Қайрағочлари қирилаётган Сирдарё: Ховосда 17 туп дарахт кесиб ташланди
Фермер хўжалик дала майдони четида ўсиб турган садақайрағочларни кесиб олганлар жиноий жазога тортилди. Табиатга етказилган зарар миқдори 1,1 млрд сўмдан ортиқ.
Сирдарё вилоятининг Ховос туманида 17 туп садақайрағочни кесган икки шахс жиноий жазога тортилди.
Kun.uz танишган суд ҳукмида келтирилишича, туманнинг Қаҳрамон маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжаликлардан бирининг дала майдони визуал ўрганилганида дала майдони четидаги соғлом ҳолатда бўлган садақайрағочларни кесиб олингани аниқланган. Бунинг оқибатида табиатга 1 млрд 125 млн 740 минг сўм зарар етказилган.
Дарахтлар фермер хўжалик раҳбари А.А.нинг рухсати билан дўстининг талаба ўғли томонидан кесиб олинган.
Йигит суддаги кўрсатмасида айбига иқрор бўлиб, бўш вақтларида отасининг чойхонасида ёрдамлашиб туришини, дарахтларни хўжалик раҳбарининг рухсати билан кесганлигини, бирор ҳужжат керак бўлмайдими деб сўраганида хўжалик раҳбари ўзи жавоб беришини, кесавериши мумкинлигини айтганини билдирган. Кесилган дарахтлар чойхонада ўтин сифатида ишлатилган.
Фермер хўжалик раҳбари ҳам судда айбига тўлиқ иқрор бўлган. У дўстининг ўғлига қурилган дарахт ва шохларни кесиб олишга рухсат берганини, ушбу қайрағочларни ўзи оиласи билан экканлигини, етказилган зарарни қоплашини айтиб, суддан ўзи ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.
Суд ҳукми билан дарахтларни кесганлар Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмида (ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш орқали кўп миқдорда зарар етказиш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 2 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Айбдорларга нисбатан кўнгилочар тадбирларни ўтказишда иштирок этмаслик, маҳкумларни назорат қилувчи органнинг рухсатисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, Сирдарё вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик ҳамда спиртли ичимлик истеъмол қилмаслик билан боғлиқ қўшимча чекловлар ҳам ўрнатилган. Шунингдек, судланувчилардан табиатга етказилган 1 млрд 107 млн сўм зарарни ундириш белгиланган.
Аввалроқ Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида ҳам фермер хўжалик раҳбари икки шериги билан дала майдони четида кўкариб турган 21 туп қайрағочни қонунга хилоф равишда кесиб, сотиб юборгани ҳамда табиатга қарийб 1,5 млрд сўм зарар етказгани хабар қилинганди. Уларнинг ҳар бирига 2 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мавзуга оид
16:38 / 06.12.2024
Марказий Осиё мамлакатлари вегетация мавсуми учун сувни тақсимлаб олди
08:32 / 28.11.2024
Қурилиш майдонидаги дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
15:57 / 26.11.2024