Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский Купянскка келди. Путинга бу шаҳар олингани ҳақида икки бор ҳисобот берилганди
Украин ҳарбийлари эса бу ҳудуддаги россиялик ҳарбийлар қуршовда қолганини айтмоқда.
Фото: Видеодан кадр
Украина президенти Володимир Зеленский Харкив областининг Купянск шаҳрига кириш жойида ўрнатилган стела олдида туриб видеомурожаат йўллади. Ҳолбуки яқинда Россия президенти Владимир Путинга ушбу шаҳар эгаллангани тўғрисида ҳисобот берилганди. Шу кунларда украин ҳарбийлари Купянск ҳудудида муваффақиятли қарши ҳужум уюштирилгани ва россияликларнинг бу ердаги гуруҳи қуршаб олингани ҳақида хабар беришди.
Россия қўмондонлиги Купянск йўналишида муваффақиятга эришаётганини таъкидлашда давом этмоқда.
«Бугун – Купянск йўналиши, қайсики бизнинг жангчилар Украина учун натижаларга эришаётган жой. Купянск ҳақида россияликлар кўп гапиришди – биз эса кўриб турибмиз. Мен йигитларни табрикладим», – деган Зеленский ўз мурожаатида, президентнинг сўзлари фонида камида бир марта портлаш овози эшитилган.
Украинанинг «Хартия» корпуси хабариига кўра, сентябр ойида Купянскда вазият оғирлашганидан кейин, Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский «Хартия» қидирув-зарбдор гуруҳини тузган.
Унинг таркибидан «Хартия» бригадаси, Украина қуролли кучларининг 92-штурм бригадасидан 475-штурм полки, Бош разведка бошқармаси таркибидаги Хорижий легион ҳамда 144-механизациялашган бригада ўрин олган, бу гуруҳ вазифаси Россиянинг Купянскка ёриб кирган гуруҳини йўқ қилиш бўлган.
«Хартия»дагиларнинг 12 декабр куни берган маълумотига кўра, гуруҳ Оскол дарёси бўйларига етиб бориб, дарёнинг ўнг соҳилидаги россияликларни таъминотдан узиб қўйган.
«Хартия» 2-корпуси қўмондони Игор Оболенский «Украинская правда» нашри билан суҳбатда бир неча ой муқаддам россияликлар Оскол дарёсидан ўтиб, Купянск ичкарисига 6 км масофага илгарилагани, натижада шаҳарда ва атрофдаги қишлоқлардаги вазият ўта танг ҳолатга тушганини айтиб берган.
Россияликлар қуршовда қолгани тўғрисидаги баёнот
Корпус маълумотига кўра, Украина кучлари Купянскдан шимолда жойлашган Кондрашовка қишлоғини, унинг атрофидаги ҳудудлар ва ўрмонзорни тўлиқ озод қилган. «Хартия» гуруҳининг 13-бригадаси эса Радковка қишлоғи ва унинг атрофидаги ҳудудлар озод этилгани, шунингдек, россияликлар Купянск шимолидаги кварталлардан ҳам сиқиб чиқарилгани ҳақида хабар берган.
Бундан ташқари, «Украинская правда»га кўра, украин қўшини россияликлар Купянскка киришда фойдаланган газ қувуридан чиқиш жойларини назорат остига олган. Ҳозирда россияликларда илғор бўлинмаларига фақат дронлар орқали таъминот етказиб бериш имконияти қолган.
Anadolu/Getty Images
«Шаҳарга кириш ва уни руслардан тозалаш вазифаси қўйилди. Биз бир вақтнинг ўзида 2-3 йўналишда иш олиб бориб, уларни логистикадан маҳрум этдик. Бугунги кунда ишонч билан айта оламизки, шаҳардаги россияликлар асосий кучларидан тўлиқ узилиб қолган. Улар анча вақтгача нималар бўлаётганини тушуна олмай туришди. Аммо ҳозирга келиб қуршовда қолишганини билишади», – дея «Хартия» қўмондони сўзларини келтиради «Украинская правда».
Ҳозирда шаҳардаги россияликлар сони 200 дан кўп эмас, деган Оболенский. Аммо шаҳарда ҳамон тинч аҳоли вакилларидан 500 га яқини қолаётгани Мудофаа кучларининг ишини қийинлаштиради, россияликлар улардан «жонли қалқон» сифатида фойдаланмоқда, дейди у.
Бу вақтда эса Россия мудофаа вазирлиги саккизта аҳоли яшаш манзили, жумладан, Донецк областининг Сиверск ҳамда Харкив областининг Куриловка қишлоқлари (Купянск яқинида жойлашган) эгалланганини хабар қилган. Аммо украинлар Купянск шимолидаги қишлоқларни қайтариб олгани ҳақидаги хабар юзасидан изоҳ берилмаган.
РФ мудофаа вазирлиги эълон қилган хартидада Купянск шимолидаги Кондрашовка ва Радковка қишлоқлари худди Купянск шаҳрининг ўзи каби Россия назорати остидаги ҳудудлар сифатида кўрсатилган.
Путин ва икки марта «озод қилинган» шаҳар
Аввалроқ Россия президенти Владимир Путинга Купянск Россия қўшинлари томонидан эгаллаб олингани ҳақида камида икки марта ҳисобот берилган (охирги марта ноябр ойи охирида).
Фото: Reuters
«„Запад“ гуруҳи бўлинмалари Купянск шаҳрини озод қилди ва Оскол дарёсининг чап қирғоғида қуршаб олинган Украина қуролли кучлари тузилмаларини йўқ қилишда давом этмоқда», – деганди Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов 20 ноябр куни.
Кейинги куни Украина қуролли кучлари Бирлашган кучлар гуруҳи унинг баёнотига изоҳ берди ва Купянск Россия назоратига ўтгани рад этилди.
«Ўз ёлғонларининг асирига айланган Россия раҳбарлари унинг даражасини оширишга мажбур бўлмоқда. Купянск шаҳри шимолида тарқоқ жойлашган ва овоз чиқариб турган россияликлар сони 40 га яқин кишини ташкил этади. Купянск-Узловой посёлкаси Украина мудофаа кучлари назорати остида», – дейилганди баёнотда.
Герасимовнинг Купянск назорат остига олингани ҳақидаги баёнотлари украиналик ҳарбийлар томонидан рад этилишидан ташқари, россиялик Z-блогерлар ҳам бунга шубҳа билан қарашганди.
«Герасимовнинг Купянск тўлиқ озод қилингани ҳақидаги баёноти ҳозирча объектив назорат кадрлари билан тасдиқланмаган», – деб ёзганди «Два майора» ҳарбий телеграм-канали (бу бошқаларникига қараганда анча босиқ изоҳ эди).
«Военный осведомитель» Герасимовнинг Путин олдида қилган докладини «паровоздан олдинда юриш» деб атади, «Канал визионера» эса «НГШ (Бош штаб бошлиғи) нинг Купянскни тўлиқ озод қилиш ҳақидаги баёнотлари [...] юмшоқ қилиб айтганда, шокка туширди» деб ёзди.
Россия мудофаа вазирлигига яқин бўлган Rybar канали Купянскнинг олиниши ҳақидаги даъволарни «кўзбўямачилик» деб атаган.
Бу Россия ҳарбий қўмондонлигининг хабарлари жойлардан олинган хабарлар билан тасдиқланмаган биринчи ҳолат эмас ва бунақаси Купянск бўйича ҳам кузатилган.
Август ойи охирида Герасимов баҳор-ёз кампаниясини сарҳисоб қилар экан, шаҳарнинг ярми аллақачон босиб олинганини айтганди.