Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Аския деҳқон бозори қайта қурилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, 16 ноябр куни “Ateca Hotel Suites” меҳмонхонасида лойиҳа бўйича тақдимот бўлиб ўтган. Унда Яккасарой туман ҳокими Нилуфар Аллабергенова, унинг ўринбосарлари, масъул ташкилот раҳбарлари, бозор маъмурияти ва тадбиркорлар иштирок этган.

Нилуфар Аллабергенованинг сўзларига кўра, аҳоли ва тадбиркорларга қулай ва шинам шароитлар яратиб бериш, эскириб қолган бозорни замонавий кўринишга қайта қуриш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бу борада бир неча инвесторлар томонидан бозорни қайта қуриш бўйича таклифлар билдирилган. Шу сабабли бозор ҳудудини “e-auksion” платформаси орқали инвесторларга таклиф этиш режалаштирилмоқда.

Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги

Яккасарой ҳокимининг айтишича, сотиб олиш таклифи билан чиққан инвестор қуйидагиларни Аския бозорининг бошқарувчиси бўлган жамиятга беғараз ўтказиб бериши керак:

  • 3000 кв метр майдонда экобозор;
  • 1200 кв метр майдонда совиткич омборхона;
  • 400 ўринга мўлжалланган ерости автотураргоҳ.

Бу талаблар Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давактив агентлиги Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва Муниципиал активларни бошқариш маркази билан келишилгани айтилмоқда.

Фото: Яккасарой тумани ҳокимлиги

“Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 150 млн доллар тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади. Янги бозор ёнида жаҳон стандартларига мос равишда қуриладиган 4 юлдузли меҳмонхона иш фаолиятини бошлайди. Лойиҳа йирик савдо комплексини ўз ичига олиб, унга ҳам жаҳон стандартлари асосида юлдуз олинади. Лойиҳа тўлиқ қувватда ишга туширилиши натижасида эса 1000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Янги бозор ҳудудида велосипедлар учун жой, ўриндиқлар, Wi-Fi зоналари, кўнгилочар ва яшил ҳудудлар ташкил этиш ҳам режалаштирилган.