Жаҳон | 21:15 / 20.05.2022
49993
9 дақиқада ўқилади

Тоғли Бадахшон можароси: қурбонлар ҳақида хабарлар кўпайди, хориждаги тожиклар изоҳ талаб қилмоқда

Тожикистондаги Тоғли Бадахшон автономиясида 14 майдан буён кескинлик пасайгани йўқ. Ҳудуд раҳбарияти истеъфосини талаб қилиш билан бошланган можаро қон тўкилишигача борди. БМТ ва АҚШ Давлат департаменти вазиятга муносабат билдириб, босиқ бўлишга чорлаган.

Фото: Видеодан кадр

14 май куни Хоруғ шаҳрида юзлаб одамлар йиғилиб, Тоғли Бадахшон автономияси раҳбари Алишер Мирзонабот ҳамда шаҳар мэри Ризо Назарзоданинг истеъфосини талаб қилишди. Тўпланганлар, шунингдек, вилоят марказидаги барча блокпостларни олиб ташлаш, бадахшонликларни таъқиб қилишни тўхтатиш, ўтган йил ноябр ойида бўлган воқеаларни ҳаққоний тергов қилиш, қўлга олинган ва қамоққа ташланган фаолларни қўйиб юборишни талаб этишди. Олдинроқ ММА жангчиси Чоршанби Чоршанбиевни қўлга олишгани норозиликнинг яна бир сабабларидан эди.

Намойишчилар маҳаллий ҳукуматга ўзлари сўраётган талаблар бажарилиши учун 16 май куни соат 16:00 гача муҳлат беришди. Тоғли Бадахшон автономияси раҳбарияти ҳудуд раҳбарлари истеъфоси тўғрисидаги талабларни ноқонуний деб атаб, уни бажаришдан бош тортди.

Бу жавобдан кейин 16 май куни янада кўпроқ ёш йигитлардан иборат гуруҳ Тоғли Бадахшон автономияси администрацияси биноси томон боришди. Уларнинг йўлини тўсган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари намойишчиларга қарши кўздан ёш чиқарувчи газ ва резина ўқлар ишлатган. Расмий маълумотларга кўра, бир неча ҳарбий жароҳат олган, бир хоруғлик ҳалок бўлган.

18 май куни Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Тоғли Бадахшонда «аксилтеррор амалиёти» бошланганини хабар қилди. Вазирлик ахборотида намойишчилар «жиноий гуруҳ» деб айтилади. Расмий хабарда жиноий гуруҳ деб аталаётган одамлар хорижий террористик гуруҳлар молиявий кўмаги билан мамлакатдаги конституцион тузумни ағдаришга урингани таъкидланади. «Улар «Молотов коктейллари» ва қуролдан фойдаланган, Тожикистон Давлат хавфсизлик қўмитаси махсус аксилтеррор бўлинмаси автомобилига ҳужум қилган, оқибатда бир нафар офицер ҳалок бўлган, 13 нафар ҳарбий яраланган», дейилади расмий хабарда.

Намойишчилар Душанбе-Хоруғ йўлини тўсиб қўйишган. Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган «аксилтеррор амалиёт» давомида 8 киши ўлдирилган, 11 киши яраланган, 70 дан ортиқ одам қўлга олинган. «Жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларидан қуролларини топшириш ва таслим бўлиш сўралади. Акс ҳолда эртага кеч бўлади», дейилади Тожикистон ИИВ расмий баёнотида.

Тоғли бадахшонликлар 14 май куни норозилик намойишига чиқиб талаб қилган нарсалардан бири ўтган йил ноябрда бўлган воқеаларнинг ҳаққоний тергов қилиниши эди. Гап «ОМОН»чилар томонидан ўлдирилган Гулбиддин Зиёбеков ҳақида кетмоқда. 1992 йилда туғилган Зиёбеков 2021 йил 25 ноябр куни «ОМОН»чилар уйидан олиб кетаётганда қаршилик кўрсатган вақтда отиб қўйилади ва ҳалок бўлади.

Ўшанда ҳам намойишлар кескин тус олган, одамлар вилоят марказига йиғилиб маҳаллий ҳукуматга ўз талабларини билдиришганди. Ўшанда ҳам талаблардан бири вилоят марказидаги блокпостларни олиб ташлаш ва интернетни узиб қўймаслик бўлган. 14 майда бошланган воқеалардан кейин ҳам Тоғли Бадахшонда интернет гоҳ ўчирилиб, гоҳ ёмон ишлай бошлаган.

ОАВга босим

14 майда бошланган воқеалар фонида Тоғли Бадахшонда яна интернет ўчириб қўйилгани хабар қилинди. Бадахшонлик фаол Улфатхоним Мамадшоева билан интервью уюштиргач, тожикистонлик журналистлар Анушервон Орифов, Насим Исомов, Муллоражаб Юсуфи ҳамда Барот Юсуфига ҳужум қилинган. Журналистлар уларни машинадан тортиб чиқариб, калтаклашганини айтишган. Улфатхоним Мамадшоева Мамадбокир Мамадбокиров ҳамда мухолифатчи Алим Шерзамонов билан бирга намойишларнинг тахминий ташкилотчиси экани айтилди.

Журналистларга босим ўтказилгани ҳақида хабар берган «Азия-Плюс» нашри кўп ўтмай ўзига ҳам босим бўлганини хабар қилди. Таҳририят баёнотида айтилишича, сайтни ёпиб юбориш билан таҳдид қилишгач, Тоғли Бадахшондаги воқеаларни ёритиш тўхтатилган. Тожикистондаги кам сонли мустақил нашрлардан бўлган «Азия-Плюс» ноябр ойида содир бўлган Бадахшондаги воқеаларни фаол ёритганди.

БМТ муносабат билдирди, хориждаги тожиклар изоҳ талаб қилмоқда

Келиб чиқишига кўра Тоғли Бадахшондан бўлган тожикистонликлар Берлинда бундестаг биноси олдида

Тоғли Бадахшондаги воқеаларга БМТ ҳам муносабат билдирди: «Бош котиб Тоғли Бадахшонда содир бўлаётган воқеалар ва зўравонликдан хавотирда. Бош котиб ҳолатни тинч йўл билан ҳал қилишга чақиради», деди БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг расмий вакили Стефан Дюжаррик.

АҚШ Давлат департаменти ҳам воқеаларга муносабатида Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларини босиқликка чақириб, инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлигини таъминлашга чорлаган. Шунингдек, Швейцариянинг Тожикистондаги элчихонаси Тоғли Бадахшондаги воқеалардан хавотирда эканини билдирди.

Тоғли Бадахшонда бўлаётган воқелар фонида хориждаги тожикистонликлар ўз саҳифаларида норозилик билдиришмоқда. Тожикистоннинг Австриядаги элчихонасига боргани ва элчихона ходимлари билан суҳбатлашганини видеога олган Тожикистон фуқароларидан бири уни ижтимоий тармоқда эълон қилган. Йигит тожик ва рус тилларида элчихонага Тожикистонда нима бўлаётганини билиш учун борганини айтган: «Мен ҳам Тожикистон фуқаросиман, юртимда одамлар ўлаётганини билиб юрагим оғрияпти, илтимос, нималар бўлаётганини менга айтинглар. Сизда озгина имон бўлса, ўзингизни тожик деб билсангиз, чиқиб мен билан гаплашинг», деган йигит видеода.

Яна бир тожикистонлик ўз видеосида айни дамда Англияда эканини айтган ва у ердаги тожикларни биргаликда «Раҳмоннинг қизи олдига» боришга чақирган. Маълумот учун, Тожикистоннинг Британия ва Шимолий Ирландиядаги элчиси Имомали Раҳмоннинг қизи Рухшона Имомали ҳисобланади.

Тоғли Бадахшон Тожикистоннинг автоном ҳудуди бўлиб, у ерда кўплаб шиа мазҳабидаги исмоилийлар яшайди. Уларнинг аксари эса Швейцарияда яшовчи Карим Оға-Хон IVни исмоилийлар етакчиси деб билишади. Миллиардер Тоғли Бадахшонда бўлаётган воқеалар ҳақида муносабат билдирар экан, барча тожик жамиятини тинчлик сақлаш, мамлакат қонунларига риоя қилишга чақирди.

Петиция ва қурбонлар ҳақида маълумотлар

Расмий маълумотларга қараладиган бўлса, Тоғли Бадахшондаги воқеаларда 9 киши ҳалок бўлган. Аммо интернетда қурбонлар сони кўпроқ бўлгани ҳақида постлар жойланмоқда. Уларда қурбонлар сони 17 нафар, баъзиларида эса 20 нафардан ортиқ экани айтилади. Инстаграмдаги бадахшонлик эканини айтган бир аккаунт муаллифи вафот этган ўнлаб ёш йигитларнинг суратларини эълон қилди. Яна баъзи постларда маҳаллий прокурорлардан бири одамларга таҳдид қилгани айтилади.

Change.org сайтида помирликларнинг ҳудудда тинчлик бўлиши сўралган петицияси пайдо бўлди.

Telegram-каналларда помирлик эканини айтган ҳарбийнинг смс-хабари ҳам тарқалди. Унда йигит ўз бўлинмасидаги помирликлардан қуроллар олиб қўйилгани, уларга алоҳида назорат ўрнатилгани, Бадахшон томонга кўплаб ҳарбийлар юборилаётганини ёзган. Ижтимоий тармоқда шу кунларда Москвадан Тожикистонга учиб келаётган барча бадахшонликлар Душанбе аэропортида қўлга олингани ҳақида хабарлар ҳам пайдо бўлди. Аммо расмий манбаларда бу хабарларнинг ҳеч бири тасдиқланмаган.

КХШТ ҳақида гап очилди

Тоғли Бадахшонда бир неча кундан буён вазият кескинлигича қолаётган бир вақтда кутилмаганда Тожикистонга Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти кучлари кириши мумкинлиги ҳақида гаплар пайдо бўлди. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат хавфсизлиги қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари, хавфсизлик бўйича эксперт Артур Мадетбеков гапирди. Унинг фикрича, Тожикистон Тоғли Бадахшондаги воқеалар ташқаридан туриб ташкиллаштирилганини исботлай олса, КХШТ кучлари мамлакатга кириши мумкин.

«Тожикистондан охирги кунларда оммавий намойишлар ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шу сабаб КХШТ кучлари Имомали Раҳмон тузумини сақлаб қолиш учун киритилиш эҳтимоли йўқ эмас. Гап шундаки, бу чиндан террорчилармиди ёки улар ўз ҳукуматини сақлаб қолиш учун ўз халқини шундай атамоқдами? Фуқаролар орасида Афғонистондаги террорчилар билан муносабатда бўлган наркотик савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилиб бўлмайди. Ҳозир ҳаммаси Тожикистон ҳукумати қанчалик тўғри ҳаракат қилишига боғлиқ. Шу сабаб КХШТ кучлари Тожикистон ҳудудига киришини истисно қилиб бўлмайди», дейди Медетбеков.

Эксперт Қозоғистон қишда шунга ўхшаш ҳолатга мисол бўлганини эслаган. Январ ойида Қозоғистонда норозилик намойишлари қамрови кенгайиб кетгач, мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россия бошчилик КХШТ кучлари Қозоғистонга киришини сўраган, ташкилот бу сўровдан кейин Қозоғистонга ўз кучларини юборганди.

Мавзуга оид