Иқтисодиёт | 18:59 / 20.08.2025
14622
10 дақиқада ўқилади

Президент тадбиркорлар билан учрашуви якунлари бўйича фармон имзолади

Фармондаги топшириқлар ижросини кечиктирган масъулларга ижро учун белгиланган муддат тугаган кундан бошлаб то ижро этилмагунча барча рағбатлантириш тўловлари тўхтатиб қўйилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Ўзбекистон Республикаси президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.

Солиқлар бўйича енгилликлар

2025 йил 1 август ҳолатига “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” тизими орқали солиқ текширувларига номзод сифатида шаклланган ва солиқ хавфи 16 триллион сўм бўлган 20 мингдан ортиқ субъектга солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатларини ихтиёрий бартараф этиш имконияти берилган ҳолда, ушбу рўйхат 2025 йил 1 ноябр ҳолатига қайтадан шакллантирилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўловидан илк марта қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланади:

  • 1 йил давомида фойда солиғини тўлашдан озод қилиш;
  • 1 йил давомида ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун молиявий жарима қўлламаслик;
  • 6 ой давомида бухгалтерия хизматлари харажатларининг ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 бараваридан ошмаган қисмини тўлаётган солиқ тўловлари ҳисобидан чегириб ташлаш.

2026 йил 1 январдан бошлаб солиқ мажбуриятларини бажаришнинг қуйидаги проактив тартиби жорий этилади:

  • юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ бўйича солиқ ҳисоботларини шакллантириш вазифаси солиқ органларига ўтказилади ва ушбу мажбурият солиқ тўловчилар учун бекор қилинади;
  • солиқ органлари томонидан шакллантирилган солиқ ҳисоботларига солиқ тўловчи томонидан 5 иш куни ичида зарур тузатишларни киритиш ва тузатиш киритилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш ҳуқуқи берилади.

Фармонга биноан, бундан буён:

  • фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 10 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмга оширилади;
  • тадбиркорлик субъектлари ўз маблағлари ҳисобидан ижтимоий инфратузилма тармоқлари қуриб, беғараз топширганда, ушбу объектлар учун қилинган харажатлар фойда солиғи базасидан камайтирилади;
  • тадбиркорлик субъектларининг солиқ аудити натижалари бўйича молиявий санкцияларни 6 ой ичида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкцияларга ҳам татбиқ этилади.

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналар учун белгиланган жисмоний шахслардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нақд пулга харид қилинганда, ушбу товарлар учун кирим ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириш тартиби барча тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб, сайёр солиқ текширувини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий ҳисобланади. Мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган сайёр солиқ текширувлари ноқонуний ҳисобланади.

Солиқ қўмитаси 2 ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши керак:

  • солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жарима миқдорини кичик тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахсларига нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 3 бараварига тушириш, фуқаролар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 1 бараварига тушириш;
  • ҳисобот даврида бир нечта солиқ турлари бўйича солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаган ҳолатда, барча тақдим этилмаган ҳисоботлар бўйича умумий битта жарима қўллаш;
  • охирги 3 ойда солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этиб келган тадбиркорлик субъектларига солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жаримани 5 кунгача қўлламаслик.

Тадбиркорлик субъектларига иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Тегишли қонунни Олий суд Бизнес-омбудсман билан биргаликда 2025 йил якунига қадар киритиши керак.

Мораторий

Фармон асосида, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун устав капиталида давлат улуши бўлмаган хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўллаш ва ундиришга 2027 йил 1 январга қадар мораторий эълон қилинди.

Мораторий даврида муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳолатлари бартараф этилганда, қўлланилган жарималар бекор қилинади.

Давлат мулки ижараси

2026 йилдан бошлаб:

  • давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам миқдори ҳудудда шаклланган ижара тўловининг минимал бозор нархидан келиб чиқиб белгиланади;
  • давлат кўчмас мулкини ижарага бериш муддати 3 йилдан 5 йилгача оширилади.

Техник тартибга солиш

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга 2 ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини киритиш топширилди:

  • санитария, фитосанитария ва ветеринария (SPS) соҳасида ягона давлат бошқарувини ташкил этиш, “даладан дастурхонгача” тамойили асосида самарали назорат тизимини жорий этиш, рухсат бериш ҳужжатларини “хавфни таҳлил қилиш” тизими асосида “бир дарча” тамойили орқали расмийлаштириш, барча жараёнларни рақамлаштириш;
  • техник тартибга солиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, халқаро стандартларга мос техник регламентлар ва декларация тизимини кенг жорий этиш, нуфузли халқаро лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш учун шароитлар яратиш.

Туризм

2026–2028 йилларда жойлаштириш воситаларини ташкил қилиш учун камида 5 минг гектар ер участкалари электрон онлайн аукционга чиқарилади. Бунда:

  • ер участкаларининг аукцион савдоларида шаклланган нархидан келиб чиқиб, қуриладиган меҳмонхона устав капиталининг 50 фоизидан ошмаган қисмигача давлат улуши билан шерик бўлиб кириш механизми жорий қилинади;
  • давлат улушини 10 йил давомида бозор қийматида мулк иштирокчиси ёки бошқа салоҳиятли инвесторларга реализация қилиш имконияти яратилади.

2026–2028 йилларда тижорат банклари томонидан барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига меҳмонхона қуриш учун 7 йил муддатгача қуйидаги миқдорларда кредитлар ажратилади:

  • вилоят марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, туризмга ихтисослашган туман (шаҳар)ларда қурилаётган меҳмонхоналар учун – 30 млрд сўмгача;
  • бошқа ҳудудларда – 10 млрд сўмгача.

Бунда, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан:

  • 30 миллиард сўмгача кредитларнинг 50 фоизига, бироқ 10 миллиард сўмдан ошмаган миқдоригача кафиллик тақдим этилади; Марказий банк асосий ставкасининг 2 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада ажратиладиган кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоизлик пункт юқори, бироқ 8 фоиз пунктигача бўлган қисми қоплаб берилади;
  • 10 миллиард сўмгача кредитларнинг 50 фоизига кафиллик тақдим этилади; Марказий банк асосий ставкасининг 2 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада ажратиладиган кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоизлик пункт юқори, бироқ 10 фоиз пунктигача бўлган қисми қоплаб берилади.

Компенсация тўловлари “2+3” тамойили асосида аввал кредитнинг дастлабки 2 йилига тақдим этилади, кейинги 3 йил давомида меҳмонхона хизматларини кўрсатишдан тушган йиллик тушум 15 фоиз ва ундан ортиқ миқдордан ошган тақдирда амалга оширилади.

Ҳар йили сайёҳларнинг энг кўп эътиборини қозонган ва нуфузли халқаро платформаларда ижобий эътироф этилган жойлаштириш воситаларини аниқлаш ва тақдирлаш бўйича мукофот жамғармаси 1 миллион АҚШ долларига тенг танлов ўтказилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб:

  • республика туман ва шаҳарларида (вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган туризм салоҳияти юқори бўлган туман (шаҳар)лар ва туристик зоналар бундан мустасно) жойлашган жойлаштириш воситалари учун туристик (меҳмонхона) йиғимни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби бекор қилинади;
  • оилавий меҳмон уйи сифатида тан олиш учун бир вақтнинг ўзида вақтинча яшаш ва (ёки) овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатиш мумкин бўлган ташриф буюрувчилар (туристлар) сони бўйича белгиланган чегара миқдори 10 нафардан 20 нафарга оширилади;
  • тадбиркорлик субъектларининг янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун кетган харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан қоплаб бериш тизими меҳмонхонани қўшимча бино ва иншоотлар қуриш орқали кенгайтириш ёки мавжуд бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини меҳмонхона фаолиятига ўзгартиришга ҳам татбиқ этилади.

Молиявий ресурслар

2026–2027 йилларда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, зарур молиявий ва инфратузилмавий шароитларни яратиш учун жами 270 триллион сўм йўналтирилади. Хусусан:

  • эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарининг, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларининг инфратузилмасини ривожлантириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм;
  • драйвер лойиҳалар доирасида – 5 триллион сўм;
  • танлаб олинган туман ва шаҳарларни жадал ривожлантириш дастурлари учун – 6 триллион сўм;
  • тижорат банклари томонидан кичик ва ўрта бизнес учун – 250 триллион сўм, шу жумладан, тадбиркорлик дастурлари доирасида 30 триллион сўм;
  • “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан камида 5 мингта тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш учун – 4 триллион сўмлик молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари.

Фармон ижросини таъминлаш

Фармоннинг иловалари билан, ишлаб чиқиладиган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари рўйхати ва амалий тадбирлар режаси тасдиқланди. Kun.uz мазкур хабарни эълон қилаётган вақтда, фармон иловалари очиқ манбаларда ҳозирча келтирилмаган.

Фармондаги топшириқларни тўлиқ бажармаган, кечиктириб бажарган ёки ижросини таъминламаган вазирлик ва идоралар раҳбар ва масъул ходимларига топшириқ ижроси муддати тугаган кундан бошлаб ижроси таъминлангунга қадар бўлган муддатда барча рағбатлантириш тўловлари тўхтатилади.

Мавзуга оид