Жаҳон | 18:31 / 07.07.2025
27002
5 дақиқада ўқилади

Путин транспорт вазири лавозимидан бўшатган Старовойт ўзини отиб ўлдирди

ОАВ ва телеграм-каналларга кўра, унга Украина билан чегарада истеҳкомлар қуришдаги фирибгарлик бўйича жиноий иш қўзғатилганди.

Александр Кряжев / РИА Новости / Спутник / IMAGO / SNA / Scanpix / LETA

53 ёшли Старовойтнинг ўқотар қуролдан олинган жароҳатлар бўлган жасади душанба куни Одинцово шаҳар округи ҳудудида топилди, деб хабар бермоқда Тергов қўмитаси.

«Россия Тергов қўмитаси Бош тергов бошқармасининг Москва области бўйича тергов органлари воқеа жойида ишламоқда, ҳодиса тафсилотлари аниқланмоқда. Асосий версия – ўз жонига қасд қилиш», – дейилади вазирлик баёнотида.

Аввалроқ, душанба куни Россия президенти Владимир Путин Старовойтни Россия Транспорт вазирлиги раҳбари лавозимидан истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ҳужжатда амалдорнинг ишдан бўшатилиши сабаблари ҳақида формулировка йўқ эди.

Старовойт бир йилдан сал кўпроқ вақт – 2024 йил май ойидан бери вазир лавозимида ишлаган. Бунгача у беш йилдан ортиқ вақт давомида Курск области губернатори бўлган.

Старовойтдан кейин губернатор вазифасини вақтинча Алексей Смирнов бажарди, у бунгача регион ҳукумати раиси бўлиб ишлаган. Губернатор лавозимида у бир йил ҳам ишламади – декабр ойида истеъфога чиқди ва 2025 йил апрел ойида ҳибсга олинди.

Смирнов Украина билан чегарада мудофаа иншоотлари қурилиши учун «Курск областини ривожлантириш корпорацияси»га ажратилган маблағлардан 1 млрд рублни ўғирлашда гумонланган.

«Интерфакс» 2022-2023 йилларда федерал бюджетдан Курск области ҳукуматига «мамлакатни Украина ҳарбий тажовузидан ҳимоя қилиш мақсадида ҳимоя иншоотлари (блиндажлар, ўт очиш нуқталари, таянч пунктлари, танкка қарши пирамидалар ва хандақлар) қуриш учун» 19,4 миллиард рубл ажратилгани ҳақида ёзган эди.

2024 йил август ойида, Смирнов Курск областига раҳбарлик қилаётганида, регионнинг бир қисми, жумладан Суджа шаҳри (Суджа районининг маъмурий маркази) Украина қуролли кучлари томонидан эгаллаб олинганди.

ОАВ ва телеграм-каналлар манбаларининг таъкидлашича, Старовойтга нисбатан ҳам жиноий иш қўзғатилган бўлиши мумкин. Хусусан, «Коммерсант» Смирнов гўёки собиқ вазирга қарши кўрсатма бергани ҳақида ёзган.

РБК нашри маълумотларига кўра, Старовойтга нисбатан унинг Курск областидаги истеҳкомлар қурилишида ўғирликларга алоқадорлиги бўйича текширув ўтказилган.

Forbes нашри тергов органларига алоқадор бўлган манбасига таяниб, Старовойт бир кундан кўпроқ вақт олдинроқ – шанбадан якшанбага ўтар кечаси вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган. РБК агентлигининг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси ҳам Старовойтнинг жасади 5 июл, шанба куни топилгани тўғрисида хабар берган.

Давлат думасининг мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раҳбари Андрей Картаполов эса RTVI мухбири билан суҳбатда Старовойтнинг ўлими «анча олдин» рўй бергани ҳақида гапирган.

Старовойт ҳалок бўлган жойда унга мукофот сифатида берилган тўппонча топилди, деб ёзади РБК ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага таяниб. Mash телеграм-канали собиқ вазир 2023 йилда Ички ишлар вазирлиги раҳбариятидан олган мукофот қуролидан ўзини отиб ўлдирганини хабар қилган. Ўшанда Старовойт бу қуролни «вазифаларни бажаришда [ИИВга] ёрдам кўрсатгани учун» олгани айтилганди.

Старовойтнинг карьераси қандай кечган?

Старовойт 1972 йилда Курскда туғилган, аммо кўп ўтмай унинг оиласи Санкт-Петербургга (ўшанда – Ленинград деб номланган) кўчиб ўтган. У ўз сиёсий фаолиятини ҳам айнан шу шаҳарда бошлаган.

Старовойт ўз вақтида Петербургга губернаторлик қилган Валентина Матвиенконинг жамоасида эди – у Смолнийда инвестициялар ва стратегик лойиҳалар қўмитасида ишлаган.

Аввалига у Петербургда автомобил заводлар (Toyota, Nissan, Suzuki) қурилиши бўйича лойиҳага масъул бўлган, кейин эса қўмита раиси Максим Соколовга (ҳозирда – «АвтоВАЗ»нинг президенти ва бош директори) биринчи ўринбосарга айланиб, шаҳардаги йирик қурилишларни назорат қилган.

Соколов ортидан Старовойт ўша пайтда Владимир Путин бошчилигидаги Россия ҳукумати аппаратининг саноат ва инфратузилма департаментига ўтган – у ерда Сочи Олимпиадасига тайёргарлик кўрган ва бош вазир ўринбосари Дмитрий Козакнинг топшириғига биноан Санкт-Петербургнинг тарихий марказини реконструкция қилиш бўйича федерал мақсадли дастурни ишлаб чиқишни назорат қилган.

2012 йилда, Соколов Россия транспорт вазири этиб тайинланганида Старовойт Россия автойўлларига раҳбар бўлган, 2018 йилда эса транспорт вазирига ўринбосарликка ўтган

2018 йил октябрда Старовойт Курск области губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланади, 2019 йил сентябрда губернаторлик сайловларида ғолиб чиқади.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид