Жаҳон | 17:17 / 08.11.2020
22602
3 дақиқада ўқилади

Алиев Шуша олинганини эълон қилди. Арманистон рад этмоқда

Тоғли Қорабоғдаги Шуша шаҳри Озарбойжон қуролли кучлари назоратига ўтган. Бу ҳақда мамлакат президенти Илҳом Алиев халққа қарата мурожаатида маълум қилди.

Фото: Reuters

«8 ноябрь санаси мамлакатимиз тарихида абадий қолади. Катта фахр билан айтаманки, қуролли кучларимиз Шушани арман босқинчиларидан озод этди. Биз бу ғалабага музокаралар столида эмас, жанг майдонида эришдик. Музокаралардан маъно йўқ. Шуша бизники! Қорабоғ бизники!» – дея унинг сўзларини келтирган ТАСС агентлиги.

Шуша — Тоғли Қорабоғнинг муҳим шаҳарларидан бири бўлиб, у тан олинмаган республика маркази ҳисобланган Степанакерт шаҳридан 11 километр масофада жойлашган.

Ўз навбатида, Арманистон мудофаа вазирлиги расмий вакили Арцрун Ованнисян Алиевнинг юқоридаги баёнотидаги сўзларни инкор этиб чиққан. «Шушадаги жанглар давом этмоқда. Бизнинг армиямизга ишонинг ва кутинг», – дея ёзган у твиттердаги саҳифасида.

Бу вақтда Боку кўчаларида байрамни нишонлашни бошлаб юборишган. Алиевнинг баёнотидан кейин юзлаб озарбойжонликлар кўчаларга чиқишган.

Туркия ҳукумати ҳам Озарбойжонни Шуша олингани билан қутлаган. Хусусан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Қорабоғдаги бошқа ҳудудлар ҳам тез орада эгалланишига умид билдирган.

«Арманистон қуролли кучлари томонидан эгаллаб олинган қишлоқ ва шаҳарларни қайтариб олаётган озарбойжонлик қардошларнинг хурсандчилиги – Туркиянинг ҳам хурсандчилигидир!» – деган Эрдўған.

Туркия раҳбари стратегик аҳамиятга эга бўлган Шушанинг озод этилишини «Озарбойжоннинг босиб олинган бошқа ҳудудлари ҳам тез орада озод қилинишини англатиши»ни айтиб ўтган.

«Шуша арман оккупациясидан озод этилди. Ғалаба билан табриклайман, қадрли биродарим», – дея ёзганТуркия вице-президенти Фуод Оқтой Илҳом Алиевга мурожаат қилган ҳолда.

«Давлат байроғи куни (Озарбойжонда бу сана 9 ноябрда нишонланади) Озарбойжоннинг музаффар байроғи Шушада абадийга кўтарилади», – деган Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли.

Шунингдек, Туркия президенти маъмурияти ҳамда Адолат ва тараққиёт партиясидан ҳам табриклар келган.

  • Тоғли Қорабоғда Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар шу йилнинг 27 сентябрида қайтадан бошланди. Икки томон бир-бирини провокацияда ва кенг кўламли ҳаракатларни бошлаб юборишда айблаган. Ўтган вақт мобайнида томонлар вакиллари уч марта тинчлик сулҳи тузишди, аммо ҳар сафар ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув бузилмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар оқибатида минглаб кишилар ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид