Трамп Путин у билан Украина масаласида учрашмоқчи эканини маълум қилди
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Аризонада ўз тарафдорлари олдида чиқиш қилар экан, Россия президенти Владимир Путиннинг Украинадаги урушни муҳокама қилиш учун у билан «имкон қадар тезроқ» учрашишни хоҳлаётгани ҳақидаги сўзларини етказди.
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путин у билан Украинадаги урушни муҳокама қилиш учун учрашиш истагини билдирганини айтди. «Президент Путин имкон қадар тезроқ мен билан учрашмоқчи эканлигини айтди», — дея Трампнинг 22 декабр, якшанба куни Аризона штатида ўз тарафдорлари олдидаги чиқиши чоғида қилган баёнотидан иқтибос келтирган Американинг CNBC телеканали ўз сайтида.
«Шундай қилиб, биз буни кутишимиз керак (Владимир Путин билан учрашувни), аммо бу урушни тугатишимиз керак, бу уруш даҳшатли», — дея қўшимча қилди республикачи.
Декабр ойи бошида Доналд Трамп Нотр-Дам собори реставрациясидан кейин очилиш маросими бўлиб ўтган Парижга ташрифи чоғида Франция президенти Эммануэл Макрон билан учрашди, унга Украина президенти Володимир Зеленский ҳам қўшилди. Ушбу уч томонлама мулоқот натижасида Трамп Украинада «зудлик билан ўт очишни тўхтатиш»га чақирди.
FT: Трамп Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишга ваъда берди
Доналд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришгач, Украинага ёрдам беришда давом этишни режалаштирмоқда, деб ёзади Financial Times (FT) газетаси 20 декабр куни Республикачилар жамоасига таяниб. Шу билан бирга, Трамп, FT манбаларига кўра, НАТО аъзоларидан мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишни талаб қилмоқчи. Музокаралардан хабардор одамлар журналистларга маълум қилишича, АҚШ сайланган президентининг ташқи сиёсатдаги энг яқин ёрдамчилари шу ойдаги маслаҳатлашувлар чоғида Европанинг юқори мартабали амалдорларига унинг позицияси ҳақида маълумот беришган.
Айни пайтда НАТОга аъзо 32 давлатдан атиги 23 таси ялпи ички маҳсулотининг камида 2 фоизини ҳарбий эҳтиёжларга сарфлайди, дея эслатади FT. Ушбу харажатларни 5 фоизга ошириш уларни икки баробардан кўпроққа кўтаради. Трампнинг режалари билан таниш бўлган европалик амалдорлардан бири нашр билан суҳбатда гап кўпроқ ЯИМнинг «уч ёки ундан кўп фоизи» ҳақида кетаётганини таъкидлади. Унинг аниқлик киритишича, Қўшма Штатлар бу мавзуни 2025 йил июн ойида Ҳаагада бўлиб ўтадиган Шимолий Атлантика алянси саммитида муҳокама қилмоқчи.
Оқ уйга кўра, АҚШ мудофаа харажатлари 2024 йилда ЯИМнинг 3,1 фоизини ташкил қилади. Трампнинг биринчи президентлик муддатининг сўнгги йилида (2020 йилда) Пентагон харажатлари 3,4 фоизга етди, деб ёзади FT.
Мавзуга оид
19:00
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
17:01
Трамп Панама каналини олиб қўйиш билан таҳдид қилди
14:14
Кремлда Путин ва Словакия бош вазири ўртасида учрашув бўлиб ўтди
13:17