Самарқандда "Халқ ижодиёти карвони" лойиҳаси якунланди
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан Самарқанд вилоятининг маданий ҳаётини бойитишга қаратилган "Халқ ижодиёти карвони" лойиҳаси ўз якунига етди.
Лойиҳа доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида минглаб томошабинлар учун концертлар ўтказилди.
"Халқ ижодиёти карвони"да Самарқанд вилояти санъаткорлари билан бир қаторда Қорақалпоғистон Республикаси, бошқа вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг энг яхши халқ ҳаваскорлик жамоалари ҳам иштирок этди.
Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос маданий анъаналари, санъат услуби ва ижро маҳорати намойиш этилди.
Лойиҳанинг якуний концерти 25 декабр куни Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида бўлиб ўтди.
Маданият вазири О.Назарбеков лойиҳа доирасида ўтказилган маданий тадбирлар ҳақидаги эътирофларга муносабат билдираркан, мазкур лойиҳанинг миллат руҳининг бирдамлигини оширишдаги аҳамиятига урғу берди.
"Бундай тадбирлар халқимизнинг анъаналарини асраб-авайлашга ёрдам бериб, маданий меросимизнинг бойлигини янгидан кашф этишга имкон яратади. Халқ ижоди, мусиқаси ва санъатни тарғиб қилиш орқали биз нафақат миллий бирликни мустаҳкамлаймиз, балки келажак авлодларимизга ҳам бой маданий мерос қолдирамиз", — деди у.