Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат учун тўланган бадални қайтариб олиш мумкинми?
26 февраль куни муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув ва Қуролли Кучлардан резервга бўшатиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат (халқ тилида «1 ойлик армия») учун тўланган бадал пуллари қайси ҳолатларда қайтарилиши ҳақида сўралди.

Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи Улуғбек Қодировнинг маълум қилишича, пул бадалларини тўлаган, лекин бир ойлик ҳарбий йиғинга ҳали бормаган сафарбарлик чақируви резерви хизматчисига у тўлаган маблағлар қуйидаги ҳолатларда қайтарилади:
- хизматчи ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда (бошқача айтганда, бадал пулларини тўлагач, тиббий кўриклардан ўта олмаганда);
- хизматчи I, II ёки III гуруҳ ногирони бўлиб қолса;
- хизматчи вафот этган тақдирда (унинг яқин қариндошига, меросхўрига, васийсига ёки ҳомийсига);
- Мудофаа вазирлигининг «Сафарбарлик чақируви резерви маблағлари» Махсус ҳисобрақамига янглишиб пул ўтказиб юборилганда.
Бошқа ҳолатларда пул бадаллари қайтариб берилмайди.
Улуғбек Қодиров сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга 27 ёшгача бўлган фуқаролар бориши мумкинлигига оид қўшимча тушунтириш берди.
«Aвваламбор, чақирув даврида мудофаа ишлари бўлимларида 27 ёшга кираётган фуқароларнинг рўйхати алоҳида шакллантирилади. Фуқаролар 27 ёшга тўлиш арафасида улар билан суҳбатлашиш жараёнида уларнинг харбий хизматга бориш шароити аниқланади.
Масалан, 20 май куни 27 ёшга тўласиз. Шу кундан бир кун олдин бўлса ҳам сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга жалб этилишингиз мумкин», – деди вазирлик бошқарма бошлиғи.
Унинг қайд этишича, фуқаро ҳарбий хизмат учун бадал пулларини тўлагач, унга нисбатан ҳеч қандай чекловлар (масалан, хорижга чиқишига тўсиқ) вужудга келмайди.
«Ҳарбий хизматга чақирувга доир шу каби саволлар юзага келса, фуқароларимиз бемалол вазирликнинг +99871 269-84-23 ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, жавоб олишлари мумкин», – таъкидлади Улуғбек Қодиров.
Маълумот учун, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ учун тўланадиган бадал – базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари этиб белгиланган. Бу айни пайтда 4,9 млн сўмни ташкил этади.
Мавзуга оид
12:22 / 03.11.2021
Ҳарбий хизматчилар қандай ҳолларда моддий жавобгарликка тортилиши маълум қилинди
13:09 / 31.05.2021
Хорижда таълим олаётган талабалар ҳам СЧР ҳарбий хизматни ўташлари мумкин
17:50 / 27.02.2021
Сафарбарлик чақируви резерви хизматига мажбуран олиб борилмайди – Мудофаа вазирлиги
21:50 / 18.01.2018