Ўзбекистон | 10:00 / 24.07.2021
32809
11 дақиқада ўқилади

Ўқитувчилар истаган вақтда, истаган жойда малака оширишлари мумкин. Бу қандай амалга оширилади?

Энди халқ таълими тизими ходимлари масофадан туриб малака оширишлари мумкин. Бунинг учун уларда телефон ёки компьютер ва интернет бўлишининг ўзи кифоя қилади.

Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти томонидан халқ таълими ходимларининг малакасини оширишда “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси йўлга қўйилди. Институт мутасаддилари платформанинг ишлаш тартиби, яратилган қулайликлар ҳақида гапириб беришди.

Педагог қандай қилиб ўзи хоҳлаган шароитда малака ошириши мумкин?

Халқ таълими тизими ходимлари ишдан ажралмаган ҳолда, истаган пайтда ва истаган жойдан туриб касбий малакаларини оширишлари мумкин. Бунинг учун планшет, телефон, компьютер қурилмаларидан бири ва интернет бўлса бас. 12 ой давомида керакли кредитлар тўплангач уларга сертификатлар берилади.

Платформага onlinedu.uz манзили орқали кириб рўйхатдан ўтилади. Ҳозирги кунда платформада мактаб директорлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари фан методистлари ва ўқитувчилар учун малака ошириш курслари жорий қилинган.

Рўйхатдан ўтиб ўз шахсий кабинетига эга бўлган ходим диагностикадан ўтказилади, яъни унинг кўникмаларида қай даражада бўшлиқлар мавжудлиги аниқланади ва платформа унга шу бўшлиқларни тўлдириш учун курслар тақдим этади.

Онлайн малака ошириш курси қандай бўлади?

Улар энг ками 15 дақиқадан иборат видеодарслар бўлиб дарс якунида мавзу юзасидан тақдимот ва тест топшириқлари берилади. Ходим шу мавзуни тўлиқ ўзлаштириб, саволларга тўғри жавоб берсагина кейинги дарсга ўтиши мумкин бўлади. Унга қайта тайёрланиш учун истаганча қайта имконият берилади, ҳар бир имконият вақти 40 дақиқадан ошмайди.

Тингловчи барча дарсларни ўрганиб ўзлаштириб бўлгач, диагностикада аниқланган 8та компетенция бўйича ундаги олинган кўникмалар солиштирилади. Натижаларга қараб тингловчига қўшимча курслар ҳам таклиф этилади. Малака ошириш курсидаги дарсларни тугатгач тингловчига олган билимига қараб кредитлар берилади. Илмий-тадқиқот институти ректори ўринбосари Фарҳод Каримов платформанинг эътиборга молик жиҳатлари хусусида сўзлаб берди:

“Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги ПҚ-4963-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича халқ таълими тизими ходимларининг узлуксиз касбий ривожланиши учун шароит яратиш мақсадида институт томонидан “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформаси яратилди. Рухсат берсангиз мазкур платформанинг имкониятларига тўхталиб ўтсам, зеро бу маълумотлар барча ходимлар учун керакли ҳисобланади:

  • Махсус платформа “tas-ix” да жойлаштирилгани ва персонал компьютер билан бирга мобил телефон орқали (android, ios) кириш имконияти;
  • мустақил онлайн рўйхатдан ўтиш ва малака ошириш;
  • ҳар бир тингловчининг шахсий кабинети;
  • малака оширишни бошлашдан олдин касбий компетенциялар бўйича диагностикадан ўтиш;
  • диагностика натижаларига асосан индивидуал касбий ривожланиш траекториясининг шаклланиши;
  • индивидуал траекторияга асосан платформа томонидан эҳтиёжга асосланган курсларнинг таклиф этилиши;
  • ҳар бир курсдаги алоҳида мавзу бўйича видеодарс, тақдимот, адабиётлар мавжудлиги;
  • ҳар бир мавзудан кейин ўзлаштириш даражасини аниқлаш имконияти (агарда тингловчи маълум мавзуни ўзлаштириши паст бўлса кейинги мавзулар очилмайди);
  • раҳбар ва мутахассислар камида 30 соат (15 кредит), педагоглар 36 соат (18 кредит) малака оширишдан ўтгандан кейин малака оширганлик тўғрисидаги электрон сертификат;
  • ҳар бир тингловчининг натижаларидан келиб чиқиб шахсий портфолиоси шаклланиши;
  • муқобил малака ошириш шаклларидан фойдаланиш ва учун муайян кредит тўплаш имконияти;
  • малака ошириш даврида турли вебинарларда чекланмаган вақтда ва чекланмаган тингловчилар сони иштирок этиши (бунда тингловчи онлайн вебинарда иштирок этмаса вебинарнинг архивини кўриши мумкин);
  • вебинарлар ўтказиш пайида турли онлайн сўровномалар ўтказиш имконияти;
  • яратилган курслар сифатини баҳолаш (5 балли тизимда);
  • тингловчилар ва тюторлар ўртасида ўзаро мулоқот қилиш ва файл алмашиш;
  • тингловчилар томонидан ўзларининг муаллифлик курсларини жойлаштириш ва бошқа тингловчиларга ўртоқлашиш.

2021 йил 1 мартдан бошлаб фан методистлари мазкур платформа орқали кредит-модулга асосланган малака ошириш бошланди. 1 май ҳолатига 1647 нафар методист малакаси оширилиб тегишли сертификатга эга бўлди.

Методистлар учун эҳтиёжга асосланган 30 та видеокурс тайёрланди ва жойлаштирилди.

15 июлдан бошлаб мактаб директорлари ҳам мазкур платформада малака ошириши бошланди. Улар учун 8 та компетенция бўйича эҳтиёжга асосланган 192 та видеокурс тайёрланмоқда.

“Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасини такомиллаштириш давом эттирилмоқда. Бунда қуйидаги имкониятлар яратилади:

  • Ҳар бир фан методисти ўзига бириктирилган ҳудуд ва фан кесимида ўқитувчиларнинг касбий ривожланишини мониторинг қилиш ва баҳолаш мумкин;
  • Турли йўналишларда сўровномалар ўтказиш миллий тизими (google formдан имкониятларидан кенгроқ ) яратилади;
  • Бутун тизим ходимларининг касбий ривожланишини турли кесимларда мониторинг қилиш ва кузатиб бориш (dashboard);
  • Махсус платформа орқали дарс ва вебинар ўтган тюторларнинг фаоллигини кузатиш ва уларнинг ўқув соатларини ҳисоблаш ва электрон журнал юритиш;
  • Касбий диагностика турларини кенгайтириш;
  • нодавлат таълим муассасалари ва олий таълим муассалари учун суб тизим яратиш.

Кредитлар нима?

Кредит – бир сўз билан айтганда ходимнинг ўз устида ишлагани учун бериладиган баҳоси. У бошқалардан фарқли ўлароқ, хорижий курсларни тугаллаганлиги, ёки ўқувчиси олимпиадаларда фахрли ўринларни эгаллаганлиги хақидаги сертификатлар бўлса инобатга олинади. Ўша сертификатда белгиланган кредитлар платформада тўплаётган кредитларга қўшиб берилади. Яъни малака ошириш курсида ўқиб тўпланадиган баҳони у ўз устида ишлаб аввалдан тўплаган ҳисобланади. Шу ўринда кредитлар миқдори ҳам аҳамиятли, кредитлар минимал 15-20дан, максимал 54дан баланд бўлиши мумкин. Ходимнинг бир йилда тўплаган кредитлари миқдори 15 балл бўлса у ўз-ўзидан малака оширишдан озод этилади. Ходимнинг педагогик фаолиятидаги ютуқлари тан олинади.

Ўқувчиси республика ва халқаро олимпиадаларда ўрин эгаллаган ўқитувчилар учун юқори кредитлар берилади. Бундай педагоглар 54 кредитга эга бўлишади ва 3 йил мобайнида мажбурий малака оширишдан озод этилиб, малака сертификатлари 3 йилгача янгиланиб боради.

Сертификатлар QR кодга эга бўлиб, ундаги рақамлар орқали унинг кимга тегишли эканлигини аниқлаш мумкин.

Миллий вебинар тизими - ўзбекча “zoom”

Институт томонидан амалга оширилган самарали ишлардан бири - янги малака ошириш курсларида фойдаланиш учун яратилган Миллий вебинар тизими бўлди. Маълумки, пандемия даврида zoom платформаси энг кенг тарқалган ва оммалашган иловалардан бири бўлди. Жамоа яратган Миллий вебинар тизими мазкур иловадаги барча функцияларни ўзида жамлаб, айрим жиҳатларда ундан устунликка ҳам эга. Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти ректори Аюбхон Раджиевнинг сўзларига кўра, бу илова иштирокчилар сони чекланмаганлиги, вақт чегараланмаганлиги ва бепул эканлиги билан фойдаланувчиларга катта қулайлик яратади.

“Тизимда бир вақтнинг ўзида 3 мингдан ортиқ тингловчи фойдаланиши мумкин. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, серверларни кўпайтириб, интернет сифатини янада оширсак, бу вебинар тизим келгусида кенг оммалашади. Тизимнинг устун жиҳатларидан бири – унинг хавфсизлиги таъминланган.

Платформада малака ошираётган ходим билан дарс ўтаётган ўқитувчи шу вебинарда юзма-юз кўришиши имконияти яратилиб, курсларнинг қизиқарли ва жонли бўлиши кафолатланади” деди ректор.

Малака оширишдан мақсад мутахассисни қийнаш эмас, унга ёрдам бериш

Ҳозирга қадар педагоглар 5 йилда бир марта 144 соатлик малака ошириш курсида ўқишлари шарт эди. Бу борада кўплаб муаммолар юзага келганлиги сир эмас: айниқса коррупцион ҳолатларнинг кўпайиши билан боғлиқ. Шундай курсларда иштирок этган 12,5 мингдан ортиқ педагоглар орасида ўтказилган тадқиқотлар натижаси тизимни тубдан ўзгартириш зарурлигини кўрсатди ва шундай муаммолар аниқланди:

1.   Малака ошириш курсларининг фақат малака ошириш институтида йўлга қўйилиши таълим сифатининг пастлигига олиб келган. Оқибатда педагоглар бу ерга тоифа олишлари учун малака оширганлик тўғрисида сертификат зарурияти сабаблигина ўқишга келишган.

2.   Ўқитувчиларнинг малака ошириш жараёнида бир ойлик ўқишлари сабаб мактабларда дарсларнинг ўтилмай қолиш ҳолатлари бўлган. Сўровнома натижаларига кўра, физика, математика, кимё фан ўқитувчилари ўқишда бўлганлиги сабабли бошқа фан ўқитувчиси шунчаки “ўқувчиларни ушлаб туриш” учун дарсга кирган. Бир ой давомида ўша фаннинг ўтилмаслиги таълим сифатига таъсир қилмай қолмайди.

3.   Тадқиқот иштирокчилари таъкидлашларича, бир ой давомида ўқитувчининг кун бўйи ўқишда бўлиши оилавий муносабатларга ҳам таъсир қилар экан. Мактабларда дарс берадиган ўқитувчиларнинг катта қисми хотин-қизлар бўлганлиги сабаб улар учун бу қийинчилик туғдирган. Иштирокчиларнинг 12 фоизи буни қайд этган.

4.   Малака оширишдаги якуний имтиҳон, малака ишини ёзиш каби юкламалар коррупцион ҳолатларнинг гуркирашига олиб келган. Ўқишга келган ходим эрталабдан кечгача дарсда бўлади, берилган топшириқларни бажариб келади ва яна 50-60 бетлик битирув малака иши ёзиши, якуний имтиҳонга тайёрланиши керак бўлади. Жисмонан ва руҳан бунча юкламани бажариш қийин. Малака оширишдан мақсад мутахассисни қийнаш эмас, унга ёрдам беришдан иборат бўлиши лозим.  

Энди педагог имтиҳондан ўтолмаса қайтадан пул тўлаб малакасини ошириш ҳақида қайғурмайди

Тизимни коррупциядан холи қилиш учун юқоридаги ҳолатларнинг барчасидан воз кечилди. Малака ошираётган мутахассис энди имтиҳон учун эмас, тақдим этилган маълумотларни ўзлаштириш учун платформадан фойдаланади. Ўқув курслари якунида мактаб директорлари олган кўникмалари орқали ўз раҳбарлик қиладиган муассасани ривожлантириш учун йўлга қўядиган ишлари ҳақида, ўқитувчилар эса ўз дарсларини бойитиш мақсадида ўрганган янги методлари асосида дарс ўтиб беради. Бу жараёнлар вебинар тизим орқали амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, ҳукуматимиз халқ таълими ходимлари учун қулай, сифатли ва сермазмун малака ошириш тизимини жорий қилишга шароит яратмоқда. Бу ўз ўрнида ўқитувчи-педагоглар зиммасидаги масъулиятни ошириб, таълим сифатини кўтаришга хизмат қилади. Ўйлаймизки, жамиятнинг равнақи ва миллатнинг келажаги учун масъул шахсларни тарбиялаётган муаллимлар яратилган бу имкониятлардан унумли фойдаланиш орқали ўз мамнуниятларини билдиришади. Янгиланган тизимнинг залворини ҳис қилмаслик, уни яна самарасиз ҳолга келтириши табиий.

Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти матбуот хизмати 

Мавзуга оид