Ўзбекистон | 16:48 / 24.02.2026
3753
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш бўйича тажриба лойиҳаси яратилади

Бунинг учун Франция, Хитой ва Саудия Арабистони каби мамлакатлар тажрибаси ўрганилади. 2026 йилги давлат дастурига кўра, пилот тажрибалар доирасида камида 3–5 та амалий синов ўтказиш, бу орқали ёғингарчилик ўзгаришини табиий фонга нисбатан 10–20 фоизга ўстириш кўзда тутилган.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш технологиясига илмий асосланган ҳолда, амалий пилот лойиҳа ишлаб чиқилади. Бу – 2026 йилги давлат дастурида кўрсатилган.

Лойиҳа устидаги ишлар 2026 йил 1 мартдан бошланади.

Сунъий ёмғир ёғдириш учун Франция, Хитой, Саудия Арабистони каби хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилади.

Пилот тажрибалар доирасида камида 3–5 та амалий синов ўтказилади. Бу орқали ёғингарчилик ўзгариши табиий фонга нисбатан 10–20 фоизга ўсиши таъминланади.

Вазифа ижрочилари – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Фанлар академияси ва Тошкент вилояти ҳокимлиги.

Маълумот учун, 2025 йил апрел ойида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда илк марта ёмғир ёғдириш технологияси жорий этилганини хабар қилганди. Хабарда айтилишича, Навоий вилоятининг Конимех туманида ёғингарчиликни сунъий равишда юзага келтирувчи замонавий аппарат олиб келинган бўлиб, лойиҳа Қозоғистоннинг “International Centre of Climate Change Technologies” (ICCT) компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид