Ўзбекистон | 17:37 / 02.12.2021
26485
8 дақиқада ўқилади

Эҳтиёжманд аҳолига уй олишда дастлабки тўлов учун 32 млн сўмлик субсидиялар берилади

Президент Шавкат Мирзиёев аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш учун қўшимча пуллар берилиши ва имтиёзлар яратилишини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Давлат раҳбари иштирокида аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш масаласида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

«Инсон қадри деганда аҳолини уй-жой билан таъминлаш жуда муҳим. Аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш учун қўшимча пуллар берамиз, имтиёзлар яратамиз. Одамларга уй-жой қилсак биздан рози бўлади, инсон қадри шу аслида.

Ўтган куни аҳолини уй-жой ва яшаш манзилига яқин жойларда иш жойлари билан таъминлаш бўйича, «Янги Ўзбекистон массивлари»ни барпо этиш дастури лойиҳасини муҳокама қилиб олдик. Дастур лойиҳаси қайта кўриб чиқилиб, энг оғир туманлар танланди. Массивлар сони ҳам 29тагача кўпайтирилди.

Хабарингиз бор, бундан икки йил олдин ипотека тизими тубдан ислоҳ қилинди. Биринчи навбатда, аҳолига ўзлари истаган уй-жойни сотиб олиш имконияти яратилди, авваллари, аҳоли саноқли қурувчи қурган бир хил намунадаги уй-жойлардан олишга мажбур эди.

Натижада, соҳага сифат ва рақобат кириб келди, ҳудудларда замонавий архитектура ечимларига эга лойиҳалар пайдо бўлди. Шу орқали, ипотека дастурлари доирасида йилига 35 минг хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Бу олдинги йилларга нисбатан 2 баравар кўп, дегани.

Шундай бўлса-да, янги тизимда ҳали ўз ечимини топмаган кўплаб масалалар мавжуд. Масалан, ипотека бозорида қурилаётган уй-жойлар сони талабга нисбатан анча кам. Чунки 27 йил уй қурмаганмиз. Ҳалиям бир ҳовлида 3-4талаб оила яшаяпти. Хусусан, Хонқа туманида 5 мингта янги уй-жойга талаб бўлса-да, келгуси йилда атиги 464та (талабнинг 9 фоизи) уйлар қуриш режа қилинган.

Бундан ташқари, бугунги кунда жойлашган жойи ёки нархи аҳолига номақбул бўлгани учун, қиймати 255 миллиард сўмлик 950та қурилган хонадон сотилмасдан турибди. Сурхондарёда – 292 та, Сирдарёда – 189 та, Қорақалпоғистонда – 174 та, Фарғонада – 167 та. Ипотека учун бюджетдан ажратилган 1,1 триллион сўм субсидиялардан, 220 миллиард сўм (20 фоиз) ишлатилган, холос», дея эътироз билдирди давлат раҳбари.

Келгуси йилда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилади. Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1,3 триллион сўм субсидия ажратилади.

«Республика бўйича 36 мингдан зиёд ижобий хулосаси бор оилаларга 900 миллиард сўмдан зиёд субсидиялар тўланмай турибди. Бунинг сабаби, аҳоли томонидан талаб юқори бўлган ўрта меъёрдаги уйлар бўйича қурувчилар бозорга етарли таклиф чиқармаяпти.

Мисол учун, Самарқанд вилоятида ҳокимият ташаббус қилиб, лойиҳачи, қурувчи ва банкнинг «бошини бирлаштириб», ҳамёнбоп уйларни қуришни ташкил этган. Бу орқали субсидиядан фойдаланиш ва кредитларни ўзлаштиришнинг энг юқори кўрсаткичи Самарқандда (кредит – 85 фоиз, субсидия – 60 фоиз).

Нима учун, Қорақалпоғистон, Навоий, Сирдарё, Хоразм ва Тошкент вилояти (ўзлаштириш 5 фоиздан паст) раҳбарлари ишларни бундай ташкил эта олмайди?

Уй-жойлар қуриладиган массивлар рўйхати апрель ойида тасдиқланган бўлсада, ер участкалари ўз вақтида аукционга чиқарилмагани боис, Тошкент вилоятида – 2,7 минг, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Хоразмда – 1,5 минг хонадонли уй-жойлар қурилиши бошланмаган. Оқибатда, давлатдан мақсадли кредитлар учун ажратилган 4,5 триллион сўм маблағ (50 фоиз) ўзлаштирилмасдан турибди.

Тошкент шаҳрида – 793 миллиард сўм (64 фоиз), Ортиқхўжаев бугун ўзи тушунтириш берсин, Қашқадарёда – 204 миллиард сўм (66 фоиз), Тошкент вилоятида – 120 миллиард сўм (82 фоиз), Қорақалпоғистонда – 119 миллиард сўм (60 фоиз) маблағ ўзлаштирилмай турибди», дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Йиғилишда маълум қилинишича, келгуси йилда ипотека дастурлари доирасида 50 мингга яқин хонадонли уй-жойлар қурилади. Бунга қарийб 13 триллион сўм мақсадли кредит ва 1,3 триллион сўм субсидия ажратилади.

«Бу дастлабки ҳисоб-китоблар. Агар талаб бўлса, яна қўшимча ресурс ажратилади. Бунинг учун, аҳоли ва қурувчи тадбиркорларга ипотека тизими ва қурилиш соҳасида бўладиган енгиллик, қулайлик ва имкониятлар берилади.

Биринчидан, бугунги кунгача, ипотека кредитлари ва субсидия олишда, уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар бор эди (майдони – 70 квадрат метргача, нархи – 400 миллион сўмгача). Бундан буён, ипотека кредитлари шартларидан ушбу чекловлар чиқариб ташланади.

Энди, сотиб олинадиган хонадоннинг майдони ва нархидан қатъи назар, эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм субсидия тўланади», деган президент.

Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, ипотека кредитини олишда, қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафил бўлишига рухсат берилади.

«Эҳтиёжманд аҳоли томонидан кредитни қайтаришда фоизнинг давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хилда 10 фоиз этиб белгиланади. Ҳозирда вилоятларда 10 фоиз, Тошкент шаҳрида 12 фоиздан юқори қисми қоплаб берилмоқда.

Субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам берилади. Яъни уй-жой ҳовлисини кенгайтириш, эски уйини бузиб, 2 қаватли қилиш орқали замонавий қиёфага келтириш истагида бўлган фуқароларимизга кредитнинг 10 фоиздан юқори қисмига субсидия берилади.

Шунингдек, ипотека кредитини олишда, қариндош бўлмаган фуқароларнинг кафил бўлишига рухсат берсак, бу ҳам адолатдан бўлади (бугунги кунда фақат яқин қариндошлар кафил бўла олади).

Келгуси йилдан ижтимоий аҳволи оғир хотин-қизлар, чин етимлар ва ногиронлиги бўлганларга, иккиламчи бозордан ҳам уй-жой олишларига имконият яратилади. Аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида янги қурилган уйлар тўғрисидаги маълумотлар, уларни расмийлаштириш, субсидия ва кредит ажратиш хизматларини битта жойда кўрсатиш марказлари ташкил этилади.

Одамларимиз қайси ҳудудда ёки қайси қурувчида мақсадли ипотека шартларига тўғри келадиган хонадон бор деб, ўйланиб юрмаслиги керак. Шу боис, бир ой муддатда пойтахтнинг камида 5та, ҳар бир вилоятларнинг эса, 2тадан ҳудудда барча хизматларни жамлаган марказлар ташкил қилинади», деган давлат раҳбари.

Шунингдек, аҳоли маблағларини қурилишга жалб қилишни рағбатлантириш бўйича янги «мақсадли ипотека омонати» механизми жорий этилади.

Бунда:

  1. «харидор – банк – қурувчи» ўртасида уч томонлама шартнома тузилади;
  2. уй-жой харид қилмоқчи бўлган фуқаро банкда омонат очиб, уни тўлдириб боради;
  3. бадал суммаси шаклланганда, унга ипотека кредити расмийлаштирилади;
  4. тижорат банки омонат маблағларини қурувчи ташкилотга кредит сифатида ажратади.

Яъни харидор банк орқали қурувчини молиялаштиради, банк эса уйни харидорга вақтида топширилишига кафил бўлади.

«Шунингдек, пудратчиларга қурилиши тугалланмаган, том қисми ёпилган кўп квартирали уй-жойларни кредит таъминоти сифатида гаровга қўйишга рухсат этилади.

Тадбиркорлик жамғармаси томонидан қурилиш ташкилотларига кафиллик ва компенсация тўлаш муддати узайтирилади.

Бунда, кафиллик ва компенсациялар қурилаётган кўп қаватли уй-жойдаги камида 70 фоиз хонадонлар майдони 70 квадрат метрдан ошмаган тақдирда берилади.

Уй-жойлар қуриш учун, рейтингда юқори ўринларда бўлган пудратчи ташкилотларга ерни аукциондан сотиб олиш тўловини аввал 30 фоизини, қолган суммани эса 12 ой давомида бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади», дея президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тайёрлаган:  Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид