Жаҳон | 12:00 / 11.11.2024
5508
5 дақиқада ўқилади

Исроилнинг янги мудофаа вазири: «Ҳизбуллоҳ» мағлуб этиб бўлинди

Исроилнинг Ливандаги мақсадлари ички сиёсатга аралашиш эмас, балки босим ўтказиш, деди Исраэл Кац.

Исраэл Кац / Фото: EPA

«Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) томонидан сентябр ойи охирида йўқ қилиниши Исроилнинг Ливан жангариларига қарши курашида «ютуқ тожи»га айланди ва ҳаракатнинг ўзини мағлуб бўлган деб ҳисоблаш мумкин. Бу ҳақда 10 ноябр, якшанба куни Исроилнинг янги мудофаа вазири Исраэл Кац аввалроқ ўзи раҳбарлик қилган мамлакат Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган тадбирда сўзлаган нутқида маълум қилди.

«Бизнинг вазифамиз бу ғалабанинг мевасини олиш учун босимни давом эттиришдир», — дея вазирнинг сўзларини келтиради Reuters. Кацга кўра, Исроил Ливаннинг ички сиёсатига аралашишдан манфаатдор эмас, чунки у «сабоқ олди». Вазир ўз баёнотининг маъносини изоҳламади, бироқ бу 2006 йил воқеаларига ишора бўлиши мумкин – ўшанда Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ»га қарши ЦАҲАЛ ҳарбий амалиёти минтақада узоқ давом этган ҳарбий ҳаракатларга олиб келган. Исроилда бу воқеалар Иккинчи Ливан уруши деб аталади.

Кац ўз нутқида, бошқа нарсалар қаторида, халқаро коалиция «Ҳизбуллоҳ»нинг сезиларли даражада заифлашуви билан боғлиқ вазиятдан сиёсий мақсадларда фойдаланишига ва Ливан жанубий қўшниси билан муносабатларни нормаллаштиришда бошқа мамлакатларга қўшилишига умид билдирди.

Байрут Исроилни тинч аҳоли ўлимида айблади

Бироқ Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 10 ноябр куни маълум қилишича, биргина шу куннинг ўзида Исроилнинг мамлакатнинг турли ҳудудларида давом этаётган ҳаво ҳужумлари натижасида камида 38 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Гап фақат Ливан жануби ҳақида кетмаяпти – камида 23 киши, жумладан етти нафар вояга етмаган шахс Байрут шимолида Аламат қишлоғидаги турар жой биносига ЦАҲАЛ авиациясининг зарбаси қурбони бўлди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, булар мамлакат жанубидаги жанглардан қочган оилалар эди.

Исроил ҳарбийлари ҳаво ҳужумини тасдиқлади. Бироқ ЦАҲАЛ ҳужум нишони шаҳардаги «Ҳизбуллоҳ»нинг қурол-яроғ омборлари бўлганини, тинч аҳоли орасида қурбонларга йўл қўймаслик учун зарбадан олдин ҳаводан разведка олиб борилганини маълум қилди.

ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ» етакчиси ва унинг ворисларидан камида бир нафарини ўлдирди

ЦАҲАЛнинг «Ҳизбуллоҳ»га қарши фаол жанговар операциялари сентябр ойининг охиридан бери кузатилмоқда. Улардан олдин сентябр ойи ўрталарида жангчиларнинг пейжерларини оммавий равишда портлатиш операцияси ўтказилган эди. Оммавий ахборот воситалари операция уюштирилганини Исроил разведка хизматлари билан боғлади, аммо Исроил буни тасдиқламади.

Орадан кўп ўтмай Исроил армияси жангчиларнинг Ливандаги ерости қароргоҳига ҳаво ҳужуми натижасида «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ҳамда ҳаракатнинг бир қанча етакчиларини ўлдирди. 1 октябрга ўтар кечаси эса ЦАҲАЛ мамлакат жанубида «Ҳизбуллоҳ»га қарши қуруқликдаги операцияни бошлади.

Шу билан бирга, октябр ойи бошида Исроил ҳаво ҳужумларидан бирида жангчилар етакчисининг вориси, кейин эса «вориснинг вориси» ҳисобланган, Насруллоҳнинг амакиваччаси Ҳошем Сафи ал-Дин ўлдирилди. Октябр ойи охирида ҳаракат ўзининг навбатдаги раҳбари — Насруллоҳнинг собиқ ўринбосари ва ҳаракат асосчиларидан бири Наим Қосимни тайинлади.

Насруллоҳ вафотидан кейин Қосим уч марта телемурожаат билан чиқиш қилди. 15 октябр куни Қосим Исроил шимолидаги аҳолининг ўз уйларига қайтишининг ягона йўли «ўт очишни тўхтатиш» эканлигини айтди ва бутун Исроил ҳудудига зарбалар бериш билан таҳдид қилди. Бироқ, у лавозимга тайинланганидан кейин бундай баёнотлар бермади.

Яқин Шарқда можаронинг кучайиши

Яқин Шарқдаги вазият 2023 йил 7 октябрда кескин ёмонлашди. Ҳамас ҳаракати Исроилга қарши кенг кўламли ҳужум уюштирди. Жангчилар Исроилга йирик ракета ҳужумини амалга оширди, унинг ҳудудига бостириб кирди ва 1200 га яқин кишини ўлдирди. Шунингдек, жангчилар 250 га яқин кишини гаровга олиб, Ғазо секторига олиб кетишган. Кейинчалик гаровга олинганларнинг бир қисми алмаштирилди ёки озод қилинди, баъзилари эса вафот этди.

Исроил бунга жавобан Ҳамасга қарши уруш эълон қилди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, қуруқликдаги операция ва секторни бомбардимон қилиш натижасида 43 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Фаластинлик жангчиларни Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати қўллаб-қувватлади. У мунтазам равишда Ливандан Исроилга қарата ўт очяпти. ЦАҲАЛ Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳарбий операция ўтказмоқда.

Мавзуга оид