Ўзбекистон | 09:25 / 04.08.2021
7213
3 дақиқада ўқилади

Сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Shutterstock

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал дастурий тизимлар илмий-амалий маркази негизида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил қилинди.

Қарорда белгиланишича, институт юридик шахс мақомига эга бўлган давлат илмий муассасаси бўлиб, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал дастурий тизимлар илмий-амалий марказининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Институт ходимларига Фанлар академияси тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилиши белгиланган.

Институт директори ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Институт тузилмасида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Институтнинг “Интеллектуал дастурий тизимлар” қўшма лабораторияси ташкил этилади. Қўшма лаборатория Институтнинг таркибий бўлинмаси ҳисобланади ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Институтга республикадаги илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасаларининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида амалга ошираётган илмий ва ўқув фаолиятига, жумладан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Фарғона филиали ҳузурида ташкил этилаётган Рақамли технологиялар илмий-инновацион марказига яқиндан кўмаклашиш ҳамда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича қўшимча вазифа юклатилади.

Қарорда мазкур институт Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Бўз-2 мавзеси, 17-а уй манзилда оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштирилиши қайд этилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид