Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурияда алавийлар геноциди пайтида 1,5 минг киши ҳалок бўлди – Reuters
Март ойида Суриянинг янги ҳукумати кучлари собиқ президент Башар Асад режимига оид диний озчилик – алавийларни оммавий қирғин қилгани таъкидланмоқда.
Фото: Reuters
Reuters нашри журналистлари 2025 йил 7-9 март кунлари Суриянинг денгизбўйи ҳудудларида алавийларнинг оммавий қирғин қилиниши юзасидан кенг кўламли текширув ўтказди.
Агентлик маълумотларига кўра, уч кун ичида ҳокимиятдан ағдарилган президент Башар Асад режимига алоқадор диний озчиликнинг 1,5 мингга яқин вакили ўлдирилган. Тергов Суриянинг Ўртаер денгизи соҳиллари бўйлаб жойлашган алавийлар жамоатларида оммавий қотиллик ва талон-торожга учраган 40 та жойни аниқлади. Ўлдирилганлар орасида оилалар, жумладан, аёллар, болалар, қариялар ва ногиронлар бор.
Таъкидланишича, қотилликлар тўлқини Асад тарафдорларининг 6 март куни бошланган қўзғолонига жавоб бўлди. Собиқ президентга содиқ собиқ аскарлар янги ҳокимиятнинг хавфсизлик постларига ҳужум қилди. Ҳукумат маълумотларига кўра, қўзғолонда хавфсизлик кучларининг 200 нафар ходими ҳалок бўлган.
Президент вазифасини бажарувчи Аҳмад аш-Шараа бошчилигидаги янги ҳукумат аввалги режим «қолдиқларининг» давлат тўнтаришига уринишларини бостиришга («фулул») буйруқ берган. Бироқ, таъкидланишича, кўплаб собиқ жангарилар «фулул» сўзини истисносиз барча алавийлар деб талқин қилган.
Reuters хабарига кўра, Ал-Мухтория қишлоғида 157 киши ўлдирилган, бу аҳолининг деярли тўртдан бир қисми. Санобар қишлоғида эса 236 киши ҳалок бўлган. Ар-Русафа қишлоғида 25 ёшли Сулаймон Рашид Саад ваҳшиёна тарзда ўлдирилган. Шундан сўнг, қотиллар марҳумнинг телефонидан отасига қўнғироқ қилиб, жасадни олиб кетишни буюрган.
Reuters хабарига кўра, қотилликларда Суриянинг янги армиясига қўшилган камида 12 гуруҳ иштирок этган. Уларнинг деярли ярми инсон ҳуқуқларини бузгани учун йиллар давомида халқаро санкциялар остида эди. Қирғинда иштирок этганлар орасида «400-отряд» элита кучлар бўлинмаси, «Усмон» бригадаси, Умумий хавфсизлик хизмати, «Султон Сулаймон Шоҳ» бригадаси, «Ҳамза» дивизияси, «Жайш ал-Ислом» ва Туркистон Ислом партияси бор эди. Жангчиларнинг кўпчилиги ниқоб кийиб, «сунний, сунний» деб ҳайқириб, «алавийларни қирғин қилишга» чақирган.
Президент аш-Шараа зўравонликларни мамлакатни бирлаштириш миссиясига таҳдид деб атади ва айбдорларни жазолашга ваъда берди.
«Биз мазлумларни ҳимоя қилиш учун курашдик ва ҳатто энг яқин иттифоқчиларимиз орасида ҳам қоннинг ноҳақ тўкилишига ёки жазосиз қолишига йўл қўймаймиз», деди у.
Таъкидланишича, тергов комиссияси тузилиб, мингдан ортиқ одам билан суҳбат ўтказилган.
Reuters агентлигининг таъкидлашича, шунга қарамай, алавийларни ўлдириш давом этмоқда. 10 майдан 4 июнгача Лазиқия ва Ҳама вилоятларида яна 20 алавий отиб ўлдирилган. Минглаб алавийлар ҳамон уйларига қайтишдан қўрқиб, Россиянинг Хмеймим авиабазасидаги чодир лагерларида яшамоқда.
Март ойидаги қирғиндан кейин 20 май куни Россиянинг Хмеймим авиабазасига қуролли ҳужум уюштирилган. Номаълум шахслар базанинг хавфсизлик постларини ёриб ўтишга уринган, бироқ россиялик қўшинлар томонидан тўхтатилган. Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси маълумотларига кўра, ҳужум Суриянинг янги хавфсизлик кучларига алоқадорлиги тахмин қилинган гуруҳ томонидан амалга оширилган.
Мавзуга оид
21:35 / 28.12.2025
Сурия ғарбида ўтказилган намойишлар чоғида 3 киши ҳалок бўлди
19:47 / 25.12.2025
Белгия Исроилга қарши геноцид иши бўйича халқаро судда очилган даъвога қўшилди
14:03 / 25.12.2025
Масқатда ҳужжатсиз қолган бола Ўзбекистонга қайтарилди
10:01 / 23.12.2025