Жаҳон | 16:43 / 07.12.2024
6981
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё аҳолиси сони 80 миллиондан ошди

Ўзбекистон минтақада энг кўп ва энг зич жойлашган аҳолига эга давлат бўлиб турибди.

Фото: Sputnik/Рамиз Бахтияров

2024 йил декабрига келиб Марказий Осиё аҳолиси 80 миллион кишидан ошди. Сўнгги 24 йил ичида ҳудудда аҳоли сони қарийб 1,5 баробар кўпайди. Бундай маълумотлар Евроосиё тараққиёт банкининг (ЕОТБ) макроиқтисодий прогнозида келтирилган.

Қайд қилинишича, минтақа аҳолиси ҳар йили ўртача 1 миллион кишига кўпайиб, барқарор демографик ўсиш давом этмоқда.

Маълумотларга кўра, Тожикистон ва Ўзбекистон демографик ўсиш бўйича етакчи бўлиб қолмоқда. Тожикистонда аҳоли сони жорий йилнинг 1 январ ҳолатига кўра 10 миллион кишини ташкил этди, бу 1991 йилга нисбатан 80 фоизга кўпдир. Ўзбекистонда аҳоли сонининг йиллик ўсиши 1,1-1,2 фоизга тенг. Мамлакатда 36,7 миллиондан ортиқ аҳоли итсиқомат қилади. Бу ҳудуддаги аҳоли энг зич жойлашган мамлакат бўлиб қолмоқда.

Марказий Осиё давлатлари аҳолиси сони (млн киши):

36,7 – Ўзбекистон;

20,0 – Қозоғистон;

10,0 – Тожикистон;

7,1 – Қирғизистон;

7,0 – Туркманистон. 

Марказий Осиё аҳолисининг ўртача ёши тахминан 26,2 ёшни ташкил этади, бу эса ёшларнинг устунлигини кўрсатади.

Аҳолининг тез ўсиши Марказий Осиё давлатлари олдига барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, иш ўринларини яратиш ва ҳаёт сифатини яхшилаш каби вазифаларни қўяди.

Мавзуга оид