Ўзбекистон | 17:41 / 29.07.2024
6269
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда 21 туп қайрағочни кесган шахслар озодликдан маҳрум қилинди

Сайхунобод туманидаги фермер хўжалик раҳбари икки шериги билан дала майдони четида кўкариб турган 21 туп қайрағочни қонунга хилоф равишда кесиб, сотиб юборган. Улар бу орқали табиатга қарийб 1,5 млрд сўм зарар етказишган.

Экология вазирлиги

Сирдарё вилояти, Сайхунобод туманида 21 туп қайрағочни кесган шахсларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Сайхунобод туманидаги «Б.Х.» фермер хўжалиги раҳбари М.А. икки шериги – А.А. ҳамда К.З. билан биргаликда 2023 йилнинг декабр ва 2024 йилнинг январ ойларида ўзига қарашли бўлган дала майдони четида кўкариб турган жами 21 туп қайрағоч дарахтини қонунга хилоф равишда кесган. Сўнгра улар дарахтларни сотиб юборган. Дарахтлар кесилиши оқибатида табиатга 1 млрд 459 млн сўм зарар етказилган.

Суд ҳукми билан дарахтларни кесганлар Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмида (ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш орқали кўп миқдорда зарар етказиш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Уларнинг ҳар бирига 2 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, судланувчилардан табиатги етказилган 1 млрд 459 млн сўм зарарни ундириш белгиланган.

Олдинроқ Ўрта Чирчиқда сотиш учун 5 туп чинорни кесганлар озодликдан маҳрум этилганди.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисмига кўра, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  

Мавзуга оид