Ўзбекистон | 14:53 / 25.12.2024
10488
3 дақиқада ўқилади

Хитой компанияси Аския бозорини 225,6 млрд сўмга сотиб олди

Яккасарой туманида жойлашган Аския деҳқон бозори "Sheng Ke-International" МЧЖга 225,6 млрд сўмга сотилди. 15 дақиқа давом этган аукционда Хитой компаниясининг бошланғич баҳодан 5 фоизга юқори нарх таклифи ғолиб деб топилган.

Жорий йил 20 декабр куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Аския бозори ҳудуди ва бино-иншоотларини сотиш бўйича аукцион ўтказилган. Бошланғич нарх – 214,9 млрд сўм.

E-auksion платформасида жойлаштирилган маълумотга кўра, савдо жараёни 15 дақиқа давом этиб, унда 2 та компания иштирок этган. Якунда бошланғич баҳодан 5 фоизга юқори нарх – 225,6 млрд сўм таклиф қилган Хитойнинг Sheng Ke-International компанияси ғолиб деб топилган. Иккинчи компания нарх таклифи билан чиқмаган.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, харидор Sheng Ke-International МЧЖ 2024 йил 23 майда Тошкентда рўйхатга олинган. Жорий устав фонди – 68 млрд сўм. Фаолият йўналиши – ихтисослаштирилган қурилиш ишлари.

Аския бозорининг реконструкция қилиниши

Аския бозори ҳудудининг хусусий қўлларга берилиши 18 ноябр куни маълум бўлганди. Шу куни туман ҳокими Нилуфар Аллабергенова ҳозирги бозор ўрнида экобозор, совиткич омборхона, ерости автотураргоҳ ва 4 юлдузли меҳмонхона қуриш лойиҳасини тақдим этганди. Кейинроқ E-auksion сайтида қўшимча маълумотлар берилди.

Қайд этилишича, сотилган объектнинг умумий майдони 1,83 гектар бўлиб, шундан 0,68 гектарда бинолар жойлашган. Бино-иншоотларнинг умумий майдони – 7439 кв.м.

Real Excellent Valuation компанияси 1 июл кунги ҳисоботида Аския бозорининг бино-иншоотлари бозор қийматини 9 млрд сўмга, ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини эса 180 млрд сўмга баҳолаган.

Харидор бозор фаолиятини сақлаб қолган ҳолда уни қайта қуриши: камида 3000 квадрат метр майдонга эга экобозор, камида 1200 квадрат метр майдонга эга музлаткичли омбор ва камида 400 та автомобилга мўлжалланган ерости автотураргоҳини барпо этиши керак бўлади.

Қурилиш тугагач, инвестор умумий майдони 42 сотих бўлган экобозор, музлаткичли омбор ва автотураргоҳни – уларнинг қийматидан қатъи назар – бозор акциядорларига текинга топшириши керак. Бунинг эвазига инвестор қолган 1,4 гектар майдонни ўз хоҳишига кўра тасарруф эта олади.

Аския деҳқон бозори лойиҳа ҳудудидаги бошқа жойга кўчирилиб, иш бошламагунча лойиҳани бошлашга рухсат берилмайди. Қурилиш ишлари деҳқон бозори фаолиятига таъсир кўрсатмасдан, унинг тўлиқ функционаллигини сақлаган ҳолда амалга оширилиши лозим. Қурилиш якунлангач, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори босқичма-босқич экобозор ҳудудига кўчирилади.

Инвестор бозор ҳудудидаги хусусий мулк эгалари билан музокара ўтказиб, компенсация тўлаши ёки келишган ҳолда уларга тенг қийматли майдонлар ажратиши талаб этилади.

 

Мавзуга оид