Ўзбекистон | 08:29 / 24.10.2020
10587
4 дақиқада ўқилади

Президент Ўзбекистонда Ҳарбий тиббиёт академиясини ташкил этиш тўғрисида қарор имзолади

Юқори малакали офицер кадрлар тайёрлаш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, улар учун узлуксиз, босқичма-босқич ва мақсадли ўқитиш тизимини яратиш ҳамда ҳарбий-тиббий соҳада таълим, фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсад қилинган.

Иллюстратив фото

Президент “Ҳарбий тиббиёт соҳасида кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети негизида Мудофаа вазирлигининг юридик шахс мақомига эга бўлган Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилмоқда.

Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирликлар ва идоралар учун ҳарбий тиббиёт соҳасида замонавий талабларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • тиббиёт соҳасида тор мутахассисларни, илмий-педагогик кадрларни ҳамда захира ва резервдаги тиббиёт хизмати офицерларини тайёрлаш;
  • таълим жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик ва инновацион тиббиёт технологиялари, замонавий ўқув дастурлари ва ўқув-услубий ёндашувларни кенг жорий этиш;
  • ҳарбий тиббиёт амалиётида мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;
  • миллий ва хорижий етакчи олий, олий ҳарбий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро ҳамкорликда таълим жараёнини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасида илмий тадқиқотларни ўтказиш;
  • таълим олувчиларни инсонпарварлик ва юксак маънавий ғоялар асосида, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш.

Белгиланишича, Академия:

  • давлат олий ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланади;
  • Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультетининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
  • Давлат герби тасвири ва давлат тилида номи туширилган муҳр, банк ҳисобварағи ва хорижий валютадаги банк ҳисобварағи, штамп ва бошқа реквизитларга эга бўлади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

  • Академияда таҳсил олиш учун 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб номзодлар Ўзбекистон олий тиббий таълим муассасалари даволаш факультетларининг бешинчи босқичини ва тиббий-профилактика факультетларининг тўртинчи босқичини тамомлаган, ўқиш якунлари бўйича энг юқори натижаларни кўрсатган, ўқишини Ҳарбий тиббиёт академиясида давом эттириш ва келгусида контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирган, шунингдек, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматга яроқли бўлган талабалар орасидан Мудофаа вазирлиги томонидан танлаб олинади;
  • Академияда курсантларнинг мажбурий икки йиллик ўқиши икки босқичли ҳарбий тиббиёт ўқув дастури асосида: биринчи йил – бакалавриатда, иккинчи йил – Қуролли Кучлар учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ҳарбий интернатурада амалга оширилади;
  • Академиянинг бакалавриат босқичини тамомлаган курсантларга дастлабки “тиббий хизмат лейтенанти” ҳарбий унвони ва “ҳарбий врач” мутахассислигини берадиган давлат намунасидаги диплом ҳамда ҳарбий интернатурани тамомлагач, навбатдаги “тиббий хизмат катта лейтенанти” ҳарбий унвони ва тегишли мутахассислик берилганлиги тўғрисида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади;
  • Академиянинг ҳарбий тиббиёт ўқув дастури асосида таълим олган битирувчиларнинг олий тиббий таълим муассасалари даволаш ва тиббий-профилактика факультетларидаги ўқиши Академиядаги ўқишга тенглаштирилади;
  • тиббиёт соҳасидаги тор мутахассисликлар бўйича тиббиёт кадрлари Академиянинг клиник ординатура ва магистратурасида, илмий-педагогик кадрлар эса унинг докторантурасида тайёрланади;
  • Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали Академиянинг ўқув ва клиник базаси, шунингдек, асосий таъминот маркази ҳисобланади.

Академияга 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

  1. бошқа тиббий таълим муассасаларини битирган тиббиёт ходимларини тўлов-контракт асосида қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга;
  2. ҳукуматлараро битим ва шартномалар асосида хорижий давлатлар учун тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга рухсат этилади.
Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид