Жаҳон | 11:47 / 21.10.2020
3934
2 дақиқада ўқилади

Испанияда комендантлик соати жорий этилиши кутилмоқда

Испаниянинг айрим ҳудудларида COVID-19 туфайли чекловлар ўрнатилмоқда. Хусусан, Бургос ва Аранда-де-Дуэро (Кастилия-Леон) ўртасида алоқа чекланган, Арагонда барлар ва ресторанларнинг иш вақтига чеклов қўйилган, кечқурунги соат 10дан эрталабки соат 8гача алкогол маҳсулотлари сотиш тақиқланган. Каталонияда 24 соат давомида ишлаб келувчи муассасаларнинг иш вақти кечқурунги соат 10да тўхтатилади ва иш эрталабки соат 7дан эрта бошланмайди.

Фото: Reuters

Испания ҳукумати коронавирусга чалинганлар сони кун сайин ортиб бораётгани туфайли баъзи ҳудудларда комендантлик соати жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берган.

Испания Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозирги кунда коронавирус инфекцияси бўйича энг ёмон бўлган минтақаларда, жумладан, пойтахт Мадридда ҳам карантинни кучайтиришни режалаштирган. Айрим ҳудудларда комендантлик соати жорий этилиши ҳам мумкин. Бу маҳаллий даражада кўриб чиқилади, аммо қарорларсиз ҳукумат ҳаракат қила олмайди.

Комендантлик соати жорий этиш учун фавқулодда ҳолат ҳолатини қайтариш талаб этилади. Бу қарор қабул қилиниши керак бўлган парламентда эса партиялар ўртасида келишмовчиликлар авж олган.

Испанияда 20 октябрь куни 13,8 мингдан ортиқ янги касалланиш ҳолати қайд этилган. Ёз давомида вазият барқарор бўлиб турганди, сўнгги ҳафталарда эса кунлик ҳолатлар сони муттасил равишда ўсмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Испанияда коронавирус туфайли бутун провинциялар алоҳидаланган. Пандемия бошидан буён 650 мингдан ортиқ аҳолига эга бўлган Наваррада 25,8 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати аниқланган.

Шунингдек, сайёҳлар орасида машҳур бўлган Ибицада коронавирус туфайли чекловлар ўрнатилган. 

Мавзуга оид