Жаҳон | 16:58 / 04.06.2025
10357
4 дақиқада ўқилади

“Ярадор бўлсам ҳам ёрдам кўрсатишмади” – Россия армиясига ёлланган йигит жазога тортилди

Украинага қарши урушда қатнашган ўзбекистонлик 21 ёшли йигит осколка тегиши оқибатида яраланган. “Ҳарбий қисм командири ёрдам кўрсатмади, госпиталга боришим учун ўзимдан пул сўрашди. Фронтга ёки ҳарбий госпиталга бориш шартини қўйишди. Госпиталга бориш мақсадида 500 минг рубл бердим”, деган йигит кўрсатмасида. У Ўзбекистонга қайтгач, ДХХга мурожаат қилиб, айбини тан олган.

Фото: Getty Images

Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда қатнашган яна бир ўзбекистонлик жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 2004 йилда туғилган, Қарши шаҳрида яшовчи И.Ж. 2024 йил 23 феврал куни ишлаб пул топиш мақсадида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига борган. У 2024 йил 12 июн куни 195 минг рубл ойлик маош эвазига Россия Мудофаа вазирлиги билан муддатли ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида 1 йиллик шартнома имзолаган.

Шундан сўнг И.Ж. 2024 йил 24 июн куни Луганскдаги ҳарбий қисм полигонига борган ва у ерда 14 кун давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтган. Шу вақт оралиғида у ҳарбий дрон портлаши оқибатида ўнг оёғидан яраланган.

И.Ж. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган.

2022 йилда мактабни тамомлаганимдан сўнг пул топиш мақсадида турли хилдаги ишларда ишлай бошладим. Ўз харажатларимга етарли пул топа олмаганим сабабли мавсумий ишлаш мақсадида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига бордим. Қурилиш ва таъмирлаш ишларида ишлаб юриб, 2 ойлик иш ҳақимни олмаганим сабабли қарз бўлиб қолдим. Шундан сўнг синфдошим В.Н.га қўнғироқ қилиб, иш топиб беришни сўрадим. У ҳайдовчилик қилиш билан боғлиқ иш борлигини, таниши Далерга қўнғироқ қилсам батафсил тушунтиришини айтди. Далер билан гаплашдим ҳамда унинг Мытищи шаҳридаги ҳарбий қисмда ҳайдовчилик ёки ошпазлик қилиш ҳақидаги таклифига рози бўлдим.

Далер менга Мытищи шаҳрига бориш харажатларини тўлаб берди. У ерга боргач 10 кун меҳмонхонада яшадим. Сўнгра ўша меҳмонхонада турган 6 нафар фуқаро билан биргаликда Москва вилоятининг Королев шаҳридаги Мудофаа ишлари бўлимига бордик”, деган йигит суддаги кўрсатмасида.

Шундан сўнг И.Ж. ва унинг шериклари автобусда Балашиха шаҳридаги ҳарбий қисмга олиб борилган. 2024 йил 11 июн куни тиббий кўрикдан ўтказишгач И.Ж. Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузган.

2024 йил 24 июн куни Луганскдаги ҳарбий полигонга бордик. 2 ҳафта давомида шу ҳарбий қисмда ишладим. 2024 йил июл ойи охирларида дрон портлаши оқибатида осколка тегиб, ўнг оёғимдан яраландим. Ярадор бўлишимга қарамасдан ҳарбий қисм командири томонидан менга ёрдам кўрсатилмади. Ҳарбий шифохонага боришим учун мендан 500 минг рубл пул сўраб, фронтга ёки госпиталга бориш шарти қўйилди. Ҳарбий шифохонага бориш учун ўзим 500 минг рубл пул бердим”, деган йигит судда.

2024 йил 4 август куни Белгород шаҳридаги ҳарбий госпиталга бориб, 13 кун давомида даволанган И.Ж. 17 август куни яна Луганскдаги ҳарбий қисмга қайтган. Йигит госпиталда даволаниши давомида ҳарбий қисм командиридан қўшимча даволаниш учун 15 кун муддатга таътил сўраган. Аммо унга рад жавобини беришган. 2024 йил 5 сентябр куни ҳарбий қисмдан қочиб кетган И.Ж. 2024 йил 1 октябрда Ўзбекистонга қайтиб келган ҳамда ДХХга айбини тан олган.

ЖИБ Қарши шаҳар суди ҳукми билан И.Ж. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбли деб топилган. Унга 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Олдинроқ Россия армиясига ёлланиб, Украинага қарши урушда бир кўзидан айрилган ўзбекистонлик йигит жиноий жазога тортилганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид