Ўзбекистон | 12:46 / 20.12.2024
772
2 дақиқада ўқилади

Хитойда «Темирйўлкарго» юк операторининг ваколатхонаси очилди

«Ўзбекистон темирйўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Темирйўлкарго» компанияси Хитойда илк ваколатхонасини очди. 

Фото: Ўзбекистон темирйўллари

«Ўзбекистон темирйўллари» акциядорлик жамиятининг юк оператори «Темирйўлкарго» компанияси Хитойда илк ваколатхонасини очди. У Пекинда жойлашган.

«Ўзбекистон темирйўллари» хабар қилишича, бу жамиятининг халқаро иштирокини кенгайтиради ва мултимодал юк ташишларни ривожлантириш учун янги имкониятлар очади.

Очилиш «Ўзбекистон темирйўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматилла Раҳматовнинг 14−15 декабр кунлари Хитойга ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

У Шинжон-Уйғур автоном райони (ШУАР)даги China Railway Urumqi Bureau Group раҳбари Го Цзян ва «Лянюнган порт компаниялари гуруҳи» МЖЧ партия қўмитаси котиби ўринбосари ва порт президенти Ванг Гуочао билан музокаралар ўтказди.

Муҳокамаларда ҳамкорлик истиқболлари, мултимодал ташувларни ташкил этиш, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида юк айланмасини кўпайтириш, шунингдек, контейнерли блок-поездларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, Хитойнинг чегара пунктларида вагон ва контейнерларнинг кечикиши ва тўхтаб қолиши масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар ўз ҳудудларида контейнер поездлари ва вагонлар қатновининг тезлашуви ва ҳаракатланишини йўлга қўйиш мақсадида мунтазам равишда учрашувлар ўтказишга келишиб олди.

Мавзуга оид