Жаҳон | 18:16 / 14.07.2025
8557
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантлар учун қўшимча давлат божлари жорий этилиши мумкин

Шунингдек, амалдаги божларнинг миқдори оширилиши кутилмоқда.

Фото: Global Look Press

Россия Давлат Думаси мигрантлар учун қўшимча давлат божи жорий этиш бўйича қонун лойиҳаларини кўриб чиқишни бошлайди, деди Давлат думаси раиси Вячеслав Володин.

«Шу ҳафта биз мигрантлар учун қўшимча давлат божини жорий қилувчи қонун лойиҳаларини кўриб чиқишни бошлаймиз», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.

Хусусан, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга патент берганлик ёки қайта расмийлаштирганлик учун – 4200 рубл, меҳнат рухсатномасининг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун – 4200 рубл, патент ёки меҳнат рухсатномасининг дубликатини берганлик, уларга ўзгартиришлар киритганлик учун – 2100 рубл миқдорида йиғим жорий этиш таклиф қилинмоқда.

«Аксарият хорижий фуқаролар Россияга пул ишлаш учун келади. Визасиз давлатлардан келганлар патент олади, унинг нархи ойига ўртача 8-10 минг рублни ташкил қилади. У кўпи билан бир йил амал қилиши мумкин. Кейин патент олиш тартиби яна такрорланиши керак. Визали мамлакатлардан келган мигрантлар ишлаш учун рухсатнома олиш учун ариза беришади», деб қўшимча қилди Давлат Думаси раиси.

Володин, шунингдек, мигрантлар учун бир қатор бошқа давлат божларини белгилаш ёки ошириш таклиф қилинаётганини, жумладан, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш, чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни Россияда яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш, Россияда вақтинча бўлиш муддатини узайтириш ҳамда автомашиналарни рўйхатдан ўтказиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш учун божлар таклиф этилаётганини таъкидлади.

«Буларнинг барчаси нафақат бюджетга маблағлар оқимини ошириш, балки мигрантлар устидан назоратни кучайтириш, уларнинг ҳақиқий яшаш жойларини белгилаш имконини беради. Бу эса, ўз навбатида, ноқонуний миграция даражасини пасайтиришга ёрдам беради. Биз бу йўналишдаги ишларни давом эттирмоқдамиз», деб хулоса қилди у.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид