Uzbekistan Airways ва Silk Avia монополистлар рўйхатига киритилди
Маҳаллий авиаташувларда бозорининг 40 фоиздан ортиғини эгаллаган Uzbekistan Airways ҳамда товар белгиси Silk Avia бўлган Uzbekistan Helicopters устун мавқега эга деб топилди. Шунингдек, Uzbekistan Airways’нинг халқаро йўналишларда йўловчи, юк ва почта ташиш хизмати бозорининг 40 фоиздан ортиғини эгаллагани ҳам эътироф этилди.
Рақобат қўмитаси Uzbekistan Airways АЖ ва Uzbekistan Helicopters МЧЖни (товар белгиси Silk Avia) устун мавқега эга деб топди. Бу ҳақда 13 декабр куни қўмита раисининг тегишли буйруғи чиқарилган.
Маълум қилинишича, Uzbekistan Airways ҳамда Uzbekistan Helicopters’нинг маҳаллий йўналишларда йўловчи ташишдаги улуши 40 фоиздан ортиқни ташкил этади.
Шунингдек, Uzbekistan Airways халқаро йўналишларда йўловчи, юк ва почта ташиш хизмати бозорининг 40 фоиздан ортиғини эгаллайди.
«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига асосан юқоридаги ташкилотлар устун мавқега эга деб эътироф этилган.
Иқтисодий концентрация ва иқтисодиётда давлат иштирокини назорат қилиш бошқармасига 3 кун ичида Uzbekistan Airways ҳамда Uzbekistan Helicopters компанияларига тегишли хабарнома юбориш буюрилган.
Маълумот учун, устун мавқе бу – товар ёки молия бозорида хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда унга ўз фаолиятини амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд уларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолат.
Товар ёки молия бозорида қуйидагилар устун мавқе деб эътироф этилади:
- агар хўжалик юритувчининг ёки шахслар гуруҳининг рақобатчилари мавжуд бўлмаса;
- агар хўжалик юритувчининг ёхуд шахслар гуруҳининг бозордаги улуши 40 фоизни ва ундан ортиқни ташкил этса;
- агар хўжалик юритувчи ёки шахслар гуруҳи табиий монополия субъекти деб эътироф этилса;
- агар хўжалик юритувчига ёки шахслар гуруҳига муайян товарларни ишлаб чиқариш ёки реализация қилиш ёхуд олиш учун белгиланган тартибда мутлақ ва эксклюзив ҳуқуқ берилган бўлса.
Мавзуга оид
17:48 / 26.04.2024
12 та йирик корхонадаги давлат улушининг бир қисми оммавий савдога чиқарилади
09:55 / 19.10.2023
Uzbekistan Airports'нинг Silk Avia'даги улуши Uzbekistan Helicopters'га ўтди
23:38 / 12.06.2023
Самарқандга парвоз қилган самолётда йўловчи сигарета чеккани аниқланди
13:24 / 24.04.2023