Эстония ва Финландия ўртасидаги учта алоқа кабелига зарар етказилди
Бир кун олдин Болтиқ денгизида сувости электр кабели шикастлангани маълум бўлди. Финландия полицияси Кук ороллари байроғи остидаги нефт танкерини қўлга олди.
ERR порталининг 26 декабр, пайшанба куни хабар беришича, Финландия кўрфазида Эстония ва Финландия ўртасидаги учта алоқа кабели шикастланган. «Чоршанба куни кечқурун Elisa Eesti AS ва CITIC Telecom CPC Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва техник тартибга солиш департаменти (TTJA)га Эстония ва Финландия ўртасида сувости кабелларидаги узилишлар ҳақида хабар беришди», — дейилади нашрда.
Техник назорат бўлими маълумотларига кўра, Elisa концернига тегишли иккита алоқа кабели узилган ва CITIC Telecom компаниясига тегишли битта алоқа кабели шикастланган. «Айни пайтда узилишлар сабаблари номаълум, аммо кабел эгалари уларни таъмирлаш устида ишламоқда ва бу фойдаланувчиларга таъсир қилмади», деди Эстония Иқтисодий ишлар ва коммуникациялар вазирлиги матбуот котиби Лаура Лаастер. Кабел хизмати корхоналарига кўра, узилишлар якуний фойдаланувчиларга сезиларли таъсир кўрсатмайди. Кабелларнинг шикастланиш сабаблари ҳали аниқланмаган, тиклаш муддати кўрсатилмаган. Эстония ҳукумати воқеа юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказади.
Болтиқ денгизидаги электр кабелни таъмирлаш бир неча ой давом этади
26 декабр куни Финландия тизим оператори Fingrid бир кун аввал носозликка учраган Эстония ва Финландия ўртасидаги Estlink 2 электр кабели бир неча ой давомида ишламаслигини хабар қилди. Компания денгиз кабелига шикаст етказилган жой аниқланганини маълум қилди ва янги маълумотлар пайдо бўлиши билан кабелнинг ишлашини тиклаш муддатини эълон қилишга ваъда берди.
Fingrid маълумотига кўра, кабелнинг электр тармоғига уланиши 25 декабр куни тушдан кейин узилган. Компания ташқи аралашув эҳтимолини инкор этмади, бироқ ҳодиса сабабларини аниқлаш давом этишини таъкидлади. Қайд этилишича, Ҳонгконг байроғи остида сузувчи Xin Xin Tiang 2 кемаси узилиш содир бўлган жой яқинида пайқалган. Yle медиа-компаниясининг маълумотларига кўра, яна бир кема - Estlink 2 кабели ҳудудида Кук ороллари байроғи остида Санкт-Петербургдан Мисрга йўл олган ва ҳодиса аниқланганда сезиларли даражада секинлашган Eagle S.
Marinetraffic денгиз ҳаракати мониторинги хизмати маълумотларига кўра, Финландия чегара қўриқлаш хизмати патрул кемаси танкерни қирғоққа кузатиб қўйган.
Финландия полицияси сувости кабелининг носозлиги учун кема экипажлари айбдор бўлиши мумкинлигини текширмоқда, деб хабар беради Reuters. «Полиция қирғоқни қўриқлаш ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда воқеалар занжирини текширмоқда», — дейилади хабарда.
Мавзуга оид
20:30 / 28.12.2024
Ҳелсинкида кузатувлар тарихидаги энг кучли зилзила содир бўлди
20:49 / 27.12.2024
НАТО Болтиқ денгизидаги ҳарбий иштирокини кучайтиради
12:36 / 27.12.2024
Денгизда кабеллар узилиши: Финлар танкерни диверсияда гумон қилмоқда
22:17 / 25.12.2024