Жаҳон | 21:05 / 24.12.2024
2614
2 дақиқада ўқилади

Ироқ АҚШ қўшинларини ўз ҳудудида қолдиришга тайёр — ОАВ

АҚШ ҳарбий контингенти 2026 йил охиригача Ироқни тарк этиши ҳақида келишув бор эди. Бироқ, Суриядаги воқеалар Ироқ ҳукумати фикрини ўзгартиргани таъкидланмоқда.

Фото: AP

Ироқ ҳукумати АҚШ ҳарбийлари томонидан хавфсизликни таъминлаш зарурати ҳақидаги фикрини ўзгартирди, деб ёзди The Washington Post. Таъкидланишича, «минтақада содир бўлган сўнгги воқеалардан сўнг» Бағдод АҚШ қўшинларининг олиб чиқилиши учун аввал белгиланган муддатлардан воз кечиш ҳақида ўйламоқда.

Ироқ ҳудудидаги хорижий кучларни қисқартириш бўйича келишув бу йил АҚШ ва Ироқ ҳукумати ўртасида имзоланди. Унга кўра, мамлакатда жойлашган АҚШ қўшинлари 2026 йил охиригача ҳарбий базаларни тарк этиши лозим эди. Шу билан бирга, маҳаллий хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш ва қўшни Суриянинг шимоли-шарқий қисмида фаолият юритаётган Америка контингентига моддий-техник ёрдам кўрсатиш учун Ироқда фақат кичик бир гуруҳ қўшин қолиши керак эди.

Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) қайд этганидек, Ироқ ҳукуматининг хорижий контингент мавжудлиги муаммосига ёндашувидаги ўзгаришлар ИШИД қолдиқлари ва бошқа тузилмалар олдидаги «қўрқувни акс эттиради». Бағдод Дамашқни қўлга киритган гуруҳларни ҳамон ИШИД каби радикал кучлар деб билади ва «2014 йил такрорланиши»дан қўрқади. Шу йили Ироқнинг энг муҳим шаҳри Мосул ИШИД тарафдорлари қўлига ўтган эди.

Қўшма Штатларнинг ўзи тез ўзгарувчан вазият шароитида Яқин Шарқдаги қўшинлари сонини оширмоқда. Курд кучлари ҳаракат қилаётган Сурия шимоли-шарқида қўшинлар сони икки баравар кўпайгани ҳақидаги кутилмаган эълондан сўнг, Пентагон матбуот хизмати «баъзи қўшимча, вақтинчалик қўллаб-қувватлаш кучлари» Ироқ тупроғига ҳам жойлаштирилганини айтди. Бироқ, «оператив хавфсизлик ва дипломатик нуқтаи назардан» аниқ статистик маълумотлар берилмади.

Мавзуга оид