ФТБ собиқ ахборотчиси Смирнов 6 йилга қамалди
АҚШ суди Федерал тергов бюросининг собиқ ахборотчисини Жо Байден ва унинг ўғли Украина компаниясидан пора олгани ҳақида ёлғон гувоҳлик бергани учун қамоқ жазосига ҳукм қилди.
8 январ, чоршанба куни Калифорния округ суди Федерал тергов бюроси (ФТБ)нинг собиқ ахборотчиси Александр Смирновни АҚШ президенти Жо Байден ва унинг ўғли Ҳантер Burisma Holdings Украина энергетика компаниясидан 5 миллион доллар пора олгани ҳақида ёлғон маълумот бергани учун олти йилга озодликдан маҳрум қилди.
2024 йил декабрида Смирнов ФТБга Жо Байден ва унинг ўғли томонидан олинган пора ҳақида ёлғон гапирганликда айбини тан олди. Бундан ташқари, Смирнов солиқ тўлашдан бўйин товлаган. Суд, шунингдек, судланувчига АҚШ Солиқ хизматига 675 минг доллар тўлаш мажбуриятини юклади.
Суд жараёнида прокурорлар Смирновнинг Байденларга қарши асоссиз коррупция айбловлари «тасаввур қилиш мумкин бўлган сайлов аралашувининг энг жиддий турларидан бири» эканлигини айтди, чунки улар 2020 ва 2024 йилги сайловларга таъсир кўрсатди, дея хабар беради CNN.
Тергов, шунингдек, Смирновнинг Байден оиласига қарши сохта айбловлари 2023 йил сентябрида АҚШ Конгрессида кучли реакцияга сабаб бўлгани ва президент Жо Байденга импичмент жараёнини бошлаши мумкин бўлган тергов учун асос бўлганини таъкидлади.
Смирновнинг ёлғон гувоҳлик бериш иши
43 ёшли Александр Смирнов СССРда туғилган Америка-Исроил фуқароси. У 2024 йил 14 февралда хориждан Қўшма Штатларга қайтгач, ҳибсга олинган ва Жо Байден ва унинг ўғли Ҳантерга қарши ёлғон баёнот берганликда айбланган. CNN хабар қилишича, айбланувчи Россия разведкаси билан ҳамкорлик қилганини, хусусан, ундан Байденлар ҳақида ёлғон маълумот олганини тан олган.
Айблов хулосасига кўра, Смирнов 2020 йилда Ҳантер Байденга нисбатан тергов давомида Burisma раҳбарияти унга 2015 ва 2016 йилларда Жо Байденнинг ўғлини «отаси орқали» компанияни АҚШдаги «ҳар хил муаммолардан» ҳимоя қилиш учун ёллаганини тан олганини даъво қилган. Смирнов, шунингдек, Burisma раҳбарияти Украина Бош прокурори ташаббуси билан компанияга нисбатан бошланган тергов билан боғлиқ «барча масалаларни ҳал қилиш» учун Жо ва Ҳантер Байденнинг ҳар бирига 5 миллион доллар тўлаганини билдирган.
Жо Байден ўша пайтда Барак Обама кабинетида вице-президент эди. Ҳантер Байден 2014 йилдан 2019 йилгача Burisma директорлар кенгашида ишлаган. АҚШ махсус прокурори Дэвид Вайс ўз баёнотида маълумот тарқатувчи кўрсатмасидаги порахўрлик айбловларини президентликка номзод сифатида Жо Байденга нисбатан душманлик туфайли тўқиб чиқарганини таъкидлади.
Мавзуга оид
08:19 / 02.01.2025
ФТБ Янги Орлеандаги фожиани теракт сифатида тергов қилмоқда
11:35 / 12.12.2024
ФТБ раҳбари Рэй Трамп инаугурациясигача ўз лавозимини тарк этади
11:10 / 04.12.2024
ФТБ АҚШда яшовчи россиялик аёлни ФСБ билан ҳамкорликда айбламоқда
13:13 / 21.08.2024