Жаҳон | 08:25 / 22.07.2024
2859
5 дақиқада ўқилади

Германия канцлери: Байденнинг қарори эътирофга лойиқ

Олаф Шолц Жо Байденни АҚШ президентлик сайловларидан чиқиш қарори учун олқишлади. Германиядаги аксарият йирик сиёсатчилар канцлернинг фикрига қўшилди.

Фото: POTUS / Twitter

Германия канцлери Олаф Шолц Жо Байденнинг АҚШ президентлик пойгасидан чиқиш қарорини қўллаб-қувватлади. «Менинг дўстим Жо Байден кўп нарсага эришди: ўз мамлакати, Европа учун унга раҳмат. У туфайли трансатлантик ҳамкорлик ривожланди, НАТО кучли, АҚШ эса - биз учун яхши ва ишончли ҳамкор. Унинг номзодини кўрсатмаслик қарори эътирофга лойиқ», — деб ёзди у Германия канцлери Х ижтимоий тармоқдаги аккаунтида 21 июл, якшанба куни. 

ГФРдаги бошқа сиёсатчилар Байденнинг сайловлардан воз кечиш қарори ҳақида нима деди?

Бундестагнинг ташқи ишлар қўмитаси раиси, Германия Социал-демократик партияси (ГСДП) вакили Михаэл Рот Жо Байденни «муваффақиятли президент, Европа ва Германияда биз ундан кўп нарса қарздормиз» деб атади. «Сиёсатда хайрлашиш учун тўғри дақиқани топиш осон эмас. Бу ачинарли ва унинг хизматларига муносиб эмас. Раҳмат, жаноб Президент!» - деб ёзган Рот ўзининг Х аккаунтида. 

ГСДПдан Германия соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах айтишича, Байден «буюкликни намойиш этди ва бу қарор ҳурмат қилишга лойиқдир». «Энди сайлов кампанияси яна ҳаяжонли кечади», - дея хулоса қилди сиёсатчи.

«Иттифоқ 90/«яшиллар» партияси ҳамраиси Рикарда Лангнинг айтишича, Жо Байден «ўз мамлакатига президент сифатида яхши хизмат қилган» ва пойгадан чиқиши билан «худди шундай қилмоқда». «Унга ҳурматим чексиз!» - дея у Оқ уй раҳбарининг янги муддатга сайланмаслик ҳақидаги қарорига изоҳ берди. 

Жо Байденнинг позициясини мухолифатдаги консерватив ХДП партияси раҳбари Фридрих Мерц ҳам қўллаб-қувватлади. «Жо Байден эллик йилдан ортиқ Америка халқига хизмат қилди. Унинг бугунги қарори чуқур ҳурматга лойиқ», деб ёзади у.

Германия адлия вазири, Эркин демократик партия (ЭДП) вакили Марко Бушман Жо Байденни «тақдирнинг даҳшатли зарбаларига қарамай, ўз мамлакатига ўнлаб йиллар давомида хизмат қилган алоҳида шахс» деб атади. «Унинг бу хизмат қачон тугашини мустақил белгилаш ҳақидаги қарори чуқур ҳурматга лойиқ», - деди сиёсатчи. 

Тюрингия ер парламентидаги ўнг қанот популистик «Германия учун муқобил» (ГуМ) партияси фракцияси раҳбари, аввалроқ нацистлар шиори учун жаримага тортилган Бёрн Хёкке кўпчилик етакчи немис сиёсатчиларининг фикрига қўшилмади. Унинг фикрича, Жо Байден «орқа фонда қолишни афзал кўрганлар учун қўғирчоқ» эди. «Аммо агар қўғирчоқнинг марра чизиғини кесиб ўтиш имконияти бўлмаса, оммавий ахборот воситалари тўпланган кучига қарамай, у кетиши керак», деб ёзади у. 

Жо Байденнинг сайловдан воз кечиши ва Камала Ҳаррис номзоди 

Жо Байден бир неча соат олдин АҚШ президентлиги сайловидан ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилган эди. Амалдаги давлат раҳбари бу қарорни Демократик партия ва бутун мамлакат манфаатларини кўзлаб қабул қилганини алоҳида таъкидлади. Байден тез орада халққа мурожаат қилиб, тафсилотларни айтиб беришини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, амалдаги муддатининг қолган қисмида асосий эътиборини президентлик вазифаларини бажаришга қаратади. 

Байден ўз ўрнига Камала Ҳаррисни таклиф қилиб, уни «тўлиқ қўллаб-қувватлашини» билдирди. «Демократлар - бирлашиш ва Трампни енгиш вақти келди. Келинг, буни қилайлик!» - деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

Кейинчалик амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис АҚШ президентлигига номзодини қўйишни режалаштираётганини маълум қилди. 21 июл, якшанба куни Америка ОАВ унинг сўзларидан иқтибос келтирди: «Президентнинг тасдиғини олиш мен учун катта шараф ва мен бу номзодликни қўлга киритиш ва ғалаба қозониш ниятидаман». Ҳаррис республикачи Доналд Трампни мағлуб этиш учун «Демократик партия ва халқни бирлаштириш» мақсадида «ҳамма нарсани қилишини» қўшимча қилди.

Мавзуга оид