва Ички ишлар органлари мазкур ҳолатни ўрганди.

Бўстонлиқ тумани ММТ бўлими ўрганиши давомида жорий йилнинг 18 март куни информатика дарсида Э.О, С.М., М.К., К.В. (барчаси қизлар) ўзаро гап талашиб қолишгани, дарс машғулотлари тугаганидан сўнг низони ҳал қилишни келишиб, дарс тугаганидан кейин мактаб синф хонасида йиғилиб ўзаро жанжаллашгани ва 3 нафар қиз биргаликда Э.О.ни ургани, уни турли ҳақоратли сўзлар билан камситгани маълум бўлди.

Бўстонлиқ тумани «Марказий» МФЙ профилактика инспектори томонидан болалар ўртасидаги бу ҳолат бўйича терговга қадар текширув олиб борилиб, вояга етмаган ўқувчи қизлар Э.О. ва К.В.га суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган ва уларнинг енгил тан жароҳати олгани аниқланган.

Мазкур буллинг ҳолати юзасидан К.В., С.М., М.К.нинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1- қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) асосида маъмурий жавобгарликка тортилди. Қизлар билан махсус психологик коррекцион иш олиб бориш учун психолог бириктирилган.

Мактаб раҳбарияти ва инспектор-психолог болалар ўртасида бу каби буллинг ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича тегишлича огоҳлантирилган.

Мавзуга оид