Жаҳон | 00:50 / 10.12.2024
1623
2 дақиқада ўқилади

Австрия Шенген зонасининг кенгайишига қўйган ветосини бекор қилди

Австрия ноқонуний миграция хавфи сабаб Шенген зонаси кенгайишига қўйган ветосини бекор қилди. Бу Болгария ва Руминияга Шенген битимига тўлиқ қўшилиш имконини беради.

Фото: Dreamstime

Австрия ҳукумати Шенген зонасини кенгайтиришга қўйган ветосини бекор қилди — бу Болгария ва Руминияга Шенген битимига тўлиқ қўшилиш имконини беради. Бу ҳақда Австрия ички ишлар вазири Герхард Карнерга таяниб, Kronen Zeitung нашри хабар берди.

«Биз халақит бермаймиз. Руминия ва Болгария учун «ҳаво Шенгени»дан кейин, «ердаги Шенген» ҳам очилади», — дейди ИИВ раҳбари.

Евроиттифоқга аъзо давлатлар ички ишлар вазирлари 12 декабр куни Брюсселда ўтказиладиган учрашувда Руминия ва Болгария учун Шенген зонасини кенгайтиришни маъқуллаши кутилмоқда. ЕИ давлатларининг элчилари бу борадаги тегишли резолюцияни тайёрлаб қўйган.

Австрия 2022 йилда ноқонуний миграция хавфи сабаб Руминия ва Болгариянинг Шенген зонасига тўлиқ қўшилишини блоклаб қўйганди.

Австрия, Руминия ва Болгария, шунингдек, ЕИ Кенгашига раис сифатида Венгрия ички ишлар вазирлари 6 декабр куни чегараларни ҳимоялаш бўйича янги чора-тадбирлар пакетини келишиб олганди. Болгария ва Руминия билан қуруқликдаги чегара назорати 2025 йил 1 январдан бекор қилиниши мумкин.

Европа Иттифоқи 2023 йил декабрда 2007 йилдан бери ЕИ таркибида бўлган Болгария ва Руминияни Шенген зонасига қабул қилишга қарор қилганди. Европадаги жами 29 та давлат Шенген зонаси таркиби киради.

Европа бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳудуди – Шенген зонаси интеграция борасидаги улкан ютуқлардан бири ҳисобланади. Унга 1985 йилда ЕИнинг беш давлати (Франция, Германия, Белгия, Нидерландия ва Люксембург) томонидан асос солинган. У аста-секин кенгайиб, жаҳонда эркин ҳаракатланишнинг энг йирик ҳудудига айланган.

Мавзуга оид