Жаҳон | 22:25 / 07.02.2024
14209
8 дақиқада ўқилади

Ғазо бўйича келишувлар, Украинага ракета ҳужуми ва даромадлари пасайган «Газпром» — кун дайжести

Сўнгги бир кун ичида жаҳонда содир бўлган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестда таништиришда давом этамиз.

Исроил ва ҲАМАС келишуви

ҲАМАС ва Исроилнинг келишувига яқин қолган бўлиши мумкин.

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Исроил билан муайян келишувлар бўйича ўз жавобини ҳаракат раҳбарияти ва фракциялари билан маслаҳатлашувлар тугаганидан сўнг Қатар ва Миср вакилларига берганини эълон қилди.

Бу борада Доҳада бўлиб турган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ҳам ўз муносабатини билдирган:

«Биз келишув борасида ҲАМАСнинг айрим эътирозлар билдирилган, умуман олганда эса ижобий жавобини олдик. ҲАМАСнинг реакцияси оптимизм бахш этади, бироқ вазият нозиклиги туфайли тафсилотларга тўхталмаймиз», — деган Блинкен.

Унинг сўзларига кўра, ҳуманитар келишув истиқболга эга ва «барча учун манфаатли» бўлади.

ҲАМАС ҳаракати етакчиси Ғазий Ҳамад ҳам келишув борасида Al Jazeera каналига интервю берган. Унга кўра, келишувдаги кўплаб масалалар ноаниқ ва икки маъноли бўлган.

«Нетаняҳу ўзининг коалицион ҳукуматини сақлаб қолиш учун барчани ғалабага эришгани ёки эришишига ишонтирмоқчи», — деган Ҳамад.

ҲАМАС Исроил билан келишувнинг амалга оширилиши учун халқаро кафолат талаб қилган. Улар Исроил қамоқхоналарида имкон қадар кўпроқ фаластинликларнинг озод қилинишига эришмоқчи. Эслатиб ўтамиз, айни дамда Исроил қамоқхоналарида 9 мингга яқин фаластинлик маҳбуслар сақланмоқда.

«Исроил ўт очишни тўхтатишни ўзининг мағлубияти сифатида қабул қилади ва бу ҳукумат коалициясининг тарқалишига олиб келиши мумкин», — деган Ҳамад.

Сулҳ музокаралари кетаётган бир чоғда Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари давом этмоқда. Секторда ўлдирилган фаластинликлар сони 27 минг 585 нафарга етган, ярадорлар 66 мингдан ошган. Сўнгги сутка ичида Исроил ҳужумлари натижасида 107 киши ҳалок бўлган, 143 киши яраланган. 

АҚШнинг Яқин Шарқдаги зарбалари

Америка Қўшма Штатлари Яқин Шарқдаги зарбаларини бас қилмоқчи эмас. Бу ҳақда Қатар пойтахти Доҳада ўтган матбуот анжуманида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен таъкидлаб ўтган.

АҚШнинг Ямандаги махсус вакилининг таъкидлашича, Қизил денгизда ҳусийчиларни кемаларга ҳужум қилишга Эрон ундамоқда.

«Ҳусийчилар қилаётган иш сулҳга эришиш ҳаракатларига тўсқинлик қилиб, фаластинликларга зарар етказади. Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказилишини қийинлаштириб, минтақада таранглик ва босимни кучайтиради», — деган у.

Унга кўра, ҳусийчиларни тўхтатиш бўйича жиддий мажбурият бор ва алалоқибат Эрон изоляцияда қолиб кетиши мумкин. 

Россиянинг Украинага тунги ҳужуми

7 февралга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Украина шаҳарларига ёпирилма ракета зарбалари беришган. Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотларига кўра, ракеталар Россиянинг Мурманск областидаги Оленя аэродромидан парвоз қилган Ту-95 самолётларидан учирилган.

Ракеталарнинг бир қисми пойтахт Киевга йўналтирилган. Украина пойтахти мэри Виталий Кличкога кўра, шаҳарда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушган ва бир неча портлашлар рўй берган. Киев узра ва унга яқин ҳудудда умумий ҳисобда 20 та қанотли ракета уриб туширилган. Уриб туширилган ракеталарнинг бўлаклари Днипро туманида иккита юқори волтли линияга зарар етказган. Бунинг оқибатида Днипро дарёсининг сўл соҳилидаги аҳоли электр энергиясисиз қолган.

Портлашлар шунингдек Харкив ва Миколайив шаҳарларида рўй берган. Миколайив шаҳри мэрига кўра, ракеталар турар жойларнинг томларини учирган. Бир киши жонлантириш бўлимида вафот этган. 

Европадан Россияга «ҳарбий солиқ»

Европа Иттифоқида Украинага ёрдам бериш мақсадида Россия билан савдо-сотиқ учун «ҳарбий солиқ» жорий этиш таклиф этилди.

Бундай таклиф билан Европа парламентининг Литвадан депутати Юозас Олекас чиқиш қилган. Унинг Европа комиссиясига йўллаган хатида Россия ва Европа Иттифоқи ўртасида ҳамон сезиларли савдо айланмаси мавжудлиги қайд этилган. Хусусан, Россия бюджети Европа ва G7 давлатлари билан савдо-сотиқ қилишдан йилига 200 млрд доллар даромад олмоқда.

«Россия билан савдо-сотиқни тўлиқ эмбарго қилиш аввалгидек имконсиз экан, Россиядан харид қилинаётган ёки унга сотилаётган ҳар қандай товар ва хизматлар солиққа тортилиши керак», — дейилади хатда. Олекас бундай солиқ пайдар-пай ошириб борилиши ва компанияларни Россия билан савдо-сотиқ қилишни тўхтатишга мажбурлаш кераклигини ҳам қайд этган.

Украинага Россия ҳисобидан ёрдам қилиш борасида яна бир хабар. Европа Иттифоқи Белгиянинг Украинага ёрдам кўрсатиш учун Россиянинг музлатилган активларидан гаров сифатида фойдаланиш ғоясини маъқулламаган.

Reuters агентлиги суҳбатлашган Европа мулозимлари бошқа мамлакатнинг суверен активларни хатлаш учун ҳуқуқий асослар йўқлигини кўрсатиб ўтишган. Бундан ташқари, иттифоқдагилар кўриладиган бундай чора инвесторларнинг евродан воз кечишига олиб келиши мумкин, деб чўчишмоқда. 

Украинага Европадан қўллов

Европа Иттифоқи Украина қуролли кучлари ва ҳарбий саноатини ўзининг ҳарбий имкониятларининг бир қисмига айлантиради, деган Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа парламенти сессиясида.

У европаликларга «яқин келажакда Украина сафимизда бўлади», деб ваъда берган. Лекин бунгача «жуда кўп азоб-уқубатлар борлиги»ни ҳам таъкидлаган. Еврокомиссия раҳбарига кўра, Европа иттифоқи «ўзи ишонаётган нарса учун энг юқори нархларда тўлов қилишга тайёр» ва «Украина билан урушнинг ҳар бир кунида ва ундан кейин ҳам бирга қолиш» ниятида.

Европа Кенгаши раҳбари Шарл Мишел эса Европа парламентида чиқиш қила туриб, Украина Қрим ва Луҳанскдан Россия фойдасига воз кечиб, тинчликка эришиши керак, деган чақириқлардан шокка тушганини таъкидлаган. Унинг таъкидлашича, Украинага қурол-яроғ етказиб бериш «Европанинг маънавий бурчи, ҳар бир европаликнинг бўлғуси авлодлар олдидаги мажбурияти». Шарл Мишел Украина учун сарфланган ҳар бир еврони «Европа Иттифоқининг хавфсизлигига киритилаётган инвестиция» деб атади.  

«Газпром» даромадлари пасаймоқда

Россиянинг энг йирик газ компанияси «Газпром»нинг газ қазиб олиш ҳажми компаниянинг бутун тарихидаги минимумларга пасайган.

Европанинг кўплаб давлатларини газдан узиб, ўзининг ягона йирик бозорини қўлдан чиқариб, «Газпром» газ қазиб олишни камайтиришга мажбур бўлмоқда.

2023 йил якунларига кўра «Газпром» 404 млрд метр куб газ қазиб олган. Бу урушнинг биринчи йилига нисбатан 9 млрд метр кубга ёки 2 фоизга камроқ.

«Газпром» томонидан якуний ишлаб чиқарилган газ ҳажми компания мавжуд 34 йил ичида энг пасти бўлган. 1990 йилга нисбатан солиштирилганда «Газром» қазиб олинаётган газ ҳажмининг учдан бир қисми ёки қарийб 200 млрд метр кубини йўқотган.

Европага етказиб беришлар 28 млрд метр кубгача пасайган. Бу 1970-йиллар иккинчи ярмидаги ҳажмга тенг. 2023 йилда Хитой «Сила Сибири» газ ўтказиш қувури орқали рекорд 23 млрд метр куб газ харид қилган. Лекин бу урушгача Европа Иттифоқига қилинган экспорт ҳажми — 180 млрд метр кубнинг саккиздан бир қисмини қоплаган, холос.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид