Жаҳон | 20:30 / 28.12.2024
2999
2 дақиқада ўқилади

Ҳелсинкида кузатувлар тарихидаги энг кучли зилзила содир бўлди

Финландия пойтахтида 1,1 магнитудали ерости силкинишлари қайд этилди. Сейсмологларга кўра, бу Атлантика океанининг кенгайиши сабаб юз берган бўлиши мумкин.

Фото: Fabrizio Bensch / Reuters

Финландия пойтахтида 27 декабр куни зилзила қайд этилди. Ерости силкиниши магнитудаси 1,1 ни ташкил этган бўлиб, Ҳелсинки кузатувлар тарихидаги энг кучли кўрсаткичга айланди, деб хабар беради Yle.

Қайд этилишича, рождествода шаҳар полициясига пойтахтнинг Кяпюля ҳудудида гумбурлаш овозини эшитган гувоҳлардан бир неча мурожаат келиб тушган. Шунингдек, ерости силкинишлари Валлила ва Ҳаага ҳудудларида ҳам қайд этилган.

Зилзила бир дақиқадан камроқ давом этган. Унинг аниқ сабаби ҳозирча номаълум, зилзила техноген характерга эгалигига оид белгилар йўқ.

Ҳелсинки университети сейсмологи Тони Вейкколайненнинг маълум қилишича, Финландияда кузатилган зилзила Атлантика океанининг кенгайиши ёки қоялардаги сув массаларининг локал ҳаракатлари сабаб юз берган бўлиши мумкин.

Финландияда 1,7 ва 2,6 магнитудали зилзилалар мос равишда 2013 ҳамда 2011 йилларда кузатилган эди.

Эслатиб ўтамиз, декабр бошларида АҚШда 7 магнитудали зилзила содир бўлганди. Ерости силкинишларининг эпицентри Фортуна шаҳридан 56 километр жануби-ғарбда жойлашган, Калифорния штатида цунами хавфидан огоҳлантириш эълон қилинган эди.

Мавзуга оид