Жаҳон | 20:18 / 18.07.2025
4754
4 дақиқада ўқилади

Россияда WhatsApp’​​ни блоклашга тайёрланишмоқда

Давлат думасидагилар WhatsApp Россиядаги фаолиятини тўхтатишига тўғри келишини айтишди. Telegram эса, афтидан, ҳозирча блокировкадан қутулиб қолади.

Павел Лисицин / РИА Новости / Sputnik / Profimedia

РФ президенти Владимир Путин 17 июл куни ҳукуматга Россия ҳукумати «нодўст» деб топган давлатларга оид дастурий таъминотдан фойдаланишга қўшимча чекловлар бўйича таклифлар тайёрлашга топшириқ берди.

Тегишли таклифлар 1 сентябр кунигача тақдим этилиши керак бўлади.

18 июл куни Думанинг ахборот сиёсати бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Антон Горелкин «WhatsApp Россия бозоридан кетишга тайёргарлик кўриши вақти келгани»ни айтди. Унинг маълум қилишича, мессенжер «катта эҳтимол билан» ҳукумат томонидан ишлаб чиқиладиган «нодўст» мамлакатларнинг дастурий таъминоти рўйхатидан ўрин олади.

Шу билан бирга, Горелкин Telegram Россиядаги фаолиятини давом эттириши мумкинлиги, чунки компания бош офиси «дўстона давлат ҳисобланган» Бирлашган Араб Амирликларида жойлашганини айтиб ўтган. «Айниқса, агар у Россия қонунчилиги талабларини бажарса ва бозорда қолиш истагини исботласа», – дея қўшимча қилган Горелкин.

Депутат WhatsApp’​​нинг бозордаги улушига Max миллий мессенжери даъвогар бўлишини тахмин қилган.

Президент администрациясига яқин бўлган икки суҳбатдош ҳамда Давлат думасидаги манба «Медуза»га WhatsApp блокланишини тасдиқлаган. «Бу 99 фоизга рўй беради. Фақат 1 фоиз ҳолатда „бошқа нимадир“ бўлиши мумкин», – деган улардан бири. У 1 фоиз билан мессенжер россияликлар орасида жуда машҳур эканини назарда тутган: «Блокировка кафолатланган норозиликни келтириб чиқаради, бу эса шусиз ҳам (ҳукуматнинг) пасайиб бораётган рейтинглари шароитида мақсадга мувофиқ эмас».

«Медуза»нинг Давлат думасидаги манбаси мессенжерлар блокланиши, шунингдек VPN рекламаси ва «экстремистик материаллар қидириш»га қарши курашни ўсиб бораётган ижтимоий норозилик билан боғламоқда. «Нархлар ошмоқда, одамлар бу ҳақда кўпроқ ўқишни истайди», – деган «Медуза» суҳбатдоши.

WhatsApp – Россиядаги энг машҳур мессенжердир. Mediascope маълумотига кўра, 2025 йил апрелида ундан ҳар куни 84 миллион киши, ҳар ойда – 97 миллион киши фойдаланган. Россия аҳолиси сони – 144 миллионга яқин.

WhataApp Meta компаниясига тегишли ҳисобланади, у урушнинг илк ҳафталаридаёқ Россия ҳукумати томонидан «экстремистик ташкилот» деб топилган. Ўшанда РФда Meta’​​га тегишли Facebook ва Instagram ёпилган, аммо ҳукумат WhatsApp фаолиятини чеклашга қарор қилмаганди (бунга изоҳ ҳам берилмаган).

Ўтган вақт мобайнида Россия расмийлари мессенжерни ҳамкорликдан бош тортган тақдирда блоклаш билан бир неча бор таҳдид қилган ва турли «қоидабузарликлар» учун жаримага тортган. 2024 йил ёзида Думанинг ахборот сиёсати бўйича қўмитасининг ўша пайтдаги раҳбари Александр Хинштейн агар WhatsApp ҳамкорлик қилмаса, «давлатнинг сабр-тоқати тугаши» ва хизмат «бутун Meta тақдири»га дуч келишини айтганди.

VK компанияси томонидан яратилган Max мессенжери агрессив реклама кампаниясини ўтказмоқда ва ўз функцияларини кенгайтирмоқда. Яқинда телеграмдагига ўхшаш каналлар пайдо бўлди. Умуман олганда, Max Хитойнинг WeChat иловасини эслатади, у ўзида мессенжер, ижтимоий тармоқ, қидирув тизими ва тўлов тизимини бирлаштиради. WeChat Хитой расмийларининг тўлиқ назорати остида бўлиб, у бир неча бор цензурада ва фойдаланувчиларни кузатишда айбланган.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид